Олимлар қум ва чанг бўронларига қарши инновацион усулларни муҳокама қилдилар
Самарқандда БМТнинг чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчиликка қарши Конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC-21 доирасида маҳаллий ва халқаро олимлар, мутахассислар иштирокида илмий анжуман бўлиб ўтди.
«Таълим ва ердан фойдаланишнинг илмий асосланган, инновацион ёндашуви ер деградацияси ҳамда қум ва чанг бўронларининг салбий оқибатларини юмшатишга ёрдам бера оладими?» мавзусиба ғишланган ўтказилган тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти, UNCCD (БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенсияси) ва UNDP (БМТ Тараққиёт дастури) вакиллари, 10 га яқин хорижий давлат илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар иштирок этди.
«Тадбирда асосий масала қурғоқчилик, ерларнинг деградацияси ва чўлланишга қарши курашда таълим, илм-фаннинг аҳамиятини ошириш, инновацион ёндашувларга қаратилди, — деди Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти директори Бахтиёр Пўлатов. — Чет эллик мутахассисларга юртимизда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бердик. Уларга, Орол денгизи ҳудудида чўлланишга қарши олиб борилаётган ишлар, айниқса, жуда кўп миқдорда саксовул ўсимлиги экилаётганлиги маъқул келди. Бугунги кунда чўлланишга қарши курашда сув ресурсларини сақлаб қолиш жуда муҳим ҳисобланади. Олимлар билан муҳокамаларда шу мавзуга ҳам эътибор қаратдик».
Музокаралар давомида чанг ва қум бўронлари асосий эътибор қаратилиши керак бўлган масалалардан эканлиги таъкидланди.
«Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашда инновациялар ва янги технологиялар жуда муҳим ҳисобланади. Биз турли хил амалиётларнинг биофизик ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатларини кўриб чиқдик, қум ва бўронларнинг қайноқ нуқталарини аниқлаш каби масалаларни кўриб чиқдик, — деди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти вакили Ферас Зиадат. — Мақсадимиз қум ва чангни келтириб чиқарадиган омилларни аниқлаш ва бартараф этишдир. Чунки бу нафақат Марказий Осиё, балки бошқа қитъаларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, қум ва чанг бўрони дунёнинг 151 га яқин давлатига таъсир қилмоқда».
Тадбир давомида Ўзбекистонда экология ва чўлланиш муаммолари бўйича тадқиқотлар олиб бораётган университетлар ва илмий муассаса вакиллари ўз фикр ва таклифларини билдиришди. Шунингдек, UNCCD ва UNDP каби халқаро ташкилот вакиллари чанг ва қум бўронларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш имкониятларини муҳокама қилдилар. Қолаверса, Орол денгизидаги чўлланишга қарши кураш чоралари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
«Президентимиз БМТ минбарида Орол денгизи муаммосини кўтариб чиққанидан бери дунё жамоатчилиги Орол денгизи муаммосига жиддий эътибор қаратмоқда. Бугунги анжуманда дунёда бўлаётган иқлим ўзгариши, денгиз, дарёларнинг қуриб кетиши, ерларнинг деградацияга учраш масалалари муҳокама қилинди. Орол муаммосини ҳал қилиш борасида қилинган ва режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берилди. — деди Экология, атроф-муҳтини муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Орол денгизи халқаро инновацион маркази директори Бахитжан Ҳабибуллаев. — Ҳозирги вақтда 1 миллион 700 минг гектардан зиёд ерда саксовул экилди. Келажакда эса ҳар йили 200 минг гектар ерга саксовул экилиши режалаштирилмоқда».
Тадбир якунида чўлланиш, қурғоқчиликка қарши келажакда қилиниши керак бўлган ишлар белгилаб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter