Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ноёб илмий объектга «Ўзбекистон миллий гербарийси» номи берилди

Ноёб илмий объектга «Ўзбекистон миллий гербарийси» номи берилди

Фото: «friesland-post.nl»

«Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори имзоланди. Қарор матни «ЎзА»да эълон қилинди.

Мазкур қарор билан Ботаника институти илмий фаолиятини янада такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг табиий ўсимликлар хилма-хиллигини ўрганиш соҳасидаги ягона давлат илмий муассасаси сифатида қайд этиш белгиланди.

Институтнинг ноёб илмий объекти — «Марказий гербарий» миллий аҳамиятга эга гербарий деб тан олинди ва унга «Ўзбекистон миллий гербарийси» номи берилди.

Институт таркибида:

  • Ноёб ўсимликлар турлари кадастри ва мониторинги лабораторияси;
  • Ўзбекистон флораси лабораторияси;
  • Ўзбекистоннинг ўзига хос ўсимликлари хилма-хиллиги билан таништириш мақсадида Ботаника музейи ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ, Фанлар академияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг Фанлар академиясини Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини тайёрлаш ва чоп этиш бўйича ваколатли орган этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини тайёрлаш, чоп этиш ва юритиш тартибини тасдиқлаши белгиланди.

Илмий бўлинмаларнинг яхлитлигини сақлаб қолиш ва илмий-тадқиқот фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида:

  • Институтнинг ғўза систематикаси ва интродуксияси лабораторияси, «Ғўза генофонди» ноёб илмий объекти ва иссиқхона комплекси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтига;
  • Институтнинг анатомия ва ситоэмбриология, дарахт ва ўт ўсимликлари интродуксияси, шунингдек, доривор ўсимликлар лабораториялари академик Ф.Н.Русанов номидаги Ботаника боғига ўтказилади.

Қарорда институт томонидан олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган илмий ва компьютер ускуналари, приборлар, реагентлар, бутловчи қисмлар, сарфлаш материаллари, дастурий таъминотлар ва техник воситалар 2021 йил 1 июлгача божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилиши ҳам белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг