Маҳалла вазирлиги ўғриликни «хаспўшлайман» деб бошқа қонунсизликларни очиб қўйди...ми?
Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари М.А. ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н.лар олдиндан ўзаро тил бириктириб, тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Маҳалла» хайрия жамоат фондига ҳамда 2020 йилда «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 млн. сўм пулларни ўзлаштиришгани ҳақда хабар берилганди.
Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Бош прокуратура Департаментининг вилоят бошқармаси томонидан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.
Расмий муносабатда (кўпроқ «оқлов»га ўхшайди) шундай дейилади:
«... Жамғармага келиб тушган хайрия маблағларининг сарфланишига доир тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланишича, халқ депутатлари Оққўрғон тумани кенгашининг 2020 йил 27 апрелдаги VI/VII-II-сонли Қарорининг 5-бандига кўра, Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.А.га жамғармада шаклланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш учун тумандаги деҳқон бозорларидан озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи бозор нархларида харид қилиш учун жамғарманинг банкдаги ҳисоб рақамидаги маблағларни нақд пул кўринишида олишга рухсат берилиши белгиланган.
Шунингдек, туман кенгаши қарорининг 6-бандида ОАТБ «Микрокредитбанк» Оққўрғон тумани филиали бошқарувчиси А.Х.га жамғармада шаклланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан тумандаги деҳқон бозорларидан озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи бозор нархларида харид қилиш учун жамғарманинг банкдаги ҳисоб рақамидаги пул маблағларини нақд пул кўринишида тақдим қилишни таъминлаш вазифаси юклатилган.
Ўрганиш жараёнида хабарларда тилган олинган, муқаддам фонднинг Оққўрғон тумани бўлинмаси катта бухгалтери лавозимида ишлаган фуқаро – Б.Н. «Маҳалла» фонди Тошкент вилояти бўлимининг 2020 йил 3 январдаги 01-к-сонли буйруғига асосан лавозимидан озод этилганлиги аниқланган.
Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.А. муқаддам Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Оққўрғон тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – «Маҳалла» фондининг тумани бўлинмаси раиси лавозимида ишлаган.
Аммо шу вақтга қадар ОАТБ «Микрокредитбанк» Оққўрғон филиали мутасаддилари томонидан М.А. ва Б.Н.ларнинг тўлов топшириқномасига имзо қўйиш ҳуқуқини бекор қилиш ёки имзо учун банд солиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмаган. Бунинг натижасида «Маҳалла» фондининг Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган ҳомийлик ва хайрия маблағларининг муайян қисми мақсадсиз сарф этилишига йўл қўйилган. Етказилган моддий зарар М.А. томонидан тўлиқ қопланган».
Вазирликнинг аслида жуда оғриқли масалага (муҳтожларга берилиши керак бўлган ҳомийлик ва хайрия маблағларининг ўзлаштирилиши ҳақида кетяпти гап) бундай муносабати ижтимоий тармоқларда яна муҳокамаларга сабаб бўлди.
Банк-молия соҳасида эксперт, блогер Отабек Бакиров Маҳалла вазирлиги юз берган ўғриликни «хаспўшлайман» дея баёнот бериб, яна бошқа қонунсизликларни очиб қўйганини қайд этди:
«Баёнот матнидан англашилинича, «Маҳалла» фондининг Оққўрғон тумани бўлинмаси бош бухгалтери шу йилнинг бошидаёқ ишдан бўшаб кетган эканмуш (ишдан бўшаш санаси ва рақамига эътибор беринг, йилнинг биринчи иш кунидаёқ бухгалтер бўшатилганмуш). Жамғарма ҳисобварағидан нақд пулларни берворган «Микрокредитбанк» Оққўрғон филиали имзолар намунасини вақтида янгиламаганмуш.
Биринчиси, банк мижозларида 1- ва 2- имзо қўйиш ҳуқуқига эга шахслар алмашганида бу ҳақда мижознинг ўзи хизмат кўрсатувчи банкка хабар бериши керак.
Иккинчидан, юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларидан иш ҳақи, хизмат сафари каби мақсадлардан бўлак нақд пул маблағлари берилмайди.
Фонд ҳисобварағидан нақд пул бериш бўйича қарор чиқариб берган (балки орт сана билан) Оққўрғон тумани кенгаши қарорининг ўзи ноқонуний.
Маҳалла вазирлиги юз берган ўғриликни «хаспўшлайман» дея баёнот бериб, яна бошқа қонунсизликларни очиб қўйган.
Баёнотда яна бошқа қовунлар ҳам борки, бу ҳақда ҳозирча индамай турамиз. Янги ва янги тўқималарни кутайлик-чи... Қонунсизлик устида қонунсизлик», — дея изоҳлаган блогер.
Қўшимча сифатида фақат эслатиб ўтишимиз мумкин: маҳалла тизимига боғлиқ бундай расмий муносабатлар вазирлик ташкил этилмасидан аввал ҳам учраб турарди. Мана биттаси. Мақом ўзгаргани билан иш тутуми ўша-ўшалигича қолганидан бир далолатми бу?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter