Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Моҳина Жабборова: «Тақинчоқларда тарихийликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан»

Моҳина Жабборова: «Тақинчоқларда тарихийликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан»

foto: xabar.uz

Facebookда турли тошдан ясалган миллий тақинчоқлар ва миллий дўппимизни кўриб, унинг муаллифига қизиқдим. Жозибадор ва ранг-баранг тошлар билан безатилган тиллақошлар, зираклар, мунчоқлар, оқ тошчали, қора қалампир нусха дўппилар – худди санъат асари дейсиз!   

Моҳина Жабборова – ҳақиқий ўзбек қизи. Унинг юз-кўзларида, ҳатти-ҳаракати, овози, нигоҳларида, яратаётган асарларида ўзбеклик, миллийлик барқ уриб туради. Унинг ҳар бир ҳаракатида она ва момоларимизнинг чаққонлиги, уддабуронлиги акс этади. Ҳали ўттиз ёш остонасини ҳатламаган, шунга қарамай ўқишни, ишни, ҳунарни, уй бекалигини ҳам эплаган – педагог, психолог, дизайнер, ҳунарманд Моҳина икки фарзанднинг онаси. Моҳина меҳнатга, ижод, фарзандлар тарбиясига қаердан қувват олади, қандай вақт етказади? Бунинг жавоби битта – излаган имкон топади.

Унинг ясаётган тақинчоқлари оддий ҳунармандчилик эмас, балки санъат. Ҳар бир тақинчоқ, ҳар бир дўппи орқасида нафақат меҳнат, балки меҳр, муҳаббат, миллийликка бўлган юксак эҳтиром ётади. Моҳина Жабборова нафақат гўзалликни яратади, балки уни қадрлайди. У ҳар бир буюмининг тарихини, маъносини излайди, ўқийди, ўрганади.

Моҳина Жабборова яратган буюмлар нафақат ўзбекистонликлар, балки чет элликлар томонидан ҳам эътибор қозонмоқда. У Instagram саҳифасида ҳам ўз ишларини намойиш этади ва буюртмалар қабул қилади. Ҳатто хорижда мухлислари бор.

Унинг ҳикояси – кўплаб аёллар учун ибрат. Болалар, оила, асосий касб яна ҳунар – буларнинг барчасини уйғунлаштириб, ижод қилиш мумкин. Фақат ишқибозлик ва меҳнат зарур. Келинг, унинг ҳикоясига қулоқ тутамиз.

Дўппи мен учун шунчаки бош кийим эмас

Бундан 5-6 йил олдин устозим Зилола опадан тақинчоқ тайёрлаш сирларини ўргандим ва шу вақтдан бери миллий тақинчоқлар ҳунарманди сифатида мустақил ижод қиляпман. Буюртма асосида тиллақош, зирак, зебигардон ва шунга ўхшаш тақинчоқлар тайёрлайман. Шу билан бир қаторда дўппиларга безак бериш билан ҳам шуғулланяпман. Ҳозир Тошкентда яшаётган бўлсам-да, асли Наманганнинг Чуст шаҳрида туғилганман. Чуст пичоқлари ва дўппилари билан жуда машҳур. Ёшлик пайтларим Чуст дўпписи тайёрлашга жуда қизиққанман, бир-икки ҳаракат қилиб ҳам кўрганман. Афсус ўқиш, вақт, фурсат камлиги сабаб бу ҳунарни тўлиқ ўргана олмагандим. Дўппига муҳаббат шу ёшлигимдан пайдо бўлган.

Талабалик пайтларимда ҳам асосан дўппи кийишга ҳаракат қилганман.Чунки дўппи кийсам қанақадир менда бошқача фахр туйғуси уйғонарди. Бу шунчаки бош кийими эмас, миллий маданиятимизнинг бир бўлаги эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилардим. Ҳар Жума куни бутун Ўзбекистон бўйлаб Миллийлик куни деб эълон қилингани ҳам мени жуда қувонтирди. Янада янгиликлар қилишга ундади ва дўппиларга тошлардан безак беришга ҳаракат қилдим. Бу ёшларимиз томонидан қизиқиш билан қабул қилинди ва тошли тўппиларга буюртмалар сони ошиб бормоқда.

 

Миллийлик ва замонавийлик  уйғунлашса...

Мен аввалдан миллийлигимизга алоҳида ҳурмат ва муҳаббат билан қарайман. Шу сабаб миллий тақинчоқлар тайёрлаш ҳунарини зўр қизиқиш билан ўргандим. Четдан қараганда бу шунчаки мунчоқлардан оддий тақинчоқ тайёрлашдек туюлиши мумкин. Лекин миллий тақинчоқ тайёрлаш жараёни ундай эмас. Ҳар бир деталга, ҳар бир предметга алоҳида эътибор билан ёндашишга ҳаракат қиламан. Бу – бизнинг аёлларимиздек нозик, бир вақтнинг ўзида матонатли. Бу тошларнинг ҳар бири – бир авлоддан иккинчи авлодга ўтадиган анъаналар тимсоли. Бу жараёнда мен ҳақиқий маънода ижод қиламан, жараённинг ўзи руҳлантиради, ғоя беради, тақинчоқ дизайни бир хилликни такрорламаслигини истайман.

Миллийлигимизга жон бағишланган кун...

Миллийлик ва замонавийликни биргаликда уйғунлаштирса янги, ўзгача услуб яратилади. Мен тайёрлаган тақинчоқлар асосан миллий йўналишда.  Янги дизайн яратмоқчи бўлсам албатта иккисини ҳам қўллайман.

Сир эмаски, одамлар авваллари миллий кийимларни фақат байрам, тўй ёки шунга ўхшаш бирор бир тадбир кунлари кийишарди. Ҳозир вазият жуда ўзгарди. Ҳар жума Миллийлик куни этиб белгилангани бу миллийлигимизга қайта жон бағишлади. Миллий образда юриш ҳозир жуда урфда. Энди нафақат жума куни, балки бошқа кунлари ҳам ёш-у қариларимизни миллий кийимларда кўраяпмиз. Бу ҳар томонлама ижобий ҳолат. Ҳам миллий маданиятимиз мустаҳкамланмоқда, ҳам ҳунармандларимиз обрўси ошиб,  уларнинг даромадлари ҳам кўтариляпти.

Тақинчоқларимга ном бераман...

Кундалик ишлардан, юмушлардан чарчаган инсонга қўл меҳнати билан шуғулланиш ўзгача куч беради. Мен ҳар сафар тақинчоқ тайёрлаётганимда янги қувватни ҳис этаман. Иштиёқим ошиб кетади. Тақинчоқларим тайёр бўлганидан сўнг эса уларни кўриб ғурурланаман, наҳотки шу санъат асарини мен тайёрладим дея. Хаёлан уларга ном бераман: «Бибихоним», «Хонзодабегим», «Нодирабегим»...

 

Тайёрлаш жараёнида шу маликалар тарихини эслаб, уни тақинчоқларимда жонлантиришга ҳаракат қиламан.

Тақинчоқларни аслидай кўрсатгим келади

Ҳунар ўрганиш бу жуда яхши, ҳам мия фаолиятини яхшилайди ҳам эстетик завқ беради. Ҳар бир инсон ҳунарли бўлса келажакдаги фаолиятига ҳам ижобий таъсир ўтказади. Миллий тақинчоқлар тайёрлашни менимча ҳамма қизиқиб ўргана олади.  Мен ҳам ҳунаримни кенг ёйиш мақсадида шогирдлар тайёрлаганман ва келажакда кўплаб шогирдларим бўлишини хоҳлайман.

Менимча, ҳар қандай буюм асли билан қадрлироқ ва буюкроқ кўринади. Албатта, модернизация қилишнинг ҳам ўз ўрни бор. Масалан буюртмачиларим тақинчоқларга замонавийлик қўшиб ҳам тайёрлашимни илтимос қилишади. Агар иложи бўлса, ўзгача услуб яралса албатта тайёрлайман. Лекин айримларида шаклан ўзгариш ортиқчалик қилса у ҳолда ўз ҳолича ясайман.

Ўз брендим бўлишини орзу қиламан

Юртимизда ҳунармандчилик ҳар доим ҳам қадрланган. Йилдан-йилга яна ҳам кенг имкониятлар яратиляпти ва ҳунармандчилик турлари ҳам кўпаймоқда. Қўл меҳнати билан оддий нарсалардан одамларга фойда келтирадиган буюмлар, тақинчоқлар яратиш қадрият даражасига кўтариляпти. Инсонлар ҳам қўл меҳнатига бошқача ҳурмат билан қарашади. Миллийлик куни эълон қилинганидан бери хориж кийимларидан кўра миллий маҳсулотларимизга талаб жуда ошиб кетди. Бу эса ички ишлаб чиқариш ва ҳунармандлар меҳнати, даромадлари ўсишига катта туртки бўлди. Ҳунармандларимиз ҳозир бемалол жаҳон бозоригача чиқиб, ўзбек миллий буюмларини бутун оламга ёйилишига сабаб бўлишяпти.

Бу барчаси юртимизда ҳунармандларга катта эътибор қаратилиб келинаётганидан дарак албатта.

Оддийлик ва такрорийликдан қочаман

Мен ҳам ўз брендим асосида тайёрланган миллий тақинчоқларимни бутун жаҳонга ёйишни истайман.  Бунинг учун анча меҳнат қилишим керак.

Мен учун тақинчоқлар тайёрлаш бу санъат. Шунчаки ўтириб тез-тез тайёрлаб юборолмайман. Олдиндан алоҳида тайёргарлик кўраман, хаёлимда дизайнини яратаман, безак бераман. Тайёр ҳолатини тасаввур қиламан.  Оддий ва такрорий дизайн бўлишини истамайман. Мукаммал бўлишига ҳаракат қиламан.

Тақинчоқларим орқали ўзимдаги муҳаббатни, севгини ифодалашга интиламан. «Юракдан чиққани юракка етиб боради» дейишадику. Ўзимдаги меҳрни инсонларга тақинчоқларим орқали улашяпман.

Тақинчоқларимда асосан тарихийликни сақлаб қолишни истайман. Бу билан янаям қадри ошади деб ҳисоблайман. Таққан инсонга ҳам шунда алоҳида улуғворлик беради.

Ҳунаримга қизиқиш билдириб, ажойиб саволлар берганингиздан жуда хурсандман. Ниятим миллийлигимиз қадри ҳеч қачон тушмасин. Ҳар бир ўзбек хонадонида ўзлигини, миллийлигини англатиб турадиган муҳит бўлишини ва фарзандлар ана шундай миллийлик руҳида улғайишини тилайман.

Барчамизга Наврўзи олам муборак бўлсин!

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг