Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Олмазор тажрибаси» оммалаштирилади

«Олмазор тажрибаси» оммалаштирилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Олмазор туманида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича йўлга қўйилган янгича иш тизими натижаларини таҳлил қилди.

Таъкидланишича, йил бошидан буён туманга Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг профессор-ўқитувчилари бириктирилган. Улар 23 нафар терговчи билан ҳамкорликда ишлаб, ҳудудда кўп учрайдиган жиноятларнинг олдини олиш ва тергов самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий услубларни жорий этмоқда.

Академиянинг 20 нафар талабаси эса дуал таълим асосида тажрибали терговчилар ва профилактика инспекторларига бириктирилди. Бу тизим талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш билан бирга, маҳаллалардаги профилактика ишларига ҳам катта ёрдам бермоқда.

Бундай ёндашув натижасида тумандаги 64 та маҳалланинг 13 тасида умуман жиноят содир этилмади, криминоген вазияти оғир тоифадаги маҳаллалар эса қолмади. Аёллар иштирокидаги жиноятлар 22 тадан 10 тага камайди, муқаддам жазо ўтаб қайтган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари умуман кузатилмади.

Шу билан бирга, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳамда тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳали ҳамон алоҳида эътибор талаб қилиши таъкидланди.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш бўйича самарали профилактика чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва бу борада «Олмазор тажрибаси»ни яратиш вазифаси юклатилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг