Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимликнинг «эски дарди» қўзияптими? Марғилондан шикоят келди

Ҳокимликнинг «эски дарди» қўзияптими? Марғилондан шикоят келди

«Xabar.uz» таҳририятига Марғилон шаҳрида ҳокимлик вакилларининг кўзбўямачилликка йўл қўйишаётгани ва ташкилотларга касбига алоқадор бўлмаган топшириқлар юкланаётгани юзасидан шикоят келди. Исмини очиқламасликни сўраган нома эгаси қуйидагича ёзади:

«Ассалому алайкум. Чарчамай ишлаяпсизларми? Бир масалада ёзмоқдаман. Шаҳримиздаги қурилиш ва ободонлаштиришга шу ишларга алоқаси йўқ ташкилотларни ҳокимият томонидан ишчи гуруҳга қўшиб қўйишлари жуда бездириб ташлади.

Эрталабдан кечгача шу ишлар кетидан юриб, яна кечга ҳокимиятда бажарилган ишлар бўйича ҳисобот беришимиз керак. Уйма-уй юриб аҳолига уйини шаҳарсозлик нормаларига мос равишда қайта қуришлари ҳақидаги ташвиқот ишлари олиб бориш жонга тегди.

Ахир кимга ёқади уйига бегона одам келиб, буни буз, мана бу ерга мажбуран қурасан, қурмасанг бўлмайди дейиши. Кейин ўйланг: бузиш-қуришга мажбурлаётган шахслар Марғилон шаҳри ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари зиммасига юклатилмоқда! Ҳокимлик ташкилотлар ходимларига ўзини ходимидек мажбуран иш юклатаётганидан далолат. Ташкилотдан сўраб ҳам ўтиришмайди, ҳокимиятдан бўйруқ чиқариб, қандайдир ишчи гуруҳларга қўшиб, ташкилотларни хоҳлаган ишларига йўналтиришади.

Марғилон шаҳрида бирор бир тадбир бўлади дейилса, ташкилотларнинг шўри. Эрталабдан кечгача қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйнимизда.

Мана шу жадвал шу ҳафтада берилган охирги топшириқ. Бу дегани – ишлар якуни апрел-май ойларигача мўлжалланган. Сабаби шу ойларда Фарғона вилоятига, шу жумладан, Марғилон шаҳрига Президент ташрифи кутилмоқда. Ғирт кўзбуямачилик. Жадвалдаги кўчаларни аксариятида йўл кенгайтирилиб, уйлар сносга тушиб, қайта қурилган. Айримларида ҳали қурилиш бошланмаган ҳам. Уйлар қиш мавсумида қурилиши тўхтаб қолган ёки маблағлари тугаб тўхтаган. Шу уйларнинг ҳар бирига ҳар куни кирилиб, «қурилишни бошла» ёки бошлаган бўлса «тугат» деб тарғибот қилиб юрибмиз. Бизни бундай ишларга ваколатимиз бўлмаса ҳам».

Нима дейишга ҳам ҳайрон қоласан киши. Сўнгги йилларда меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, ходимларни ваколатга кирмайдиган ишларга жалб қилиш ҳолатлари давлат раҳбари томонидан ҳам, бош вазир томонидан ҳам бир неча бор қаттиқ қораланди.

Ҳатто Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилди.

Хусусан, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно) учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима белгиланди (аввал БҲМнинг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда эди).

Шунча саъй-ҳаракатлардан кейин ҳам айрим мулозимларнинг «эски дарди» қўзиётгани ачинарли ҳолат. Қачондир бундай кўзбўямачиликлардан халос бўла оламизми?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг