Кўкдалада пайҳон бўлган лолами ёки лолақизғалдоқ?
Яқинда Қашқадарёнинг Кўкдала туманидаги қизғалдоқзорнинг пайҳон қилиниши катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Аммо бу воқеада бир муҳим жиҳат эътибордан четда қолди: деярли барча нашрлар ва блогерлар қизғалдоқзорни «лолазор» деб аташди. Бу шунчаки тилшуносликдаги хато эмас, балки моҳиятнинг ва ҳуқуқий масъулиятнинг бутунлай ўзгаришидир. Машиналарнинг қизғалдоқ ўсган дала ўртасида юрган видеосини дастлаб оддий одамлар тарқатди, лолазор дея. Кейин Қашқадарё вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси «э, тўхта бу лолазор эмас, балки қизғалдоқ ўсадиган жойку», деб хатони тўғирлаш ўрнига «лолазор»ни пайҳон қилганларга қандай чора кўрилгани ҳақида расмий муносабат чиқарди.

Ундан кейин барча-барча нашрлар қизғалдоқни лолага айлантириб бутун дунё бўйлаб тарқатди. Ва апрелнинг бир санаси қизғалдоқ лолага айланган кун ҳисобида тарихга муҳрланди.
Нима фарқи бор, ҳар қандай ўсимликни пайҳон қилиш нотўғри-ку, демоқчисиз. Аммо ўсимлик турлари чалкаштирилиб «пайҳон» бўлиши-чи? Агар жамоатчиликка ҳар қандай қизил гул «лола» деб таништирилаверса, одамларда ҳақиқий ёввойи лолалар (масалан, Грейг ёки Кауфман лолалари) ва оддий лолақизғалдоқ ўртасидаги фарқ йўқолади. Лола ва лолақизғалдоқ бир-бирига ўхшасада улар турли оилаларга мансуб, мутлақо бошқа-бошқа ўсимликлар.
Қолаверса, «лола» сўзида катта жарима ва жавобгарлик юки бор. Ўзбекистоннинг ёввойи лолалари аксарият ҳолларда «Қизил китоб»га киритилган, камёб ва давлат муҳофазасидаги ўсимликлар ҳисобланади. Уларни узиш ёки пайҳон қилиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка олиб келади. Қизғалдоқ эса табиатда кенг тарқалган, ҳатто бегона ўт ҳисобланган ўсимликдир. Аммо уни бегона ўт бўлгани учун босиб янчиш ҳам табиатга бўлган зўравонлик. Буни албатта инкор қилмаймиз. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар журналистнинг «лолазор пайҳон бўлди» деган хабарига асосланиб иш очса-ю, экспертиза у ерда оддий қизғалдоқ ўсганини аниқласа, бу ОАВнинг, эколог мутахассисларнинг профессионаллиги ва обрўсига қаттиқ путур етказади. Яна бир томони қизғалдоқзорни лолазор деб аташ орқали ОАВ жамоатчиликда «экологик фожиа юз берди» деган ваҳимани уйғотади. Бу журналистикадаги сенсация кетидан қувиш иллатининг бир кўриниши бўлиб, ахборотнинг аниқлик тамойилига зиддир. Натижада маданиятсизлик ва тартибсизлик ҳолати оғир экологик жиноятдек кўрсатилади.
Иккинчидан, атаманинг «пайҳон» қилиниши — тақиқнинг моҳиятини сусайтиради. Журналист «Лолазор пайҳон бўлди» деб бонг урганда, ўқувчи «Демак, лола шунчалик кўп ва арзон экан-да, у ерда машина ҳайдаса ҳам бўлавераркан» деган нотўғри тушунчага боради. Ваҳоланки, ҳақиқий ёввойи лола тоғ бағридаги ноёб хазина бўлиб, у ерга нафақат машина, балки одамнинг кириши ҳам қатъий назоратда бўлиши керак. Номларни аралаштириш одамларда ҳақиқий ноёб турларга нисбатан бепарволикни шакллантиради.

Учинчидан, бу касбий беписандлик натижасидир. Нега биз «лолақизғалдоқзор» сўзидан қочамиз? Сўз узунлиги учунми ёки лола десак мақола кўпроқ ўқилади, юки оғирроқ бўлади, деб ўйлаймизми? Оддий аҳоли ботаник фарқларни мукаммал билиши шарт эмасдир, лекин журналист ёки эколог мутахассислар ўсимлик турини нотўғри айтишга умуман ҳаққи йўқ. Ўрикни шафтоли, олмани олхўри деб аташ қанчалик мантиқсиз бўлса, қизғалдоқни лола дейиш ҳам катта хато ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, сўзларни ўз ўрнида қўлламаслик шунчаки лингвистик хато эмас, балки атроф-муҳитга бўлган юзаки муносабатнинг кўринишидир. Қизғалдоқ ва лолани чалкаштириш орқали биз ноёб табиат бойликларимизнинг қадрини пасайтирамиз ва жамиятда нотўғри тушунча шаклланишига сабаб бўламиз. Ҳақиқий маданият ва табиатни асраш — ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ, ҳар бир сўз учун масъулиятни ҳис қилишдан бошланади.
Унутманг лола бошқа, лолақизғалдоқ бошқа, худди шафтоли ва ўрикдек...
Яна унутманг, лолазорниям, қизғалдоқзорниям, оддий кўк ўт ўсадиган даланиям на машинада на оёқлар остида топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ...
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter