Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Менга бу айблов оғир ботади

Менга бу айблов оғир ботади

Шерзод Қудратхўжаев.

Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

«Блогерлар қачон пайдо бўлди? Журналист ёзмагани учун, бўшлиқ бўлгани учун улар ёзишни бошлади ва олдинга ўтиб кетди», дебди 2 февраль куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг очилиш маросимида Шерзод Қудратхўжаев.

Ҳа, айтишгагина осон 20 йил ундай қилолмадик, бундай қилолмадик, деб. Нега шундай қилолмадик, нима халақит берди ёзишимизга? Журналистлар маддоҳ экан, журналистлар 20 йил ухлаган экан, нега ухлаганимизни, нега ёзолмаганимизни таҳлил қилиб бера оладиганлар борми?  Бу гапларни жуда кўп эшитаяпмиз. Яна мана шу жараённинг ичида бўлган, тизимни, ўша давр сиёсатини биздан яхшироқ билган ҳамкасблардан эшитаяпмиз. Нега «журналист ёзмади, журналист ухлаган эди» деган  гаплар билан блогер ва журналист ўртасида жарлик ёки хитой деворини ўрнатиш керак? Журналист билан блогерни таққослаш ва бу таққослаш ортида журналистни пастга уриш қанчалар тўғри? Иккаласининг йўли бошқа-бошқа. Айни пайтда айрим блогерларнинг 10 та ёзган хайп мақоласи бир журналистнинг бир таҳлилий мақоласига тенг келмайди.

Яна бир гап: журналист ёзмаган пайти сиёсат шундай эди, ўша сиёсат даврида бирорта блогерни танирмидик биз? Ахир блог сўзининг кириб келиши, илк блогернинг фаолияти 1990 йилларнинг ўрталарига тўғри келади. Журналистларга шундай айб қўйгичларга савол бергим келади: Ўша сиёсат даврида қанчадан-қанча журналист ёзиб танқид қилгани учун қамалганини биласизми ёки ўша пайтлари Марсда эдингизми? 2003 йил «Мустақил газета» деган газетанинг умри аёвсиз танқидий мақолалар берилгани учун саноқли ойгагина етганини биласизми? Яна танқидий, таҳлилий мақолалар пешма-пеш берилгани учун тазйиққа учраган «Ҳуррият», «Ватан» газеталарининг тақдиридан хабарингиз борми? Мана бугун эркин гапириш имкони берилибди, шуни таҳлил қиладиган уйғоқ блогер ёки журналист борми? Ёзмаслик, ухлаш бизга боғлиқмиди? Менга ҳар сафар мана шу айбловлар оғир ботади.

Менданам кўра ҳақиқатни ёзаман деб қамалиб кетган, таҳдидларга, тазйиқларга учраган, ишидан бўшатилган ва алал-оқибат соҳасини ўзгартирган  журналистга бу айблов ундан ҳам оғирроқ ботса керак. Шу пайтгача журналист ва блогерни ажратмаганман. Тўғрида, ким бўлишидан қатъи назар халққа фойдаси тегса бўлди, деб ўйлаганман. Лекин бугун жим туролмадим. Бугун блогернинг эмас, луғатимизда пайдо бўлган янги атама «блогер» сўзнинг қадри баландроқ, менимча. Одамлар онгида шуни шакллантираяпмиз.

Мен блогерларга  қачонки ўша биз ҳеч нарса ёзмаганимизда, бўшлиқ пайдо қилганимизда  отилиб чиққанида қойил қолган бўлардим. Блогерлар ҳам журналистлар билан бирга уйғонди. Хўп бугун медиа майдонида журналистни ҳимоя қиламиз, журналистни муаммоларини ҳал қиламиз, деган гапларни эшитиб келаяпмиз. 20 йил давомида нега бизни ҳеч ким ҳимоя қилмади? Айнан ҳимоя қилгичлар қаерда эди? Мана шунга қайси ботирнинг қурби етади очиб ташлашга, таҳлил қилишга...

Илтимос, ўтмишга тош отмай, бугунги ишимизни кўрсата олайлик агар уддаласак. Янги ташкил қилинган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди журналистлар ва блогерлар муаммосини ҳал қиларкан. Биз айни пайтда муаммомиз ва мурожаатларимизни эшитадиган яна бир ташкилотга эришганимиздан хурсандмиз. Лекин бундан буёғига айнан журналист ўзини кўрсата оладиган минбар газеталар, босма нашрлар аҳволи ўнгланадими? Бошқа ташкилотлардагидек, журналистнинг ойлиги лоақал 5 млнга борадими, гарчи ҳали 2 млнни орзу қилиш саробга айланиб турганида. Аммо битта нарсадан барибир умид қиламан — биз бугун оёғи осмондан бўлаётган, қиёсий, таҳлилий мақолалар ёзилиши унутилаётган, профессионал журналистларнинг мактаби ҳеч кимга керак бўлмай қолаётган журналистика ҳақида қайғурадиган кунлар жуда яқин қолди, жуда ҳам... Чунки таҳлил, қиёслаш орқалигина холис фикрни айтиш мумкин. У журналист бўладими, блогер бўладими катта тажриба ва билимга эга бўлмас экан, кучини фақат хайп учун сарфлайди. Хайп эса халқни алдайди, чалғитади, мулоҳаза қилишга йўл бермайди. Мана шу ерда аналитик журналистиканинг ўрни беқиёс эканлигини унутмасак бас...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг