Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади

Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги тармоғида кетма-кет «емаган муносабат»лар эълон қилинди.

«Ўзбекча «тақдир ҳазили» ёки Самарқандаги «адаш»  кўчалар» мақоласи 6 июнь куни чоп этилди. Мақолада Самарқанд шаҳрида қатор ҳолатларда кўча номлари такрорланиши муаммоси олиб чиқилган.

Муаллиф ўзи бевосита гувоҳ бўлган воқеадан бошланадиган таҳлилий мақола, иши манзиллар билан боғлиқ мутахассислар берган маълумот ва фактлар билан тўлдирилган. Мақолада реестр ва шаҳар харитасидан скриншотлардан фойдаланилган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг расмий телеграмм каналида расмий «Xabar.uz»да эълон қилинган мақолага кетма-кет икки муносабат эълон қилинди ва айтиш мумкинки, «касалини яшириш»га уринилган муаммонинг бошқа жиҳатлари очилиб қолди.

Камига дастлабки муносабатни топонимик комиссиянинг умумий фаолияти учун ҳисоб беришга ваколати бўлмаган Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати берган.

У шундай бошланади: «Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги OʻRQ-303-сон Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги VM-295-сон қарори асосида республикада мавжуд барча географик объектларни номлаш ва қайта номлаш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади».

Унда топонимик комиссиянинг нима кераги бор? Аслида қарорга кўра, географик объектларга ном қўйиш ёки қайта номлаш таклифи аввало туман, шаҳар ҳокимлиги қошидаги махсус топонимик комиссияга келиб тушади. Кадастр агентлигига эмас! Таклифлар тарихни, этнографияни, таниқли шахслар ҳақидаги маълумотларни, сўзлар  этимологияси, ўзбек тили нормаларини чуқур билган мутахассислар томонидан муҳокама қилинади, янги номларнинг жойларга мувофиқлиги ўрганилади.  

Кадастр хизмати қачондан буён шунча масъулиятни бўйнига оладиган бўлди?

Кейин республика эскпертизасида жараён давом этади. Халқ депутатлари кенгаши қарори чиққанидан сўнггина жараёнга қатнашиш навбати кадастр хизматига етади. Яъни жой номи реесстрда базага киритилади ва харитада акс эттирилади.

Мақолада Самарқанд шаҳар топонимик комиссияси раиси ўринбосари сифатида ўзини таништирган Норбек Алкаров топонимия йўналишидаги ишлар оқсашини Кадастр хизмати билан боғлаган: «2022 йилда қатор кўчалар қайтадан номланган қарорни уларга юборганмиз. Лекин, бир қисм иш бажарилган бўлса-да, 25 та кўча ҳануз базага киритилмаган ва хариталарда акс эттирилмаган» деди мулозим. Кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси матбуот хизмати масъулнинг ана шу маълумотини ёлғон сифатида талқин қилади.

«Xabar.uz»да Алкаров берган маълумотларнинг аудиоёзув талқини бор. Айнан шу сабабдан Норбек Алкаров 25 та кўча номи билан боғлиқ гап асосга эга эмас, деган даъвони биринчи раддиядан деярли сўзма-сўз кўчирилган ўзининг баёнотида (иккинчи муносабатда) такрорлай олмади. 

Хўш, ҳоким маслаҳатчиси иккинчи муносабатни нега эълон қилди? Унга  Кадастр агентлиги матбуот котиби билан биргаликда тайёрлаган раддиясини Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси номидан беришда бошқарма қанчалик ваколатли деган савол ташланди. 

Алкаров хатосини тузатиш мақсадида иккинчи муносабатни, асосий фактлари биринчисидан шундоққина кўчирилган матнни яна шаҳар ҳокимлиги тармоғида ўз номидан эълон қилди.

Иккала муносабатда ҳам, айрим жузъий фарқларни айтмаганда, айни бир хил фикр билдирилган. Самарқанд шаҳрида топонимия соҳасида қилинган ишларнинг зўр эканини 2022 йил апрелидаги ҳужжатлар билан асосламоқчи бўлишган. Бугун биз 2023 йилнинг иккинчи ярмида яшаяпмиз. Шу ўринда, ўз-ўзидан, бир йилдан ортиқроқ вақтда нима ишлар қилинди, деган савол ўртага чиқади.

Энди мақолада кўтарилган энг асосий масалага қайтсак.

Муаллиф мақола бошиданоқ ўзи орқали кечган фактларни тақдим қилади. Хат манзили тўғри кўрсатилган, лекин эгасига етиб келмаяпти. Чунки, Самарқанд кўчаси, ... инчи манзил кўҳна шаҳарда битта эмас, шу сабаб хат бошқасига кетиб қолган. Бу тўқиб чиқариладиган гап эмас!

Мақолада аниқ ҳудудлар, манзиллар айтилаяпти. Бир эмас, бир неча почта ходимлари кўча номлари такрорланишидан пайдо бўлаётган муаммоларни кўтаряпти. Ҳоким маслаҳатчиси таҳлилий мақола эълон қилинган кунда қўнғироқ қилиб «Қаердаги, кўчадаги почтальонлар билан гаплашиб ёзаверадими?» деган гапни айтган. Биринчидан, почта ходимлари кўчадаги қандайдир одамлар эмас. Улар манзиллар такрорийлигидан энг кўп азият чекаётган соҳа вакиллари. Қолаверса, таҳририят маълумотларни тақдим қилиш учун ҳокимият вакилларига ҳам имкон берди...

Норбек Алкаров ёзишича: «Самарқанд шаҳрида такрор номли кўчалар мавжуд эмас». Лекин, айрим ҳолларда аввалдан қолиб кетган кўча номлари ёзилган тахтачалар ёки алоқа бўлимида қолиб кетган эски кўча номлари натижасида сунъий такрор кўча номлари чиқаётган бўлиши мумкин, эмиш.

Шуни таъкидлашни истар эдик, агар номлари ўзгартирилган кўчалар, муаллиф айтгандек сунъий равишда сақланаётган бўлса, бу ҳам Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг айби бўлиб чиқади. Олдириб ташланмаган, янги номлар ҳақида хабар берилмаган, назорат қилинмаган!

Мақолада аҳоли такси буюртма беришдаги ноқулайлик назарда тутилиб, такси хизмати харитасидан скриншотлар берилганди. Раддиячиларнинг ёзишича, Гугл, Яндекс хариталаридаги ёзувлар ҳам эски эмиш. Шунда биз бугун Ўзбекистон бизнес маълумотлари жамланган Golden pages порталидаги Самарқанд вилоят Кадастр агентлиги бошқармаси саҳифасида берилган харитадан фойдаланамиз. 

Қизиғи, ушбу саҳифада ҳам Яндекс харитаси хизматидан фойдаланилган. Ёзилишича, саҳифа 2023 йилда янгиланган.

Раддияларда мақоладаги фактларга қарши далил-исбот келтиришга уринилади.   

«Давлат реесридаги такрор кўрсатилган кўчалар, яъни Самарқанд кўчаси фақат халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг 2021 йил 23 августидаги ... қарори билан «Ёшлик» МФЙ ҳудудидаги кўчага берилган.  Техник хато туфайли давлат реестри базасига такрор киритилган. Бу ҳолат бартараф этилди».

Мен не дейману, қўбизим не дер. Агар мақола муаллифи 15 йилдан буён Самарқанд кўчасида яшашини ёзмаганда эди, шаҳарда бошқа Самарқанд кўчаси йўқлиги, реестрдаги маълумот эса  «техник хато»лигига ишониш мумкин эди. Келинг, яхшиси, Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси саҳифасидаги харитадан «адаш» кўчаларни топайлик. 

Самарқанд кўчалари

Самарқанд кўчасининг бири «Ёшлик»  маҳалласи, бошқаси «Афросиёб» маҳалласи ҳудудида жойлашган. «Бизда такрор номли кўчалар йўқ» деб қанчалик чиранишмасин, шу кўчалар номи билан расмий идораларга мурожаат қилишади, хат ва жўнатмалар йўллашади, маълумотномаларда шу манзиллар кўрсатилади.

Муносабат матнидан яна бир иқтибос эътиборимизни тортади:

«Академик Ҳабиб Абдуллаев номи Самарқанд вилояти ҳокимининг 28.12.1994 йил 565-q-сонли қарори билан Абу Али Ибн Сино кўчасидан Ислом Каримов қабригача бўлган кўчага берилган. Шаҳар ҳудудида бошқа Академик Ҳабиб Абдуллаев номли кўча мавжуд эмас».

Бу Самарқанд шаҳар ҳокими маслаҳатчисининг гаплари! Биринчидан 1994 йилда Ислом Каримов ҳали ҳаёт эди. Иккинчидан, бу кўчага ҳеч қачон Академик Ҳабиб Абдуллаев номи берилмаган. Матн парчаси шу шаклда, такрор-такрор (кадастрчилар муносабатида ҳам) шаҳар ҳокимлиги тармоғида турибди (!)

Ҳазрати Хизр масжидидан Самарқанд аэропортигача бўлган кўча Академик Воҳид Абдуллаев номи билан аталиб келинган. Кўчанинг аэропортга туташган катта қисми, (жумладан, инсон ҳалокати билан боғлиқ фожиадан сўнг ноқонунийлиги маълум бўлган қурилиш жойи ҳам) негадир Ибн Сино кўчаси таркибига ўтказилди. Самарқанднинг етук фарзанди Воҳид Абдуллаевни билиш учун, ҳеч бўлмаганда, озгина билим, озгина фаросат керак. «Техник сабаб» деган важ бу ерда қўл келмайди.

Академик Ҳабиб Абдуллаев номидаги кўча эса Самарқанд Давлат архетектура ва қурилиш институти яқинида жойлашган. Иккинчи кўча эса шундоққина Абдуллаев кўчаси қилиб ўзгартирилиб, гўё такрорлаш бартараф этилган.

«Ўзбекча "тақдир ҳазили" ёки Самарқанддаги "адаш" кўчалар» мақоласида Нодирабегим ва Моҳларойим Нодирабегим айни бир шахс бўлгани учун бундай номли кўчалар такрор ҳисобланиши таъкидланган.

Расмий муносабатда ёзилишича, Моҳларойим Нодирабегим кўчаси бору, лекин унинг тор кўчасига Нодирабегим номи берилган. Мулозим қайд этган кўча деб Самарқанд ветеринария медицинаси институтига туташ Нодирабегим кўчаси кўрсатиляпти. Бу ердаги Нодирабегим (реестр бўйича Моҳларойим Нодирабегим) кўчасида тор кўчанинг ўзи йўқлигини раддия муаллифи англайдими?

Маълумот учун: Самарқанд ветеринария медицинаси институти янги шаҳар ҳудудида  жойлашган бўлиб, бу ерда бинолар Европа услубида қурилган. Шу сабаб бинолар оралиғида тор кўчалар эмас, балки катта, яхлит, боши берк бўлмаган, ўтиш йўли бўлмаган кўчалар мавжуд.

Тор кўчаси бўлмаган Моҳларойим Нодирабегим кўчаси

Бу кўча 1992 йилга қадар Бусигин номи билан аталган. Мустақилликкача Самарқандда Нодирабегим номидаги кўча бўлмаганми? Бўлган. Найман маҳалласида Нодирабегим кўчаси бўлган, унда тор кўча бор.

Зебинисо ва Зебинисобегим номидаги кўчалар ҳақида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Ўрни келганда реестрда, яна бир «Зебунисобегим – Аврангзеб қизи» деган кўча номи ҳам пайдо бўлганини яна бир марта эслатамиз.

Яна бир эътироз: «Али Қушчи номи Самарқанд вилояти ҳокимининг 1994 йил 28 декабрдаги... қарори билан Суғдиёна массивидаги кўчага берилган. Мақолада кўрсатилган Сўзангарон томонда Али Қушчи кўчаси мавжуд эмас».

Машъал маҳалласидаги кўчага Алоуддин али Қушчи номи берилгани, аниқроғи аввалги номига «Алоуддин» сўзи қўшилганидан хабардормиз. Шунингдек, яна бошқа ўнлаб ҳолатларда «Мавлоно», «Абу», «Бегим» каби сўз ва қўшимчалар билан такрорнинг моҳияти ўзгармаслигини аввало жой номларини қўйишга масъул бўлганлар билишлари керак. 

Мақолада «Беклар» ва «Бекҳо» каби икки тилдаги бир хил маънодаги сўзлар ҳам такрордир деб айтилган. Раддияда бу атамаларнинг маъноси фарқ қилади, деб даъво қилинади. «...давлат ишларида ишлайдиган, ўзига тўқ беклар яшагани сабабли Беклар номи қўйилган. Бекҳо кўчасининг номи, манбаларда келтирилишича,  (қайси манба? – таҳририят) бегоҳ – об-ҳавоси тоза, сўлим жой деган маънони билдиради».

Самарқанд давлат университети етук олимлари, филология фанлари доктори С. Хўжақулов ва филология фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD) С. Мажидова «Беклар» ва «Бекҳо» сўзларининг луғавий маъноларига шундай изоҳ берадилар: «Бу сўзлар айни бир маънони англатган ҳолда,  «Бекҳо» атамаси «бегоҳ», яъни кечқурун, оқшом маъноларига этимологик жиҳатдан ҳеч қандай яқинлиги йўқ. Бу сўзлар айнан бир маънони, яъни беклар (беклар ва уларга тааллуқли оила аъзолари истиқомат қиладиган жой ва маҳал)ни билдиради. Зеро, ҳар иккала сўзда ҳам «бек» ўзак бўлиб, унга қўшилган «-ҳо» ва «-лар» қўшимчалари икки тилда, яъни ўзбек ва тожик тилларидаги кўплик қўшимчаларидир»

Раддияларнинг шундай «емаган» жойлари жуда кўп. Хариталарда, реестрларда кўчаларнинг бирини номини ўчириб қўйган билан одамлар почта манзилисиз яшай олмайди.

Ҳоким маслаҳатчиси 300 дан ортиқ кўча номлари хулоса олиши учун экспертиза комиссиясига юборилганини айтади. Бу 300 дан ортиқ номсиз кўчада одамлар ўз манзилини айтолмайдиган вазиятда яшаяпти дегани. Шу сабабли ҳали натижа бермаган иш билан эмас, бажариб қўйилган ишлар билан мақтанса ярашади. Юқоридаги кузатувлардан келиб чиқиб юборилган номларнинг қандайдир қисми қабул қилинмаслиги эҳтимоли юқори.

Хулоса ўрнида

Муносабат ёзишнинг ўз қоидалари, маданияти бор. Матбуот котиби ташкилот ва таҳририят ўртасида кўприк бўлиши керак. Қандай бўлмасин, ташкилот ишидаги ноқис бир жиҳат ҳақида гап чиқмасин, деган фикрда ОАВ қонунларига зид иш олиб борувчи ходим ташкилотни ҳам шарманда қилади. 

Журналистикадан маълумоти бўлмаган матбуот котиби ёки бошқа мутахассиснинг 30 йиллик тажрибали журналистга қандай ёзиш кераклигини маслаҳат бериши таажжубли.

Муносабат эълон қилинаётганида расмий ташкилотлар танқидий мақола муаллифини жавобгарлик ҳақида эслатиб «дўқ уриш» ўрнига, камчиликларни тан олиб, уларни бартараф этиш устида ишлашса, фойдалироқ бўларди. Шунда Ҳабиб Абдуллаев номидаги кўча билан боғлиқ «қовун тушди», «Бекҳо» сўзининг ўзбошимча талқини, Гугл ва Яндекс хариталари гўё топонимия соҳасида тан олинмаслигию, лекин айни вақтда кадастр агентлиги саҳифасида шу компания хариталаридан фойдаланилиши, «бизда такрор кўчалар йўқ» ва  «... бўлиши мумкин» қабилидаги қарама-қаршиликлар расмий муносабатдан ўрин олмаган бўларди.

Таҳририят

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг