Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лицензия учун туроператорларнинг 50 минг доллари музлатиб қўйилади

Лицензия учун туроператорларнинг 50 минг доллари музлатиб қўйилади

Туризм қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ҳукумат қарори лойиҳасида чиқиш туризми билан шуғулланувчи туроператорлар учун янги молиявий талаблар белгиланмоқда.

Лойиҳага кўра, лицензия олишни истаган туроператорлар «Хавфсиз туризм» жамғармасида 50 минг АҚШ доллари миқдорида кафолат маблағини шакллантириши лозим бўлади.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур маблағ туристларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, туроператор ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун кафолат сифатида хизмат қилади.

Лойиҳада шунингдек, туроператорлар фаолиятини молиявий жиҳатдан барқарорлаштириш ҳамда бозорда масъулиятли иштирокчилар улушини ошириш мақсади кўзлангани таъкидланган.

Айни пайтда мазкур талаб кичик ва ўрта туроператорлар учун қўшимча молиявий юк бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам муҳокамалар мавжуд. Чунки лицензия олиш учун 50 минг долларлик маблағни жамғармада захира сифатида сақлаш барча компаниялар учун ҳам имконият даражасида эмас.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирча бу норма Ҳукумат қарори лойиҳаси ҳисобланади. Ҳужжат қабул қилинса, янги талаблар белгиланган тартибда кучга киради.