Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нега ҳамманинг дами ичида?

Нега ҳамманинг дами ичида?

– Яқинлашма! – дейди у...

Фото: «vnovgorode.ru»

Мен катта бўлган даштлар орасида Қизилбулоқбува деган бир қайнарбулоқ бўларди. Булоқнинг кунботар томонида 5 туп кексайиб қолган тут дарахти бор эди. Биз ўйинқароқ болалар саратон кунлари қўйларни суғориб, ана шу кекса тутларнинг соясида озгина тин олардик. Ҳа, озгина! У ерда узоқ қолишга қўрқардик.

Гап шундаки, булоқдан беш-олти қадам нарида кичикроқ сандиқдек келадиган иккита тош бор. Айтишларича, ёнма-ён турган шу тошларнинг орасида қизил чакмонли бир одам ёвдан қочиб келиб, ғойиб бўлиб кетган экан. Яъни, тириклай ерга кириб кетган эмиш. Шунинг учун ҳам бу жойнинг номи Қизилбулоқбува экан. У бува ким бўлган? Қаердан келган? Қайси ёвдан қочган? Бу саволларнинг ҳеч бирига жавоб йўқ! Лекин шу тошнинг олдига бориш бизга тақиқланган эди. «Тутиб олади, зинҳор яқинига борманглар», — деб бот-бот айтилганди. Тошга яқинлашиш тугул, овозимизни ҳам баландлата олмасдик. Жимгина омин қилиб ўтиб кетардик.

Орадан йиллар ўтди. Улғайдик, одам бўлдик. Бир инсон ўз-ўзидан ерга кириб кетмаслигига, Аллоҳ таолонинг изнисиз дарахтнинг барги ҳам узилмаслигига ақлимиз етадиган бўлди.

Яқинда ана шундай «юксак малака» билан ўша қадрдон даштларни, булоқларни зиёрат қилдим. Ё тавба, сандиқча тошга кўзим тушиши билан ичимда бир қўрқув уйғонди.

– Яқинлашма! – дейди у.

Ақлим истеҳзо қилади:

– Оддий тош-ку бу!

– Ҳа, оддийгина тош бу, бунинг нимасидан қўрқаман, – дейман ўзимни бепарво кўрсатиб. Энг ёмони, бепарво эмасман-да! Ичимда нимадир шу ердан тезроқ кетишга, узоқлашишга ундайди. Мен ичкаридаги бу кучни танидим: қўрқув! Йиллар давомида ичимга сингиб кетган қўрқув! Билдимки, мана шу қўрқувни ўлдирсамгина қаршимдаги сандиқча тош «муқаддас»лигини йўқотади, оддий тошга айланади. Акс ҳолда...

Ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги сўнгги ўзгаришларни кузата туриб, ана шу «сандиқча тош»ни ўйлайман. Диндан, эркинликдан, эркин сўздан қўрқув ич-ичимизга кириб кетган экан. Хўш, буни енгиб ўтоламизми? Ҳамма гап шунда!

Бемор тузалиши учун аввало унинг ўзида хоҳиш бўлиши керак. Афсуски, бизда ана шу хоҳиш йўқ! Ҳамон «сандиқча тош» олдидан тинчгина омин қилиб ўтиб кетаяпмиз.

Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, сўнгги икки йил ичида нималар ўзгарди? Менимча, Ўзбекистонда бир киши ўзгарди ва у киши ўзгартирган нарсалар ўзгарди, холос! Ёки сиз бирор марта Халқ таълими вазири минбарга чиқиб, «мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ қилишга муҳтож» деганини эшитдингизми? «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими мутлақо талабга жавоб бермай қолган» деган тиббиёт мутасаддисининг ташаббусини-чи?! Ёки диний идоранинг «Аҳлининг 94 фоизини мусулмонлар ташкил этадиган бу мамлакатга эътиқод эркинлиги берилиши керак» деганини ким эшитди?

Нега фақат бир киши ташаббус қилиши, ислоҳотчи бўлиши, муаммони ҳал этиши керак? Нега бошқаларнинг дами ичида?

Вақти-вақти билан президент бир муаммони «йиқитиб» беради, орқасидан матбуот, телевидение, мутахассислар бориб «тепишади». Шу билан иш битадими? Президент таълим ҳақида гапирса, уч-тўрт кун жойлардаги абгор таълим муассасалари, «масъулиятсиз ўқитувчилар» нишонга айланиб кетади. Тўй ҳақида гапирса, тўйларимизнинг миллий фожиага айланиб кетгани эсимизга тушиб қолади.

Ўтган ҳафта ДХХнинг маърузасидан кейин эса ичимиздаги қўрқув янада қуюқлашиб, қаршимиздаги «сандиқча тош» янада сирлироқ кўрина бошлади.

Хуллас, ҳаммаси ўзгача қиёфада бошқатдан бошланмаса бўлди.

Алишер Назар

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг