Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жонивор қўшни давлатдан кириб келаётган оғуни фош этди

Жонивор қўшни давлатдан кириб келаётган оғуни фош этди

Республикамиз божхоначилари томонидан гиёҳвандлик воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишига қарши тезкор чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг «Сариосиё» чегара божхона постига жорий йилнинг 25 август куни тунги соат 3:30 ларда қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги «Merсedes-Benz» русумли юк автотранспорт воситаси кириб келади.

Бир қарашда қонунбузарлик аломатлари кўзга ташланмайди. Ҳайдовчи ҳужжатларда кўрсатилганидек, автотранспорт воситасига 20 тонна оғирликдаги ип калава юкланганини маълум қилади.

Аммо божхона ходимларининг ҳушёрлиги сабабли ушбу автотранспорт воситасининг тиркамаси белгиланган тартибда хизмат ити кўмагида божхона кўригидан ўтказилганида, тиркаманинг олд томони пастки қисмига хуфёна тарзда жами 93 дона полиэтилен ўрамлар яширилгани фош қилинди.

Мазкур ўрамлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида эса яшил ва қизил ранглардаги 82 та ўрамга 85 кг 505 г оғирликдаги «героин» ҳамда 11 дона сариқ рангли ўрамга 11 кг 425 г оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик воситаси жойланганлиги маълум бўлди.

Шундай қилиб, мазкур ҳолатда жами 96 кг 930 г оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг республикамиз ҳудудига яширинча олиб кирилишининг олди олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Таъкидлаш жоизки, республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 300 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида оғирлиги 260 килодан зиёд гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг