Мусулмон киши исломга имон келтириб кириб келади
Тошкентдаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Диний идоралар вакилларининг ОАВ ходимлари ва блогерлар билан мулоқоти давомида бугунги кунда долзарб бўлиб турган мавзулар – Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил қилиш, диний таълимдан тортиб, бидъат ва ширк амаллар, диний ақидапарастлик ҳамда ижтимоий тармоқлардаги тоқатсизлик, радикаллашув ҳолатлари ҳақида сўз борди.
Ислом дини ҳеч қачон тараққиётга, илм олишга қарши бўлмаслиги, аксинча, уни рағбат қилиши, динда мўътадил бўлиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Динимиз модда ва руҳ, дунё ва охиратни бирдек эътиборга олади. Бири эътироф қилиниб, иккинчиси инкор этилмайди.
Бугун ижтимоий тармоқларда ин қуриб олиб, турли ғулувга йўғрилган фатволарни чиқариб турганларнинг айнан мўътадиллик масаласини билмаслиги ёки билишни хоҳламаслиги нафақат ўзларининг хато йўлдан боришига, балки кўплаб ёшларнинг уларга эргашиб адашиб қолишига сабаб бўлмоқда. Яқинда Тошкент шаҳрида қўпорувчилик содир этишни режалаштирганлар бир қатор шахслар ушлангани, улар орасида мактаб ўқувчилари ҳам борлиги бунга далил.
Қайд этилдики, мусулмон киши динга қайси йўл билан кириб келган бўлса, ўша йўл билан ундан чиқади. Яъни, у исломга имон келтириб кириб келади. Фақат ва фақат ана шу имонидан қайтсагина диндан чиқади. Лекин кимларнидир фикрига, ғоясига ёки Ислом оламида тан олинмаган «ҳижрат ва жиҳоди»ига қўшилмагани учун кофир бўлиб қолмайди.
Учрашув давомида аёлларнинг диний ва дунёвий таълими борасида ҳам сўз борди. «Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир умматни ўқитган бўласан», деган ҳикмат тилга олинди.
Умуман, жамиятнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Илм ўрганишга эътибор сусайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади, инқирозга ёки ҳалокатга юз тутади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter