Меҳнат ярмаркалари: Сценарийлаштирилган «томоша»
Бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳақида гап кетганда кўз олдимизда сценарийлаштирилган таниш манзара: иш берувчилар, иш излаб юрган ёшлар, қатор стол-стуллар, унинг устида ташкилот ёки корхона номи ёзилган табло гавдаланади.
Тўғри-да, меҳнат ярмаркалари учун яна нима керак?! Аксарият ҳолларда иш излаб келганларга «кутиш» маслаҳати берилади. Таклиф этилаётган иш ўринлари кимгадир маъқул келса, ишга жойлашади ёки аксинча. Ахир шундай такрорий сценарийга кўникиб кетган томошабинлармиз: кунузунмас, наридан-бери, бир ёки бир ярим соатча ўтадиган меҳнат ярмаркасига келиб, қўл силтаб кетадиганларни кузатиб тураверамиз.
Мен шунчаки келганман
Яқинда Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасида ҳам, деярли, шу таниш манзарага гувоҳ бўлдик. Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳамда ёшлар иттифоқининг маҳаллий кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган ярмарка хусусида фикрларини билиш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокимлиги инвестиция бўлими мутахассиси Ризамат Жабборовга юзландик. Бироқ, у ярмарка бошланишидан бироз олдин бу ҳақда хабар топганини, бу ерга шунчаки юборилганини айтди. Масъулиятли жараёнга «номига» бир кадрнинг бириктириб қўйилгани эса таъбимизни хира қилди...
Ким айбдор?
Мазкур ярмарканинг ўтказилиши ҳақидаги хабарни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш жараёнлари қоғозда қолиб кетмаган, уч-тўрт кун давомида телевидение эфирига қўйилган экан. Шу боисми, унда 1 минг 500 дан зиёд аҳоли (аксарияти ёшлар) қатнашиб, икки юздан ортиқ корхона-ташкилот томонидан 1 минг 800 дан ортиқ бўш иш ўрни таклиф қилинди. Бироқ, Бухоро шаҳрида ишсиз ёшлар сони минглаб эканини ҳисобга олсак, ярмаркада иш сўраб мурожаат қилганларнинг атиги 50 нафарига ишга жойлашиш учун тавсия берилганини қандай тушуниш мумкин? Хўш, бунда ким айбдор иш берувчими ёки ишсиз шахс?
— Олий маълумотлиман. Мутахассислигим ўқитувчи, — дейди Машҳура Қурбонова. — Бироқ таълим муассасаларидан, деярли, ҳеч ким йўқ. Ярмаркада ёшлар талаби ва эҳтиёжига қараб бўш иш ўринлари таклиф этилмаган.
«Жамшид Жавоҳир агротехник сервис», «Интер Агро Голден Фреш» ҳамда «Элтек эксклюзив» МЧЖлар иш берувчи вакилидан иш сўраб, мурожаат этганларни нечтасининг иш билан бандлиги таъминланганига қизиқдик. Эътиборимизни тортгани, мазкур масъулияти чекланган жамиятлар томонидан бўш иш ўринлари учун 850 минг сўмдан 5 млн.гача маош таклиф этилган. Афсуски, олий маълумот талаб қилинаётган бу бўш иш ўринларга мутахассис кадрларнинг етишмаслиги ачинарли.
Боқимандалик қусури
Олий маълумот талаб қилмайдиган бошқа бўш иш ўринларига (қурилиш-монтаж, электр-пайвандлаш, қоровуллик ва ҳоказо) эса меҳнатга лаёқатли ёшларнинг кўнмаётгани уларнинг боқимандалик қусуридан қутулолмаётганидан дарак. Меҳнат ярмаркасида таклиф этилган бўш иш ўринларининг, деярли, 60 фоизи айнан, ўрта маълумотли ёшларга мос.
— Бухоро Архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежини тугатиб, икки йилдан буён иш излаб юрибман. Жисмоний меҳнат талаб қиладиган ишларга, бор-йўғи, 500 минг сўмдан 800 сўмгача маош таклиф этишяпти. Бу маош қониқтирмайди. Ҳозирча ота-онам хорижда ишлаб, пул жўнатиб турибди-ку..! — дейди Баҳодир Акмалов исмли йигит қўлидаги энг сўнгги русумдаги телефонидан бош кўтармай.
Ўз келажагига бепарво қўл силтаган, бефарқ ёшлар мамлакатимизда ишсизликни камайтиришга акс таъсир, холос.
Рўйхатга олинмаган мурожаатлар
«Bukhara Cotton Texstil» хорижий корхонаси томонидан 1048 та иш ўрни таклиф этилган. Таклиф этилган бўш иш ўринлари учун ойлик маоши 1 млн.дан 1,5 млн.гача.
— Меҳнат ярмаркаси давомида бир нечта ёшлар ишга кириш хоҳишини билдирди. Шу куни 50-60 нафарга яқин ёшларга кейинги кундан бошлаб, тўғридан-тўғри ишхонага келишини, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши, кейин лаёқатига қараб, иш белгиланиши ва албатта, ҳар бирининг бандлигини таъминлаш борасида муаммо бўлмаслиги тушунтирилди. Бироқ, ярмарка масъуллари томонидан ҳамма мурожаат ҳам рўйхатга олинмаган, шекилли, ўшанда иш сўраб, мурожаат этганлар келишмади. Биз вилоятимизнинг қатор туман, шаҳарларида жойлашган филиалларимиз фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун ўзимиз ёшларни ишга жалб этаяпмиз ва улар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтираяпмиз. Бу, албатта, бир томондан ёшларнинг иш билан бандлигини ва фаровон турмушини таъминлашга ҳисса бўлса, иккинчи томондан уларнинг турли хориж давлатларига иш излаб кетишларининг олдини олади, — дейди «Bukhara Cotton Texstil» хорижий корхонаси ташкилий ходимлар хизмати бўлими бошлиғи Улуғбек Атоев.
Меҳнат ярмаркаси керакми?
Мутасаддиларнинг билдиришича, юқорида таъкидлангандек, Бухоро шаҳрида иш билан банд бўлмаган ёшлар 1 минг 300 нафарни ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, шу куни иш сўраб мурожаат этган ёшларнинг 50 нафарига уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида тавсиялар берилган бўлса, 268 нафар ёшга маслаҳатлар берилган... Энг қизиғи, шу куннинг ўзида, ақалли, бир нафар ёшнинг ҳам иш билан бандлиги таъминланмаган. Бу эса ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлашда аҳамият касб этаяптими, умуман, ёшлар ҳаёти учун фойдалими? — деган ҳақли саволни туғдиради.
Ёшлар келажаги ва тақдири, уларнинг фаровон турмуши учун олиб борилаётган ҳар бир сайъ-ҳаракат, режалар сидқидилдан амалга оширилса, меҳнат ярмаркаларининг эски қолипларда ўтказилишига ҳожат қолдирмайди. Сценарийлаштирилган «томоша»ларни ўтказишда ҳамкор бўлса-бўлмаса, ўз логотипи ёзиб қўйилган баннерни тиқиштириб, «ўтказилдими-ўтказилди» қабилида суратга тушиб қолишлару, қайсидир ҳужжатларни ёпишга хизмат қиладиган меҳнат ярмаркаларидан кўпчилик чарчаганини унутмайлик!
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter