Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мутахассис қандли диабети бор инсонларда коронавирус нега оғир кечишини тушунтирди

Мутахассис қандли диабети бор инсонларда коронавирус нега оғир кечишини тушунтирди

Фото: ССВ матбуот хизмати

Қандли диабети бор инсонларда коронавирус нега оғир кечади? Тиббиёт фанлари номзоди Севара Фахрутдинова ССВ матбуот хизмати билан суҳбатда бунга изоҳ бериб ўтди.

— Қандли диабети бўлган инсонлар турли хил инфекцияларга мойил бўлади ва уларда инфекцион жараён оғирроқ кечади. Сабаби шакар микроблар учун озуқа моддаси ҳисобланади. Инсон танасига инфекция тушганида қонда қанд миқдорининг ошиши кузатилиши мумкин, шунинг учун касалликни назорат қилишга жиддий эътибор қилиш лозим.

Агар диабети бор бемор қонида глюкоза микдори баланд бўлса, COVID-19 касаллиги ушбу беморларда оғир кечиши мумкин. Сабаби касалликда кузатиладиган «ситокинлар бўрони» учун шакар қувват манбаидир. Айниқса, тана вазни ортиқча бўлган инсонларда коронавирус оғир кечади. Бундан ташкари, коронавирус инфекцияси хам ушбу касалликнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин деган тахминлар бор.

Маълумки, коронавирус касаллигини даволашда глюкокортикоидлар гуруҳига кирувчи "Дексаметазон" дори воситаси кенг қўлланилади. Бу дори қонда қанд миқдорини кўтарувчи препаратлар қаторига киради, диабетнинг 2-турига мойил бўлган инсонларда бу дори воситасини қўлланиши диабетни ривожланишига олиб келиши мумкин, бу кўпинча ортиқча тана вазни бўлган инсонларда кузатилади.

Ушбу дори воситасини қабул қилувчи инсонлар қонда қанд миқдорини мунтазам ўлчаб бориши ва албатта, соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари лозим.

Касалликка чалинган беморларда коронавирусдан даволаниш жараёнида қонда қанд миқдорини пасайтирувчи дори воситалари дозасига бўлган эҳтиёж ортиши мумкин. Коронавирус жараёнида қанд миқдори ошиб кетса, бу оғир асоратларга олиб келиши мумкин, шунинг учун, COVID-19нинг ўрта ва оғир ҳолатларида қандли диабет беморларига инсулин билан даволаш тавсия қилинади. Бу коронавирус инфекциясидан тезроқ тузалишга ёрдам беради, олдин таблетка билан даволанганлар кейинчалик яна ўша даволаш режимига қайтиши мумкин.

Агар диабети бўлмаган, COVID-19 касаллигига чалинган инсонларда «Дексаметазон» ва шунга ўхшаш глюкокортикоид дори-воситалари таъсирида қонда қанд миқдори баланд бўлса, керак бўлганда, улар ҳам инсулин билан даволанишлари шарт. Бу дори воситаларида эҳтиёж қолмаганда қонда қанд миқдори меъёрга келиб, инсулинга бўлган эҳтиёж ҳам йўқолади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг