«Нукус сити» қурилиши бошланди
Кеча Нукус шаҳрининг «Ашшикўл» ҳудудида 50 минг аҳолига мўлжалланган «Янги Ўзбекистон» массиви – «Нукус сити» қурилиши бошланди.
270 гектарда илғор архитектура ечимлари ва энергия тежамкор технологиялар асосида осмонўпар бинолар, бизнес, савдо ва сервис марказлари, яшил хиёбонлар барпо этилади. Инвестиция лойиҳаларига хориждан салоҳиятли инвесторлар жалб қилинади.
Нукусдаги Мустақиллик кўчаси тун-у кун ишлайдиган масканга айланди. 28 нафар тадбиркор иш бошлаб, 50 нафарининг фаолияти кенгайгани ҳисобига бир ҳафтада савдо тушуми 2 карра ошди.
Нур ва Элобод маҳаллалари Олмазорнинг Қичқириқ маҳалласи намунасида обод қилинади. Наврўз байрамигача шу ердаги истироҳат боғида аҳолини жалб қиладиган замонавий маскан барпо этиш топширилди.
Кегейлида 3,5 километр зовурни ёпиб, 100 та сервис объекти қуриш бошланган. Бунинг ҳисобига 320 та иш ўрни яратилади.
Қолган вилоят ҳокимларига ҳам Наврўзгача ўзларига бириктирилган туманларда биттадан маҳалла ва марказий кўчада шундай лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Обод қилинган кўча ва маҳаллаларга аҳолининг ўзи баҳо бериши, одамлар маъқул топса, ушбу кўчаларга уларни обод қилган вилоятлар номини бериш таклифи билдирилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter