Иш жойидаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш тартиби белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 505-сон қарори билан меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тасдиқланди.
Низомга кўра, бахтсиз ҳодиса юз берганда иш берувчи жабрланувчига зудлик билан шифокордан олдинги биринчи ёрдамни кўрсатиши ва зарур бўлса, уни тиббий муассасага олиб бориши керак.
Шунингдек, иш берувчи тегишли орган ва ташкилотларни, жабрланувчининг яқинларини хабардор қилиши лозим. Бахтсиз ҳодиса ҳақида жабрланувчи ёки гувоҳ дарҳол бўлинма, яъни цех раҳбарига хабар бериши керак.
Цех раҳбари биринчи ёрдам кўрсатиши ва жабрланувчини тиббий-санитария қисмига ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказишни ташкил этади.
Шунингдек, махсус текширув комиссияси ишни бошлагунига қадар иш жойидаги вазият ва жиҳозлар ҳолатини ҳодиса вақтида қандай бўлган бўлса, шундайлигича сақлаб қолиши шарт.
Цех раҳбари бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчига ҳамда касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига дарҳол хабар бериши керак.
Гуруҳли бахтсиз ҳодисалар, яъни бир вақтнинг ўзида икки ва ундан зиёд ходим билан юз берган ҳолатлар махсус текширилади. Бунда жабрланганларнинг саломатлигига етказилган зарар оғирлигидан қатъи назар текширув ўтказилади.
Оқибати ўртача оғир ёки оғир бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳам махсус текширувдан ўтказилади. Ўлим билан тугаган ҳодисалар учун ҳам шу тартиб қўлланилади.
Айни пайтда табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жиноят содир қилиш вақтида олинган жароҳатлар текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter