Гул: қўшиқ, маросим ёхуд қай бири ҳақиқий бойчечак?

Болалигим Жиззах вилоятининг Қўйтош тоғларида ўтган. У ерда баҳор келиши билан тошлар ёқаси, қир этакларида бойчечаклар очиларди. Мен учун бойчечак – сариқ, бироз зарғолдоқ тусли, қушнинг тумшуғига ўхшаш илгакли гул эди. Уни терганимда бармоқларим юмшоқ, нозик баргларига тегарди. Бу гул болалигим билан боғлиқ энг илиқ хотираларимдан бири бўлган.
(Суратлар интернетдан, очиқ манбалардан олинди)
Вақт ўтиб шаҳарга ўқишга келдим, бошқа вилоятлардаги одамлар билан танишдим, ҳамсуҳбат бўлдим. Ва баҳорда кутилмаган ҳолатга дуч келдим: одамлар бойчечак деб мен билган гулни эмас, балки қор ичида униб чиқадиган бошқа бир сариқ ва турли рангдаги гулни аташарди. Тасаввурларим чилпарчин бўлди. Болалигимда терган бойчечак билан боғлиқ қўшиқлар, урф-одатлар гўё йўқолиб кетгандек туюлди. Гарчи мен эсимни таниб билган бойчечак онг остимда маҳкам ўрнашган бўлсада жуда кўпчиликнинг бойчечак деб бошқа гулни аташларига кўникиб ҳам қолдим. Болалигим бойчечагини унутаёздим.
Куни кеча Хайрулла Қиличев facebook саҳифасида: «Мана бу – ҳақиқий бойчечак! Баланд тепаликларда, намхуш чуқурчаларда эрта баҳорда гуллайди. Умри қисқа. Узоғи 15 - 20 кун яшайди. Турли минтақада бойчечакни турли гулларга қиёслашади. Аслида, мана шу бойчечак. Камёб ўсимлик бу», дея ёзиб қолдирди. Суратга тикилиб қолдим. Ҳа, бу мен болалигимда таниган, аммо кейин сира учратмаган гул эди! Гўё болалигим хотиралари қайта жонлангандай бўлди... Аслида болалигимда таниган бойчечак қандай гул, балки шу ҳақиқий бойчечакдир, балки мен янглишаётгандирман? Худди шу мулоҳазани постни ўқиган бошқалар ҳам ёзаётган эди...
Феруза Орипова: Бойчечакнинг барги пиёзнинг ингичка баргига ўхшаш нозик бўлади, буни савсан гул дейишади.
Саъдина Бобомуродова: Бизда буни Наврўзгул дейишади.
Мелек Мелек: Бойчечак бунақа бўлмайди, мен тоғда яшайман, бу бойчечак эмас, бойчечакнинг барги ингичка бўлади.
Аҳмадали Шерназаров: Ўтган йили мартда шу гулни Ғаллаорол-Жума қишлоғи оралиғидаги пастқам тоғларда учратган эдим. Суратга олиб биологларга жўнатдим, ўзим учун нотаниш бўлган бу ўсимликнинг номини билиш учун. Улар илмий манбалардан бир неча маълумот ва суратлар жўнатди. Ва у Бахмалда ҳам учрар экан.
Абдумалик Рўзиев: Бу бойчечакмас. Гулнинг ичи оқиш, гул ташқариси қорароқ рангда бўлади. Барги майда. Пиёз илдиз бўлади. Қозон синдирар ҳам дейишарди. Ёшлигимизда юлмаларинг, уйдаги қозон синади дейишарди. Энди билсам, бу табиатти асрашнинг бир кўриниши экан. Ҳозир илгари баҳор бошланишиминан қор тагидан яшнаб гуллаб турадиган бойчечакларни топиш қийинроқ бўлиб қолди.
Моҳида Нарзуллаева: Бизда бошқача эди бойчечак, қорнинг тагидан ўсиб чиқарди , худди шундай, терардик роса, расмдаги гул бойчечак эмас, у пиёз бошли бўлади. Бу гул эса илдизли – илдиздан ва уруғдан кўпаяди, илмий номини билмайман, лекин биз гвоздика деймиз. Тоғли ҳудуддан илдизидан олиб келиб кўпайтирганман, турли рангидан бор.
Қизиғи ушбу гулни ҳақиқий бойчечак деб ёзган муаллиф ҳам уни инкор қилган Саъдина Бобомуродова ҳам жиззахлик фақат яшайдиган туманлари бошқа-бошқа.
Болалигимда илк танишган гулим бойчечак ҳақидаги маълумотларни излашни бошладим: у Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўлиб Северцов бурмақораси (corydalis severzovi)деб аталаркан. Бўйи 10-20 см.га етадиган кўп йиллик ўтсимон ўсимлик. Гуллари 2-5 тадан бўлиб, қисқа шингил ҳосил қилади. Гулларининг ранги тўқ-сариқ, гуллаб бўлгач қўнғир-қизғиш тусга киради. Қоржантоғ, Писком, Угом, Чотқол, Қурама, Писталитоғ, Зарафшон, Нурота тоғ тизмаларида ва Туркистон тизмасининг ғарбий қисмида тарқалган (Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари). Тоғларнинг этакларида, пастки ва ўрта қисмидаги соз тупроқли, шағалли ва тошли ёнбағирларда ўсади. Февраль-апрель ойларида гуллайди. Ғарбий Тён-Шон ва Помир-Олой тоғларидаги ареали қисқариб бормоқда.
Демак бу гулнинг февраль ойидан бошлаб гуллашини ҳисобга олсак баҳорнинг илк элчиларидан бири. Баҳорнинг илк элчисини эса бизга бойчечак деб танитишган. Яна кўпчилик бойчечак деб таниган ва тан олинган гулнинг илмий номи эса Крокус (Crocus sativus (Saffron Crocus) – рангидан тортиб тузилишигача 80 дан ортиқ тури мавжуд.
Қизиғи юртимизда кўпчилик бойчечак деб атайдиган гулнинг яна бир турдоши борки номи – шафран, заъфарон.
Яъни бойчечакнинг баъзи турлари ҳидли ва улардан касалликларга даво сифатида фойдаланишади. Тасаввур қилинг, кўпчилик бойчечак деб атайдиган крокус нафақат илк баҳорнинг элчиси балки доривор ўт, ҳамда бир неча ранги ва тури мавжуд. Бойчечакнинг яна бир учинчиси бор, бошқа ҳудуд аҳолиси учун у гул ҳам бойчечак деб тан олинган. Бу (Gagea stipitata – ғоз пиёзи) пиёздошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт. Бўйи 7-20 см. Илдиз бўғзи барги битта, ипсимон, яшил, туксиз. Поя барглари навбат билан жойлашган. Бу гул ҳам февраль-март ойларида гуллайди. Чўл ва адирларнинг соз тупроқ, қумлоқ ҳамда тошлоқ тупроқли ерларида ўсади. Бойчечак Афғонистон ва Эронда ҳам учрайди (Википедия, эркин энциклопедия).
Хўш, нима учун бойчечакгули турли ҳудудларда турлича кўринишга эга? Уларни нима учун адаштиришади? Сабаби оддий – ҳар уч турга мансуб гуллар бир пайтда очилади, ҳар уч гул ҳам қор тагидан бош кўтаради.
Тилшунослик нуқтаи назаридан қаралса, гул номлари халқ оғзаки ижоди ва турли диалектлар таъсирида ўзгаради. Турли минтақаларда гулларнинг номлари халқ мақоллари, табиатга оид фольклор ва шифокорлик анъаналари орқали шаклланган. Жиззахдаги «бойчечак» тушунчаси билан бошқа вилоятлардаги «бойчечак» тушунчаси мос келмаслиги ана шундан келиб чиқади.
Маҳаллий номлар аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга, чунки улар орқали табиат билан боғлиқ тажрибалар авлоддан-авлодга узатилади. Бироқ, ботаника фанида аниқлик талаб қилинади. Шунинг учун турли ёндашувларни ҳам тушуниш ва ўзаро уйғунлаштириш муҳим.
Айрим маҳаллий аҳолининг фикрларига эътибор берсангиз улар Северцов бурмақораси (corydalis severzovi)ни бойчечак деб аташларини ва крокус – шафран, заъфарон (Crocus sativus (Saffron Crocus) туркумидаги гулни ҳеч қачон учратмаганликлари, баъзилар эса бурмақора ёки gagea stipitata – ғоз гулини билмасликларини айтишади. Лекин барча учун «бойчечак» дегани – болалик хотиралари, баҳордаги илк сайрлар ва қишдан кейинги қувонч рамзи.
Бойчечакнинг этимология ва маъносига эътибор берсак «Бойчечак» сўзи икки қисмдан иборат: «Бой» – бойлик, серҳосиллик, кўпчилик маъноларида ишлатилади. «Чечак» – гул, гуллаган ўсимлик маъносини англатади.
Гўёки бойчечак сўзи табиат уйғониши, баҳорнинг биринчи гуллари ва ернинг ҳосилдорликка тайёрланиши билан боғлиқ рамзий маънога эга. Ўзбек халқ қўшиқларида бойчечак нафақат баҳор гули, балки ёшлик, муҳаббат ва умид рамзи сифатида ҳам учрайди.
Ўзбекистон миллий энциклопедияси (2000-2005)да берилган манбага кўра – «бойчечак» мавсумий маросим қўшиғи. Туркий халқларда қадим замонлардан катталар, кейинчалик болалар томонидан куйлаб келинган. Болалар эрта баҳорда дала ва боғлардан бойчечаклар териб, ундан гулдасталар ясаганлар, тол навдаларидан чамбарлар қилиб, бошларига кийганлар ҳамда гулдасталар кўтарган ҳолда уйма-уй юриб, «Бойчечак» қўшиғини айтганлар, уй эгаларига гуллар улашганлар. Болалардан бири асосий тўртликларни куйлаган, қолганлари нақаротни жўр бўлиб ижро этишган. Шу тариқа уй эгаларидан совға-саломлар олишган.
Бойчечак қўшиқларида деҳқонлар экин-тикин ишларини бошлашга, чорвадорлар чорвасини қишловдан яйловга кўчиришига даъват қилинган. Кўкламга хос табиат ҳодисалари, халқ анъаналари шавқ-завқ билан тараннум этилган:
...Бойчечагим боласи,
Қулоғида донаси.
Донасидан бермаган,
Марги унинг онаси...
Жиззахнинг Чувиллоқ қишлоғидан фоторепортаж тайёрлаган журналист Холида Мусулмон қишлоқда бир ойда кузатилган икки фасл тароватини кадрларга муҳрлади ва ўзи ишлайдиган «Gazeta.uz» сайтида суратлар билан мақола эълон қилди. Мақолада у бойчечак ҳақида антиқа удумни эслатиб ўтган: «Қишлоқда бойчечак билан боғлиқ бир одат бор: одамлар биринчи кўрган бойчечагини оёғи билан янчади.
фото:«Gazeta.uz»
Бу одат халқ тилида: «Бойчечак инсонга узоқ умр тиламас экан, «бир йил олдин ҳам сени кўрган эдим, ҳали ҳам тирикмисан?», дея ёмон ният қиларкан», – дея изоҳланади.
Бу одат халқ қўшиқларида ҳам куйланади:
Бойчечакни тутдилар,
Тут ёғочга осдилар.
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.
Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак...
Мен авваллари бу одатни тушунмасдим. Эзилган ва эзилаётган бойчечакларга жуда раҳмим келар ва йиғлардим. Ҳозир эса бу одат мантиғини тушунгандекман. Қиш – машаққат, баҳор – омонлик, бойчечак эса машаққат ва омонлик ўртасидаги восита, қишдан чиққан одамлар яхши кунларга етиш учун совуқ ният қилувчи гулни янчиб, ўзига умр тилайди. Зеро, халқ ҳамиша тўкин-сочин, ёруғ кунларда узоқ умр кўришни орзу қилган...»
Жуда кўп жойда бойчечак билан боғлиқ маросимларни мавсумий маросим деб тафсифланган.
Абдурашид Кузибаев эса ушбу гул ҳақида шундай ёзади: «...Баҳорда очиладиган бойчечак билан боғлиқ маросим қиш узоқ чўзилиб, кўклам келиши интиқлик билан кутилгани учун ўтказилган. Бойчечак маросими тоғ бағрида, қир-адирларда, боғларда ўтказилган. Маросим тантанали ўтса, унда куйланувчи қўшиқлар кўкламга аталган ва уни улуғловчи қўшиқлар куйланса, қиш шунчалик тез хонадонларни тарк этади дейишган. Баҳорнинг илк гули бойчечак эса хонадонларга шод-хуррамлик, бахт ва омад, тўкинлик ва барака олиб келади деб тасаввур қилинган.
Болалар бойчечакни қўлига тутиб уйма-уй юришган, хонадонлардан қишни ҳайдаганлар. Хонадонларга «Бойчечак» қўшиғини куйлаб, гул улашиб, баҳор келганидан хабар берганлар. Хонадон эгалари бойчечак келтирган болаларга қишни қувиб ҳайдаб, уйига кўкламни олиб келгани учун совға-салом улашишган. Хонадон соҳиблари бойчечакни кўриб қувонганлар, бойчечакни кўзларига суртиб, юртга тинчлик ва хотиржамлик, қут-барака тилашган. Бойчечакни кўриб қувониш, уни кўзига суртиш кўклам ва бойчечакнинг ғалабасини, қиш тугаб, баҳор бошланганини билдирган...»
«Шарқ юлдузи» журнали (2017 йил, ноябрь)да Маъмура Зоҳидованинг «Бойчечак» – баҳор қўшиғими?» сарлавҳали мақоласида эса ҳаммасидан қизиқ маълумот, яъни ҳақиқатга яқин топилмага дуч келдим. «Бизнингча, кўпчилик сўзини яхши биладиган «Бойчечак» қўшиғида бойчечак сўзи гул маъносида эмас, фарзанд, янги туғилган гўдак маъносида келаётир... Болани бешикка боғлаш жараёнлари миллатимиз вакиллари яшайдиган ҳамма жойда деярли бир хил маросимлар билан амалга оширилиши ҳам маълум.... Зукко халқимиз бойчечак сўзининг туб маъносига ёндашиб, уни бойнинг боласи, яъни чақалоқ сифатида эътироф қилган. Қўшиқнинг бирор сатри шунчаки, қофия учун эмас. Ундаги бирор сўз вазн учун, шеърнинг ўйноқилигини таъминлаш учун қўлланмаган. Шеърда шундай сатрлар тизилганки, ижро этилганда тинглагувчи мушоҳада ва эътибор қилиб кўрса, бу қўшиқда Инсондек олий хилқатни дунёга келтириш қийин бир жараён эканига зимдан ишора қилинганини англайди. Инсонни дунёга келтириш истаги бу – шунчаки истак эмас, унинг аввалида муҳаббат, ишонч, қалблар боғлиқлиги кабилар кафил бўлади, бу истак аждодлар ўзлигини бир даврдан бошқа даврга елкада олиб ўтиш масъулияти билан йўғрилган, ўзидан зурриёт қолдиришдек буюк орзу билан суғорилган тоза қалб истагидир .Энди қўшиқнинг ҳар бир сатрида яширинган маъно тўғрисида тўхталамиз:
Бойчечагим бойланди.
Чақалоқ бешикка боғланди.
Қозон тўла айронди.
(Бунда боланинг ризқи, онанинг сутига ишора қилинаётир).
Айронингдан бермасанг,
Қозон-товоғинг вайронди.
Одатда, илк бор бешикка боғланган гўдак ҳамма ёқни остин-устун қилиб, чинқириб йиғлайди. Бешикка ҳозиргина боғланган чақалоққа онаси дарҳол сут бериши керак. Юқоридаги сатрларда шунга ишора бор.
Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак.
Бу сатрларда инсоннинг дунёга келтирилишига ишора қилинади. Она танасида қаттиқ суяклар бор, лекин бола туғилишда қаталоқлаб (ўқалоқлаб) чиқади. “Қаталаб” сўзининг мазмунига эътибор қиламиз: Бу сўз аслида ҳайвон терисидаги сўнанинг қурт чиқаришини англатади. Қаталоқлаш – бу ўқалоқлаш, яъни қурт чиқариш деганидир (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Т., 2008. 5-қисм. 188-бет). Қаталоқлаш – ўқалоқлаш демакдир (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Т., 2008. 5-қисм. 259-бет).
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.
Бунда боланинг она қорнида бир марта юмалаб, кейин дунёга келишига ишора қилинади.
Бойчечакни тутдилар.
Момоларимиз болани бешикка белашдан олдин унинг кураги ёпишиб қолмаслиги учун билаги аралаш елкасидан тутиб, бир неча марта силкиб оладилар.
Тут ёғочга осдилар.
Болани тут ёғочидан ясалган бешикка ётқизилишига ишора қилинади.
Қилич билан чопдилар.
Бунда эса боланинг қўл-оёғини маҳкам ушлаб туриш учун махсус тикилган қўлпеч ва оёқпечлари билан боғланганида бола тепадан қараганда бўлинган каби (қилич билан чопилган каби) кўринишига ишора.
Бахмал билан ёпдилар.
Бешик устига ёпиладиган махсус ёпқичнинг бахмалдан тикилишига ишора.
Бойчечагим ҳуллоли.
Ҳулла сўзи нозик, нафис мато ҳамда шу матодан тикилган кийим (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” Т., 2008 5-қисм. 561-бет), тўсиқ, парда ва шу кабиларни англатади. Бола халқимизда алоҳида, ўзгача эъзозда. Бешикнинг ёпқичи устидан ҳарир матодан безама тикилган. Бу устлик ёки ёз фаслларида ёпқич вазифасини ҳам бажарган.
Ҳамён-ҳамён тиллоли.
Бу мисранинг сўзлари эса ҳаммасидан ҳам ўтадиган ажойиб топилма. Биламизки, бешикда боланинг безовталанмай, қуруқ ётиши учун махсус ёғоч мослама ва сопол тувак ишлатилади. Халқимиз бу ўринда ўзининг буюк кашфиёти бўлмиш бешикнинг оддий сўзда айтилавермайдиган, лекин барчага бирдек маъқул бўлган хусусиятларига ишора қилади. Яъни ҳамён – бу бешикдаги тувакдир…
...Ҳамма бозор – бир бозор,
Бозор сўзи бешикнинг ўзидир. Қўшиқ сўзларида ҳеч бир тимсол ўз номи билан келмаган. Бу эса халқимизнинг нозик диди, ҳаёю имонидан дарак беради.
Атрофлари лолазор.
Бу сатрда эса бешикнинг ёғочлари, қабзаси гул ва лолалар тасвири билан безатилишини англатади.
«Бойчечак» қўшиғи аввал-қадим яралишида болаларнинг баҳорда айтадиган илк қўшиғи бўлмаган. Бироқ бойчечакни кўтариб уйма-уй юриш удумларининг пайдо бўлиши ҳам бежиз эмас. Халқ тоза ниятларни қалби пок, беғубор болалар айтишларини истаган…
…Бугунги кун дарсликларига «Бойчечак» фольклор намунасининг мавсум қўшиғи эмас, маросим қўшиғи эканлигини қайд этиш жоиз деб ҳисоблаймиз.»
Қаранг, биз қирлардан терган илк гул бойчечакнинг қанча тури бор, қанча илмий номи бор-а. У билан боғлиқ бир-биридан қизиқ удумлар, маросимларни айтмайсизми? Ростдан ҳам баҳсталаб мавзу. Айниқса у билан боғлиқ халқ оғзаки ижодининг сир-саноатлари-чи? Ҳа бу баҳснинг аниқ ғолиби йўқ...
Мақола ёзиш асносида болалигим бойчечаги ҳақидаги тасаввурларим бойиди. Илгари мен бойчечак деганда бошқа гулни кўз олдимга келтирар эдим, лекин энди ҳақиқий бойчечак крокус бўлиши мумкинми, деган савол туғилади. Балки биз турли минтақаларда турли номларни ишлатганимиз сабабли бу тушунчалар аралашиб кетгандир? Бойчечакнинг мавсумий маросимдан ҳам кўра алоҳида бешик маросимига ҳам боғлиқлик жойи бормикан деб ўйлаб қолдим? Балки бойчечак атамасининг гулга умуман алоқаси йўқдир?
Сиз-чи, сиз учун бойчечак қайси гул? Мақолани ўқиганингиздан сўнг гул ва у билан боғлиқ қўшиқ ҳақида ўйлаб қолдингизми? Ахир гулни қилич билан чопишдан ёки толёғоч (симёғоч)га осишдан нима маъно бор?
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter