«Орол денгизига поезд» ёшлар экологик акцияси: Табиат ва келажак учун биргаликда қадам

Жорий йил 28-31 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда «Орол денгизига поезд» ёшлар экологик акцияси ўтказилмоқда.
Мазкур акция Оролбўйи минтақасида юзага келган экологик муаммолар ҳақида кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида хабардорликни оширишга, экологик маданиятни шакллантиришга ва ёшларнинг ушбу жараёнлардаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган.
Акция доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан сараланган 600 нафардан зиёд фаол, ташаббускор ёшлар Нукус ва Мўйноқ туманларига ташриф буюришади.
Акция иштирокчилари экологик муаммолар кўлами билан бевосита танишиш, ҳудудда амалга оширилаётган экологик ва ижтимоий-иқтисодий тиклаш ишлари ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлишади.
Ушбу акция доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган:
- Нукусдаги Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига ташриф, шунингдек, «Орол бизники» шиори остида Мўйноққа саёҳат лойиҳаси доирасида «Орол денгизи тарихи музейи», кемалар қабристони ва мемориал мажмуаларга ташриф;
- Акция иштирокчилари томонидан «AralForest» ҳамда «GreenAralSea» ижтимоий лойиҳалари билан шўр ва қумли тупроқларда ўсувчи ўсимликлар экиш ишларини «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида амалга оширилади;
- экология ва иқлим ўзгаришига ҳамда туризм соҳаларига бағишланган тақдимот ва семинар-тренинглар;
- концерт дастурлари, учрашувлар, давра суҳбатлари ва маданий-маърифий тадбирлар.
Шунингдек, акция иштирокчилари томонидан «EcoVlog», «OrolDiary» мавзуларида контентлар (рилс ва шортс) тайёрланади, #OrolgaPoyezd, #OrolBizniki, #YoshlarOroluchun хештеглари остида тўғридан-тўғри эфирлар узатиб борилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter