Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Нодира Алимова: «Ҳеч жойда ишламайдиган» қишлоқ аёллари тонг саҳардан то тунга қадар тиним билмай меҳнат қилишади

Нодира Алимова: «Ҳеч жойда ишламайдиган» қишлоқ аёллари тонг саҳардан то тунга қадар тиним билмай меҳнат қилишади

Жиззах вилоят «Қалб нури» аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг директори Нодира Алимова бир тадбирда менга грант ютганини айтиб қолди. Лойиҳанинг мақсади нима, деб сўрадим. Тошкент у ёқда турсин Жиззах шаҳрини кўрмаган опа-сингилларимизни шаҳар бўйлаб айлантириш, деди Нодира менга. Айтганча, Нодира Алимова Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази медиатренери ҳам.

Сезиб-билиб турганингиздек, Нодира билан суҳбатимиз аёллар ҳақида. 15 октябрь санасида қишлоқ аёллари бутун дунё бўйлаб эсланадиган кун. Биз ҳам шу фурсатдан фойдаланиб қишлоқ аёлларининг армонлари, орзулари, яшаш шароити, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида айнан Нодира Алимова билан суҳбат қилишга қарор қилдик. Зеро, доимоа ёллар учун куйиб-пишиб юрадиган марказ директори ва шу билан бирга, вақти келса оддий аёл Нодира Алимовачилик уларни ҳеч ким яхши билмайди.

– «Қалб нури» марказининг вазифаси нималардан иборат, деган саволимдан бошлаймиз суҳбатни...

– Вилоятдаги қийин аҳволга учраган аёлларга, уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, оила институтларини қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кучайтиришдан иборат.

– Йўналишлари-чи?

– Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тиббий маданиятини ошириш. Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгсизлигига ва зўравонликка барҳам бериш, ҳар бир жабҳадаги муаммоларни мустақил ечимини топишда ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини, ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш.

Аёлларнинг шахсий ва ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, оилавий кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ва уй меҳнатини ташкил қилиш. Маънавий қийин аҳволга тушган аёллар ва уларнинг оилаларига психологик ёрдам кўрсатиш.

– ННТда иш бошлашингизга нима туртки бўлган? Иш фаолиятингиз давомида сизни энг таажжубга солган, ҳайратлантирган воқеалар.

 – Аёлларга ёрдам кўрсатадиган «Ҳамдард» ННТ Жиззахда илк бор 1990 йилларда ташкил топганди. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган Сайёра Ҳамдамова устозимнинг бир гапи сира қулоғимдан кетмайди: «Бундай марказларда ҳамма ҳам ишламайди, бунинг учун фидойи бўлиш керак!»

Ўша вақтларда мен Жиззах вилоят телерадиокомпаниясида журналист эдим. Ён-атрофимизда рўй бераётган ҳар қандай воқеа ва ҳодисалар, муаммолар табиийки биз ёш журналистларни бефарқ қолдирмасди. «Менинг фикрим» номли танқидий, таҳлилий муаллифлик кўрсатувим бор эди. Томошабинлардан жуда кўплаб хатлар олардик. Жиззах шаҳарининг маҳаллаларида яшовчи фуқародан хат келди. Унда бир хонали хонадонда яшовчи оила бошлиғи муккасидан кетар даражада ичкиликка ружу қўйгани, мардикорчиликдан топган пулини ичиб юришини, оила бекаси эса 3 нафар вояга етмаган қизларини турмуш ўртоғига ташлаб, ўзи бутунлай йўқлиги ёзилганди. Ачинарлиси, қизларнинг энг каттаси 10-12 ёшлар атрофида бўй етиб келаётгани, энг кичиги эса эндигина 3 ёшлар атрофида эканлиги эди. Мен бу ҳолатга жим қараб туролмасдим. Кўрсатув тайёрлаб, эфирга узатдим. Бу кўрсатувдан кейин мурожаатчилар ишхонага ҳам кела бошлашди. Бир гал турмуш ўртоғи томонидан доимий равишда таҳқирлаб келинган, никоҳи бекор бўлмаса-да, бошқа аёлга шаърий никоҳ билан уйланиб, уйига олиб келган, вояга етмаган 3 нафар фарзанди билан кўчага қувиб юборилган аёл йиғлаб келди. Аёл ота-онаси ўтиб кетганлигини, укаси ўз кунини зўрға кўришини, борадиган жойи йўқлигини айтиб ёрдам сўради. Бу ҳолат ҳам кўрсатувларнинг навбатдагиси учун мавзу бўлганди... Ўша даврларда зўравонлик ҳақида гапиришнинг ўзи анча муаммо эди. Кўп оворагарчиликлар бўлди, тушунтириш хатлари ёзилди, кимлардандан кечиримлар сўралди. Буниси муҳим эмасди. Бу мавзунинг қанчалар долзарблиги муҳим эди. Бу мавзуни ёритар эканман, ўзим Жиззах тумани (ҳозирги Шароф Рашидов)даги қишлоқлардан бирида туғилиб ўсганим учун, оғир вазиятга тушган аёллар, айниқса, имкониятлар чегараланган қишлоқ жойларида, ишсиз аёллар қанчалар ёрдамга муҳтож бўлишини тобора чуқурроқ ҳис қила бошладим...

2007 йилда «Қалб нури» ННТ рўйхатдан ўтди ва мана 15 йилдирки 20 га яқин турли ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар амалга оширилди. Шунингдек, марказнинг «qalbnuri.uz» веб-сайти ҳамда «226-52-62» рақамли «Ишонч телефони» ишга туширилган.

Халқаро ташкилотлар грантлари бўйича фаолиятларингизга ҳам тўхталсангиз.

– Марказ томонидан 2011-2012 йилларда Жаҳон банкининг тараққиёт дастури 7 минг АҚШ доллари миқдоридаги гранти асосида «Қишлоқ аёлларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ўргатиш» лойиҳаси амалга оширилган. Лойиҳа доирасида вилоятнинг чегара ҳудудлари – Бахмал, Зомин, Фориш, Мирзачўл ва Янгиобод туманларида 1000 дан зиёд аёлларга тадбиркорлик асослари, кредит олиш тартиблари ва бизнес-режа тузиш бўйича иқтисодий ва тадбиркорлик соҳасида мутахассислар томонидан маслаҳатлар берилган.

2019-2020 йилларда Марказий Осиёда Евросиё фонди Жамоат фондининг 4 минг евро миқдоридаги гранти бўйича Жиззах шаҳар 7-сонли умумтаълим мактабида «Кам таъминланган оила фарзандларига бепул IT курслари ва хорижий тилларни ўргатишни ташкил этиш» лойиҳаси амалга оширилган. Унда Жиззах шаҳрининг «Иттифоқ», «Дўстлик» ва «Ёшлик» маҳаллалари ҳудудидаги кам таъминланган оилаларнинг юқори синфларда ўқийдиган 60 нафар фарзандларини ахборот технологиялари ва хорижий тил курсларида бепул билим олишлари таъминланди.

Бундай лойиҳалар жуда кўп. 

– Бу каби марказлар ҳар бир вилоятда бор. Ва уларнинг ўзига яраша муаммоси бор. Айтинг-чи марказ маблағ масалани қандай ҳал қилади?

– Мени кейинги йилларда бир нарса жуда таажжубга солади. Юқорида айтганимдек, жамоат ташкилотларида ҳамма ҳам ишлайвермайди. Айниқса, ташаббускор ташкилотларга жуда қийин. Сабаби, бу ерда ҳар ой барқарор ойлик маош йўқ. Бюджетдан маблағ олинмайди. Йўқ ердан, турли грант танловларини излаб топиш, эҳтиёжларни аниқлаш, бир неча кунлаб лойиҳа ёзиш, ҳимоя қилиш ва ютиб олиш, мақсадли ишлатиш ва ҳисоботларни ўз вақтида белгиланган тартибда топшириш, буларнинг ҳаммаси чуқур билимни, мустаҳкам асабни, сабр-бардошни талаб этади. Энг ёмони, ижтимоий муаммоларни бартараф этишга чоғланасан ва ўша йўналишда фаолият кўрсатаётган тегишли давлат ташкилотига борсанг, ННТ нима эканлигини тушунмаган, салоҳиятсиз раҳбар кадрлар соатлаб қабулида куттиради. Қабулига кирсанг, худди нонини яримта қилиб қўядигандек, сен билан ҳамкорлик қилишни пайсаллайди. Қуруқ ваъдалар бериб, бир неча кунлар овораю сарсон қилиши мени қаттиқ ранжитади ва ҳайратга солади. Кўп йиллар давлат ташкилотларида ишлаганлигим ва бугун жамоат ташкилотида фаолият юритаётганим сабабли нега ижтимоий муаммолар тез ҳал бўлмаётганининг сабабини шулардан кўраман.

– Қишлоқ аёлларининг муаммоллари жуда кўп ва у тугамайдигандек...

 Бир йили ташкилотимиз томонидан белгиланган сўровнома асосида вилоятимизнинг Бахмал ва Мирзачўл туманларида яшовчи, ижтимоий аҳволи турлича бўлган хотин-қизларнинг эҳтиёжларини ўргандик. Тадбирда Мирзачўлдан ҳаётда ўз ўрнига эга, мутахассис, депутат аёллардан ташқари, ишсиз, меҳнат мигранти, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳам таклиф этилган эди. Шулар орасида қатнашаётган бир аёл ҳаяжонлана бошлади. У ўз ҳаяжонини яширолмади ва умри давомида илк бор чиройли хонада, юқори мавқега эга бўлганлар билан бир даврада, ҳурмат ва иззат кўрсатилган ҳолда ўтирганини айтди. Ўзини илк бор аёл, инсон эканлигини ҳис қилганини билдирди. Буни эшитиш ҳам ҳайрат, ҳам даҳшат эди аслида. Биз жамоат ташкилотлари вакиллари энг қуйига, чекка қишлоқларга кўпроқ чиқишимиз, аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни кўпроқ амалга оширишимиз лозимлиги яққол намоён бўлди. Бахмал туманида эса бир қишлоқ аёли Тошкент, Самарқанд каби катта шаҳарлар тугул Жиззах шаҳри марказини ҳам ҳали кўрмаганлигини айтганида бу борадаги ишларимиз етарли эмаслигини билдим ва яқинда атайлаб шундай аёлларимиз учун ёзган лойиҳам грант танловида ютиб чиқди!

– Қишлоқ аёлларининг орзулари ҳам ўзлари каби содда ва беғубор. Улар ҳам ўқиб, ўрганишни хоҳлайди. Бироқ, уйи, рўзғоридан ортолмайди.

– Тўғри, кейинги пайтларда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан турли касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув курслари ташкил қилинмоқда. Аммо, аёлларнинг ўша курсларга рўзғоридан орттириб, йўл кира сарфлаб келолмаслиги кўпинча эътибордан қолиб кетади. Ёки кўпчилик хотин-қизларга турли тикиш ва бошқа жиҳозлар берилмоқда, аммо касбий малака берилмасдан, яъни «балиқ тутишни ўргатувчи» махсус ўқувларсиз берилган жиҳозлар, афсуски, ишлатилмасдан қолмоқда. Мен қишлоқ аёлларига индивидуал ёндашув, ҳар бирини қизиқишига қараб ўқитиш ва иқтисодий имкониятини кенгайтириши учун молиялаштириш зарурлигини айтган бўлардим.

Қишлоқ келинлари, умуман, қишлоқ аёлларининг сабру матонатига таъзим қилиш керак. Улар ҳам ҳамма шароитлари бор, иссиқ, ёруғ уйларда яшашни хоҳлайди. Меҳнатни осонлаштирувчи кир ювиш, уй тозалаш техникаларидан фойдаланишга ҳаққи бор. Ҳаммоми бўлса, иссиқ ва совуқ сув доим келиб турса, қанийди. Қишлоқ аёллари билан гаплашганда, айримлари электр энергияси бир кунда фақат кечки пайтдагина берилишини, ўшанда ҳам қуввати пастлигидан телевизор яхши кўрсатмаслигини, бу пайтда фақат мобиль телефонларини тезда қувватлантириб олишларини айтиб қолишади. Кунлари сув ташиш, қўлда кир ювиш, ўчоққа ўт қалаб овқат пишириш билан ўтиб кетаётган аёллар қанча?! Умр эса жуда қисқа, айримлар таъбири билан айтганда «Ҳеч жойда ишламайдиган» қишлоқ аёллари тонг саҳардан то тунга қадар тиним билмай меҳнат қилишади. Бир томондан уларнинг меҳнати оғир бўлса, иккинчи томондан глобал иқлим ўзгариши кузатилаётган шу кунларимиздаги экологик вазият, атроф-муҳитдаги чанг ва тўзонлар, сувсизлик қишлоқ аёлларининг саломатлигига, ҳаёт сифатини ёмонлашишиша сабаб бўлмоқда. Уларнинг оғирини енгил қилиш вақти аллақачон етган. Энг чекка қишлоқларга ҳам кичик ҳовли ва 2 қаватли ихчам ва шинам уйлар қуриш, қуёш панелларини ўрнатиш, иссиқхона ва бошқа уй шароитида тадбиркорлик қилишлари учун имтиёзли кредитлар бериш керак. Булар қишлоқ аёлларининг оғирини енгил қилади.

– Интернет ривожланган замонда аёлларнинг медиасаводхонлиги борасида ҳам нималардир қилаяпсизларми? 

– Марказимизга турли киберҳужумга учраган, интернетдаги фирибгарларга алданган, билиб-билмай турли оғир вазиятларга тушиб қолаётган хотин-қизлар ҳам ёрдам сўраб мурожаат этиб туришади. Шуни инобатга олиб 2022 йилда Жиззах вилоят ИИБ ва вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда бир ижтимоий лойиҳа, яъни вилоятнинг 5 та чегара тумани хотин-қизлари ўртасида «Медиасаводхонлик ҳаммага керак» лойиҳасини бажардик. Бу жуда долзарб масала. Чунки бугун аёлларимиздан медиасаводхон бўлиш талаб этилади. Уларга бу борадаги билимларини ошириш мақсадида телевидение учун махсус кўрсатув ва алданиб қолмаслик бўйича видеороликлар тайёрлаб, ТВ ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқатилишини таъминладик. Бу каби кичик бўлсаям, ишларимиз қайсидир оилани парокандаликдан, аёлларимизни оғир вазиятлардан асраб қолса биз ўз мақсадимизга эришган бўламиз.

– 50 млн. сўмлик грантни ютдиларингиз ва бу лойиҳадан кўзланган мақсад.

– Яқинда «Жиззах бўйлаб саёҳат қил!» Дастурини амалга ошириш» йўналишида эълон қилган грант танловида «Саёҳат қилинг, ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан баҳра олинг!» номли лойиҳамиз билан иштирок этдик ва 50 млн. сўмлик грантга сазовор бўлдик.

Лойиҳамиздан кўзланган мақсад кўп болали, ишсиз ёки оғир вазиятга тушган хотин-қизларнинг Жиззах бўйлаб саёҳатини ташкил қилиш, театрда кўнгилочар томоша уюштириш орқали кайфиятни кўтаришдан иборатдир. Юқорида таъкидлаганимдек, вилоятимизнинг ҳар бир туманидан ҳали шаҳарни кўрмаган қишлоқ аёллари Жиззахнинг диққатга сазовор жойларига олиб келинади. Бу шунчаки саёҳат бўлмайди. Мақсадли гуруҳимиз чиройли тарзда тантанали равишда, худди юқори нуфузли меҳмонлардек кутиб олинади, музейларга ташрифи уюштирилади. Аёл ҳақида уларга мотивация берадиган, кўнгилни кўтарувчи спектаклни томоша қилишларига эътиборни қаратамиз. Эҳтимол, бу бир кунлик лойиҳа ўз уйи, қишлоғидан чиқмаган айрим аёллар учун ҳаётини ўзгартиришга, ўз баҳосини англашга ва ўзига бўлган ишончни оширишга хизмат қилар?! Аслида ҳам асл мақсадимиз шу!

                                                                                   Барно Султонова суҳбатлашди

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг