Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоий шаҳрида (!) соатлаб чироқ ўчмоқда. Аҳоли бу ҳолатга расмий изоҳ берилмаётганидан ташвишда

Навоий шаҳрида (!) соатлаб чироқ ўчмоқда. Аҳоли бу ҳолатга расмий изоҳ берилмаётганидан ташвишда

Фото: «sensorika.uz»

Сўнгги кунларда «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталига Навоий шаҳридан мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларнинг эътирози деярли бир хил: шаҳарда электр энергияси тармоғида тинимсиз узилишлар содир бўлмоқда.

«Мана бугун ҳам Навоийда чироқ ўчди, алам қиладигани қачон ўчишини (аниқроғи, ўчирилишини) билмайсан, кўз нурингни тўкиб ёзганларинг (компютерда дейилмоқчи — таҳр.), меҳнатинг бир пул бўлади, куйиб кетади... Бундай ҳолат икки ҳафтадан бери кузатилмоқда, баъзи кунлари 5-6 соатлаб электр токи бўлмайди. Ўзимча бир сўраб билайчи деб (жонга тегдида тўғриси), шаҳарни электр энергияси билан таъминлашга масъул Навоий вилоят электр тармоқлари корхонаси диспетчерлик хизмати бўлими бошлиғи билан боғландим. «Сабаб нимада?» деб сўрасам, бўлим бошлиғи: «Бизда айб йўқ ака, Тошкент марказий диспетчерлик хизматидан шундай буйруқ бўлади, ёқилғи, газ йўқ. Навоий иссиқлик электр станцияси газ билан ишлайди, тушунинг» дейди. Ташкилотлар, идоралар, корхоналар электр билан ишлайди, узилиши сабаб, белгиланган ишлар вақтида бажарилмаяпти, кечаси билан ишлашга тўғри келяпти, чарчадик. Энди тасаввур қилинг, касалхоналарда ҳам шундай ҳолат, уларда мустақил электр генераторлари йўқ ҳисоби, агар бирор киши реанимацияга тушганида чироқ ўчиб қолса борми, Аллоҳ асрасин...», деб ёзади мурожаатчилардан бири.

Яна бир мурожаатда айтилишича, электр тармоғидаги давомий узилишлар совуқ сув, иссиқ сув таъминотида ҳам муаммоларни юзага келтирмоқда. Навоий шаҳридаги ташкилотлар, идораларда иш тартиби ва унумдорлиги бузилган. Ва бу ҳолатга мутасадди идоралардан на бирор изоҳ берилмоқда, на аҳоли олдиндан огоҳлантирилмоқда.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Навоий вилоят электр тармоқлари корхонаси диспетчерлик хизматиники деб берилган телефон рақами билан бошланишга уриндик, аммо уринишимиз бесамар кетди.

«Xabar.uz» мутасаддилардан изоҳ кутиб қолади ва албатта бу мавзуга яна қайтади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг