Отангни яхши кўрасанми ёки онангни...
Меҳмондорчиликда қизиқ ҳолатнинг устида чиқиб қолдим. Бир гала эркаклар 4-5 ёшли болакайга шундай савол билан мурожаат қилишаётганди: «Қани, той бола, айтчи, дадангни ўғлимисан ёки ойингни?»
Болакай иккиланди. Унга оиласида бундай гаплар гапирилмайди шекилли боядан бери ҳамманинг саволига бийронгина жавоб бераётган бола бу савол олдида тек қотди. Ҳаммага бир-бир жавдиради, бошини эгиб бармоқларини ўйнай бошлади.
Қўшни хонада эса хотин-халаж, болалар... Эркаклардан яна бири аёллар ўтирган хонадан ўғлини чақирди: «Азиз, бери кел-чи». Икки-уч ёшлар атрофидаги болакай чопқиллаб чиқди. «Бери кел ўғлим, мана бу ерда ўтирган амакиларингга кимлигингни кўрсатиб қўйчи? Мени яхши кўрасанми, ойингними?», — деди ўғлини қучиб.
Болакай қўшни хонага кўз қирини ташлади. Ишшайганча отасига қаради, отаси ҳам ўғлининг бу ҳаракатини тушунди шекилли чўнтагидан пул олиб узатди. Болакай пулни олиб отасини ачомлади: «Сиззи ўғлийиз бўламан». «Ҳа баракалла, энди мана шу ерда ўтирган амакиларингни бир сўкиб қўй». Болакай чучук тилда «боплаб» сўкди. Ўтирган эркаклар тиззасига шапатилаб кулди...
Бу манзара деярли барчамизга таниш. Қолаверса, оддий ҳолдек қабул қиламиз. Болалигингизда сизга катталар «кимни кўпроқ яхши кўрасан, ойингними ёки дадангними», деган саволни беришган. Сиз ҳам ота-она бўлгач, ўз навбатида, фарзандларингизга «отангни яхши кўрасанми ёки онангни», деган саволни бераётгандирсиз. Ва бунинг ҳеч ҳам ёмон томони йўқ, деб ўйлайсиз, тўғрими? Аммо у эркакларга бериладиган анъанавий «хотинингни яхши кўрасанми ёки онангни», деган аҳмоқона саволга ўхшайди. Болангиз гоҳ меҳмонлар олдида, гоҳ оила даврасида бу саволга нима деб жавоб беришни билмай иккиланади. Ростда, отасини яхши кўраман деса, онаси хафа бўлади, онасини яхши кўраман деса, отаси хафа бўлади. Катталар эса ўз билганидан қолмайди. Энди улар болани алдашга, мажбурлашга, қўпол қилиб айтадиган бўлсак, сотиб олишга ўтишади. «Айтчи қизим, менинг қизим бўласанми ёки ойингнинг», «Агар менинг ўғлим бўлсанг зўр машина олиб бераман», «Агар дадангни десанг боғчадан қайтишда сенга ҳеч нарса йўқ». Бола яна иккиланади. Ахийри бола-да, у қайси томон яхшироқ нарса таклиф қилса ўша томонга оға бошлайди. Аммо сиз ўзингиз билмаган ҳолда болангизнинг тамагирлик сари биринчи қадам ташлашига тамал тошини қўйиб бўлдингиз.
Юқоридаги эркакларга кўндаланг қўйилган саволнинг (жавобини эмас) мағзини чақишга уриниб кўрайликда. «Онанг яхшими ёки хотининг», «Ё хотинингни де, ё мени», «Ё шу уйда онангиз яшасин, ё мен»... бу савол, бу танлов олдида бошингиз қотади. Ана, нари борса фарзандлик бурчингиз устунлик қилиб хотинингиздан кечиб қўяқоласиз. Сиз нега иккиландингиз? Чунки берилган савол ноўрин, аҳмоқона. Сабаб она билан хотинни тенглаштириб ёки таққослаб бўлмайди. Ахир, оналаримиз биз учун дунёда энг буюк зот, аёлингизчи.., аёлингиз ҳам она-да — болаларингиз учун... Онангиз сиз учун бебаҳо, муқаддас бўлганидек, хотинингиз ҳам фарзандларингиз учун она сифатида ягона, бебаҳо... Шундай экан, нега энди фарзандларингизга отанг яхшими, онанг яхшими, деган саволни беришингиз керак? Отанинг ўрнини она босмаганидек, онанинг ўрнини ҳам ота босолмайди. Яна шундай бува, бувилар бор. Невараларини жон-жаҳди билан яхши кўради, шунинг учунми уларни ота-оналаридан ҳам қизғанишади. Бир куни қўшни онахон суҳбатдошларига «Севара неварам менсиз овқат ҳам емайди, ойимнинг қизи бўлмайман, деяпти», дея мақтанаётганини эшитиб қолдим. Беихтиёр буви ва невара ўртасидаги меҳрга ҳавасингиз келади. Лекин буви ўзи билмаган ҳолда мурғак гўдакни ўз онасидан озрооооқ узоқлаштириб қўймаяптими?
Феруза Отамуродова, психолог:
— Донишмандлардан Фалеснинг шундай гапи бор: «Сиз болаларингиз билан қандай муносабатда бўлсангиз, болаларингиз ҳам болаларига шундай муносабатда бўлади». Демак, фарзандларимиз келажакда бизни ардоқлашлари учун ўзимиз ота-оналаримизга меҳрли бўлиб, уларга ибрат бўлишимиз керак. Болаларимизга ёшлигиданоқ отага, онага, бувага, бувига, опа-сингилга, ака-укаларга бирдек меҳр беришларини сингдиришимиз лозим. Бунинг учун эса оилада ота-онани бир-бири билан таққосламаслигимиз шарт. «Отанг яхшими», «кимнинг ўғли ёки қизи бўласан» деган саволнинг ўзиёқ бола онгида катталарга нисбатан нотенглик муносабатини шакллантиради. Масалан, баъзида фарзандларимиз олдида «Отанг менга нима қип қўйипти» ёки «Онангни қўлидан ҳеч иш келмайди», деган койишларни эшитамиз. Ахир, бу ҳам бола олдида ота ёки онанинг обрўсини тўкиш билан баробар. Унутманг, машҳур педагог Макаренко айтганидек: «Болангизни у билан гаплашаётган, бирор нарса ўргатаётган ёки унга бирор иш буюраётганингиздагина тарбиялаяпман, деб ўйламанг. Сиз уни ҳаётингизнинг ҳар бир сониясида тарбиялаб борасиз. Сўзингиз оҳангидаги зиғирдеккина ўзгаришни ҳам бола сезиб ёки ҳис қилиб туради. Фикрингиздаги озгина бурилиш ҳам кўринмас йўллар билан болангизга етиб турадики, буни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз...»
...Меҳмондорчилик тугай деганда яна амакилардан бири қўлини чамбарак қилганча машина ҳайдаётган болакайнинг олдини тўсди: «Кимнинг ўғли бўлишингни айтмадинг-а», деди у боланинг қўлларидан ушлаб. Болакай бошини кўтарди. Ўзининг ноўрин саволи билан ғашига тегиб, ўйинига халақит бераётган ёпишқоқ амакига норози боқди. Онаси ўтирган хонага назар ташлади, кейин сал нарироқда ўтирган отасига юзланди. Болаларча беғуборлик билан, қулочини кенг ёйганча: «Менга бошқа савол бераверманглар, ўйинимга халақит беряпсизлар. Ҳаммангизни бирдек яхши кўраман, бўлдими» деганча қий-чув қилаётган болалар олдига югуриб кетди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter