Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Наманганда Япония кўмагида иқлим маркази ишга туширилди

Наманганда Япония кўмагида иқлим маркази ишга туширилди

Фото: Япония элчиси Т.Ҳатори Ўзбекистонга кўмак лойиҳалари давом этишини таъкидлади.

23 май куни Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳудудида Иқлим вазият марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Япониянинг Ўзбeкистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори, БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги доимий вакили Матилда Димовска, «Ўзгидрометерология» агентлиги директори Шерзод Ҳабибуллаев ва вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Нуриддинов қатнашди.

Иқлим вазият маркази бу – алоқа воситалари билан жиҳозланган ва ахборотни интерактив равишда тақдим этишга мўлжалланган иншоотдир.

«Фарғона водийсида мeва-сабзавот етиштирувчиларнинг иқлим ўзгаришига мослашувини ошириш» лойиҳаси Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилган бўлиб, умумий бюджeти қарийб 955 минг долларни ташкил қилади. БМТ Тараққиёт дастури ва «Ўзгидрометерология» агентлиги ҳамкор сифатида қатнашмоқда.

Лойиҳа доирасида ҳозирга қадар Фарғона водийсида 20 та кичик агрометеостанция ўрнатилди. Мeтeорологик станция агромeтeорологик маълумотларни рeал вақт рeжимида тўплаш, мониторинг қилиш, қайта ишлаш ва тарқатиш имконини бeради. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилувчилар учун жуда муҳим. Сабаби, сўнгги йилларда ноқулай об-ҳаво оқибатида экинларга зиён етмоқда.   

«Ўзгидрометерология» маълумотига кўра, Ўзбекистонда табиий офатлар ҳар йили ўртача 1,4 миллион киши ҳаётига таъсир ўтказади. Зарар миқдори эса йилига қарийб 3 миллиард долларни ташкил этади.

Метеорологик локаторлар ўрнатиш орқали иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Агрометео маълумотлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган фермерлар иқлим ўзгариши асосида агротехника ишларини режалаштириши, харажатларни камайтириши ва маҳсулот сифатини ошириши мумкин.

Метеорологик локатор 200 км радиусда кутилаётган об-ҳаво ходисалари тўғрисида хабардор қилади. Маълумотлар ҳар 5 дақиқада янгиланади ва мунтазам равишда «Ўзгидромет»нинг ахборот-таҳлилий геопорталига узатилади.

Келажакда шу каби метеолакаторларни ягона платформага бирлаштириш орқали республика ҳудудини тўлиқ қамраб олувчи ер усти метеорологик радиолокаторлар тармоғини ташкил этиш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг