Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Наманганда 77 яшар фуқарога туғилганлик гувоҳномаси берилди

Наманганда 77 яшар фуқарога туғилганлик гувоҳномаси берилди

Фото: Наманган вилояти адлия бошқармаси

Наманганда 77 яшар фуқарога туғилганлик гувоҳномаси берилди. Бу ҳақда вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати хабар берди. 

1949 йилда туғилган Раҳманов Турсунбой бу кунни узоқ кутди. У туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳамда собиқ Совет Иттифоқи даврида олган паспортини йўқотиб қўйгани сабабли шу кунгача Ўзбекистон фуқаролигини расмийлаштира олмай келган.

​Фуқароликни тасдиқловчи зарур ҳужжатларга эга бўлмагани боис Турсунбой ака шу пайтгача нафақа ҳам ололмаган. Бу ҳолат унинг кундалик ҳаётида қатор қийинчиликларни келтириб чиқарган.

​Муаммо ечимини излаб, у Наманган тумани ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилди.

​Мурожаатчи билан суҳбат давомида унинг шу кунгача Ўзбекистон фуқаролиги паспортини олмагани, шунингдек, доимий яшаш манзилига эга бўлмагани маълум бўлди.

​ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан мавжуд ҳолат атрофлича ўрганилиб, зарур маълумотлар олинди. Натижада Турсунбой аканинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси такрорий тартибда тикланиб, унга тантанали равишда топширилди.

​Эндиликда Турсунбой ака мазкур гувоҳнома асосида фуқаролик масаласини қонуний тартибда ҳал этиш юзасидан судга мурожаат қилиши ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини расмийлаштириш имкониятига эга.

​Фуқаролик масаласи ҳал этилгач, қонунчиликда белгиланган талаблар асосида пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлардан фойдаланиш масаласини ҳам қонуний тартибда ҳал этиш имконияти юзага келади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг