Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

«Жимлик» эпидемиясидан огоҳ бўлинг!

«Жимлик» эпидемиясидан огоҳ бўлинг!

Бугун смартфон ва бошқа гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бўлган. Том маънода, биз уларсиз яшай олмайдиган бўлиб қолдик, туну-кун ажралмас ҳамроҳимизга айлантирдик.

Афсуски унинг инсон саломатлигига қанчалик зарари бор-йўқлиги ҳақида кам бош қотирамиз. Узоқ олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, авваламбор мобиль телефонлари қайсидир миқдорда электромагнит нурланиш манбаидир. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, у бутун организмга — бош мия қобиғи, юрак ва жинсий тизимга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Телефонда соатлаб гаплашиш сурункали бош оғриғига сабаб бўлиши ва ундаги касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар турли касалликларни чақириши мумкин экан. Ҳатто баъзи манбаларга кўра, мобил телефон юзасидаги бактериялар, унитаз гардишидагидан кам бўлмас экан.

Шунингдек, яна бир факт: телефонларнинг айниқса, болалар учун хатари кучли. Маълумотларга кўра, боланинг бош мияси электромагнит энергияларини катталарга қараганда кўпроқ ютади. Шу боис, уларнинг ақлий ривожланиши учун масъул ҳисобланган бош мия бўлмачалари ҳам электромагнит тўлқинлари таъсиридан зарар кўриши мумкин. Биз эса билиб-билмай шу «ўйинчоқ»ни  болаларимизга уларни вақтинчалик овутиниши учун бериб қўямиз. Аммо бу овунчоқнинг  зарари, бугун бўлмаса-да қачондир «иситмаси» ошкор этишини, афсуски, ўйламаймиз.

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда мобил телефонлар аҳоли, айниқса, ёш болалар ўртасида хавфли кўз касаллиги – миопиянинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, шифокорлар телефондан узоқ вақт фойдаланиш боланинг руҳий ҳолати ва ижтимоий мослашишида ҳам жиддий муаммоларга олиб келишини таъкидлаяпти.

Юқоридаги қайдлар, масаланинг бир томони бўлса, яна бир муҳим жиҳат — телефон ва у билан ўтаётган ҳар лаҳзамиз, яқинларимиз дийдоридан чалғитувчи, улардан узоқлаштирувчи омилга айланиб  бораётгандек. Шунингдек, вақтимизни ва онгимизни ўғирлаётган телефондаги кўнгилочар тармоқлар, манбалар — оила даврасидаги файзли шукуҳга соя солаётгандек.

Бугун шу «овунчоқ» сабаб спорт майдонлари, истироҳат боғлари гавжум эмас, кафе ва ресторанларда, ҳаттоки чойхоналарда ҳангомалар, кулгу жаранглари камайиб, ноодатий «жимлик» эпидемияси ҳукмрондек. Чунки одамларнинг эътибори қўлидаги телефонга тобелашиб бормоқда. Афсуски, бу «жимлик» баъзан оилаларимизга  ҳам кўчмоқда ва бу сукунат дамлар — умр деб аталган ғанимат онлар бадалидан сарфланмоқда.

Шундай экан, огоҳ бўлайлик: бугун кеч бўлмасидан оиламиздаги, дўстлар ва яқинлар даврасидаги ўша «жимлик» лаҳзаларини бузайлик ва телефон  маҳкум этаётган «эпидемия»дан вақтида халос бўлайлик!

Шуҳрат Нормуродов 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг