Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Янги ҳоким эски ҳокимни тан олмайди» – Кушербаев

«Янги ҳоким эски ҳокимни тан олмайди» – Кушербаев

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида фаолият олиб борадиган тадбиркор Ҳ. Қиличовага Чироқчи тумани ҳокимлиги ундан харид қилган 100 дона планшет учун 235 млн сўм қарзини тўлаб бермаяпти.

Маълум бўлишича, 2022 йил февраль ойида Чироқчи тумани ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Э. Бобоқулов тадбиркордан планшетларни харид қилиб, пулларини 2 кунда ўтказиб беришини айтади. Аммо тадбиркор шу кунга қадар пулларини ололмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, ушбу масала жорий йил 13 июндаги Яккабоғ туманлараро иқтисодий судининг тегишли ажрими билан тадбиркор фойдасига ҳал бўлган, аммо Чироқчи туманига янги ҳоким бўлиб келган Н.Эркаев тадбиркорга пулни тўлаб бериш бўйича суд қарорини бажариш ўрнига уни муҳокама қилиб, очиқчасига инкор қилмоқда.

Энг қизиғи, амалдаги туман ҳокими планшетлар собиқ ҳоким даврида сотиб олинган, шу боис тўловни унинг ўзи қилиши лозимлигини айтган (Чироқчи туманининг собиқ ҳокими Ҳ.Жўраев ҳозирда Кўкдала тумани ҳокими вазифасида ишлайди, -таҳр.).

«Янги ҳокимнинг эски ҳокимни тан олмаслик касали янгилик эмас. Афсуски, бу Ўзбекистондаги давлат бошқарувида тез-тез кузатиладиган тенденция. Ва бунинг бош сабаби қонунларга итоатсиз, зўравон, билим ва дунёқараши паст кадрларнинг бошқарувга келиб қолиши билан боғлиқ.

Янги Ўзбекистон шароитида ҳам шундай дунёқарашли кадрларнинг юқори ва масъулиятли ҳоким лавозимида сақланиб қолаётгани ачинарли», – деб ёзади Кушербаев. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг