Ўзбек телеканаллари #birgakurashamiz челленжини ишга туширди
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) COVID-19 коронавирусининг тарқалишига қарши курашда мамлакатимиз фуқароларининг руҳий бардамлигини кўтариш мақсадида кенг қамровли #birgakurashamiz (#вместепобедим) хэштеги остидаги янги умумхалқ челленжни ишга туширмоқда.
Челленж доирасида ўзбекистонликларга телеканалларнинг электрон ва ижтимоий тармоқдаги манзилларига карантин даврида бўш вақтни қандай ўтказаётганлари, болаларига қай йўсинда таълим-тарбия бераётганлари ҳақидаги видеолавҳаларини юборишлари керак бўлади. Бу челленжда барча иштирок этиши мумкин.
«Биз бутун халқимизни ҳар қандай вазиятда ҳамжиҳат бўлишга, бир-биримизни қўллаб-қувватлашга чақирамиз. Юртдошларимиз улашаётган видеолавҳалар бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга ёрдам беради» – дейди ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.
Бундан ташқари барча телеканаллар томонидан коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг фидокорона ҳаракатлари акс эттирилган лавҳалар намойиш қилинади.
Қайд этиш ўринлики, мавжуд вазият талабларидан келиб чиқиб, миллий телеканалларимиз ўз дастурларига муайян ўзгартиришлар киритишган.
«UzreportTV телеканали аҳолини эпидемиологик вазият ва COVID-19га қарши курашиш жараёнларидан мунтазам хабардор қилиб туриш мақсадида махсус телекўрсатувлар дастурини жорий қилган» – дейди мазкур телеканал раҳбари Равшан Жўраев.
«ZO’R TV телеканали «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» хайрия фондига қўшимча маблағларни жалб қилишга чақирувчи роликларни намойиш қилмоқда, шунингдек, таниқли тадбиркорлар, маданият ва санъат вакиллари иштирокида карантинни қай тартибда ўтказиш ҳақида тавсияларни ўз ичига олган кўрсатув ва роликлар ҳам бериб борилмоқда.
23 мартдан бошлаб кечки соатларда Миллий Гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа идоралар ходимлари иштирокида «Дахлдорлик туйғуси» кўрсатуви намойиш қилиняти», - дейди телеканал директори Музаффар Мирзааҳмедов.
«Биз бутун дунё коронавирусга қарши қандай курашаётгани ҳақида хабарлар тасмасини ишга туширдик. Шунингдек, ўзбек ва жаҳон юлдузлари, таниқли инсонларнинг аҳолини карантин даврида уйда ўтиришга даъват этадиган хитоблари ҳам намойиш этилмоқда» - дейди Sevimli телеканали директори Жалолиддин Сафоев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter