«Отахон»нинг байрам табриги («жиддия»)
Замонавий технологияни эпласанг – маза, эплолмасанг – бемаза бўлиб қолар экан...
Хорижда сафарда юрган кезларим бир муборак байрам кунига тўғри келиб қолса, денг.
Биринчи табригим, албатта фарзандларимга бўлди. Беш қизим ва икки ўғлимга меҳр билан дил сўзларимни ёзиб, тагига исми шарифимдан олдин «Оталаринг... » деб ёзиб қўйиш маъқул кўринди.
Ундан кейин мобил телефон имкониятларидан «самарали» фойдаланишга киришдим. Фарзандларимга йўллаган табригим матни устига бармоғимни теккизсам, «копировать» (рус. нусха олиш, -таҳр.) деган илтифотли сўз чиқди. Жон-жон деб нусха олдиму энг улуғ устозларимдан бири телеграмига жойладим. «Азиз ўғлоним» деган сатримни «Азиз устозим» деб таҳрир қилдим-да, улуғ сиймо исмини ёздим.
Қолган дил сўзларим ҳам меҳр билан таҳрир қилинди, бойитилди! Исмлари ортидан акажоним, аёл бўлса, опажоним ёки сингилжоним, деб мурожаат қилавердим. Бирор имловий ё услубий хато кетмаяптимикин, деган ўйда табрик хатимни қайта-қайта ўқидим, ҳаммаси жойида!
Шу тариқа ўзим учун азиз сиймоларга табриклар жўнатавердим. Худога шукр, кўп азиз Устозлардан сабоқ олиб, меҳр кўрганман!
Табрик хатимдан нусха олгач, фақат исмини ўзгартириб, навбатдаги Устозларимга юборавердим.
Ҳатто, ишхонамдаги раҳбарларимга, ўринбосарларига ҳам «устозим» дея лутф айлаб, табрик йўллайвердим.
Элликдан ортиқ «Устоз»ларнинг кўнглини овлагач, юз элликдан ортиқ қадрдон дўстларим, собиқ синфдошлар-у курсдошларимга ҳам матни бир хил (фақат исми ўзгарган) табрик хатини меҳр билан юбордим.
Бу орада ўзимга тўрт юздан ортиқ шогирдларимдан табрик хати келса, денг!
Табрик хати матнини шогирдларга мослаб озроқ таҳрир қилиб, яна ўша-ўша исмини ўзгартириб, қолган матни бир хил жавоб табригини йўллайвердим.
Бир маҳал ўта зийрак ва ҳушёр дўстим Шарофиддин ҳожи ака қўнғироқ қилиб қолди:
«Бугунги кунда бировга отангман ё болангман, деб гапириш, айниқса, ёзиш қалтисроқ бўлиб қолганини яхши биласиз, - деди ҳожи акам тагдор гапини узоқроқдан бошлаб. – Менга юборган табригингизда ўзингизни «оталаринг» деб ёзганингизни тўғри тушундим. Менимча, болаларингизга ёзган табригингиздан нусха олиб, исмни ўзгартириб қўя қолибсиз. Ишқилиб, бошқаларга ҳам шунақа «табрик» жўнатвормадингизми?..»
Бу гапдан эсхонам чиқиб кетди. Хаҳ, шоирхаёллик қурсин-а...
Шоша-пиша ўша юборган табрикларни қайта очиб кўра бошладим. Вой-дод! Ҳаммага бир хилда табрик адоғида «оталаринг...» фалончи деган гап кетиб қолибди-ку!
Зудлик билан табрик хатларидан «оталаринг» сўзини ўчириб ташлашга киришдим.
Иби, бу қанақаси бўлди? Қайси Устозимга юборган табрик хатини тузатиб, қайта юборай, десам, қандайдир бир қизил ундов белгисига ўхшаш таёқча (!) расми ЙПХ таёғидек чиқиб: «Тўхта! Сен энди бу телеграмга кира олмайсан! Сенинг йўлинг батамом қулфланди...» дегандек қотиб тураверади...
Табрик хатларидаги «оталаринг» сўзини ўчиришнинг имкони бўлмади...
Асабий ҳолатда бошимни чангаллаб, аста ёнбошладим. Кўзим илиниб, кўрганларим тушга айланди. Юзлаб сон-саноқсиз қизғиш ундов белгилари бошим атрофида гир-гир айланармиш.
Узоқлардан дағ-дағали товушлар эшитилармиш:
«Ҳей, ўргилдим, сендақа отадан...»
Даҳшатли ҳайқириқдан чўчиб уйғондиму, барибир ўзимга келолмадим...
Ҳожи ака айтганидек, ҳозир бировга «отангман» дейиш нақадар хатарли, «болангман» дейиш ундан ҳам аянчли бўлиб қолган-да...
Тўлқин ЭШБЕК
2026 йил


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter