Ўзбекистонда мураккаб операциялар нархи бир неча баробар арзонлиги маълум қилинди
Оғир хасталикдан азият чеккан юртдошларимиз яқин-яқингача жигар, буйрак, ўпка трансплантацияси, юрак соҳасидаги нозик операциялар учун илғор хорижий мамлакатларга даво истаб боришга мажбур эди.
Бугун эса юртимизда тиббиётнинг кўплаб йўналишлари қатори хирургия соҳасида ҳам ўзгаришлар катта. Натижада деярли барча мураккаб операциялар Ўзбекистоннинг ўзида ўтказилмоқда, дейилади ССВ хабарида.
Қайд этилишича, айни пайтда республикамизда 5 минг нафар бемор жигар циррозидан азият чекяпти. Улардан 500 нафари жигар трансплантациясига муҳтож. Шу кунгача Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштрилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 10 нафар беморга жигар кўчириб ўтказилди.
— Бундай ноёб операция учун Ҳиндистонда ўртача 45 минг доллар маблағ талаб қилинади, — дейди мазкур марказ директори Саидмурод ИСМАИЛОВ. — Россияда эса янаям қимматроқ — 70 минг доллар атрофида. Беларусь давлатида жигар трансплантациясини ўтказмоқчи бўлганлар эса қарийб 165 минг доллар тўлашлари керак. Энг юқори нарх АҚШда — тахминан 200 минг доллар. Бизда эса бу турдаги операцияни ўтказишга сарфланадиган сарф-харажатлар донор ва бемор учун ўрта ҳисобда 18-20 минг долларга тўғри келиши ўрганилган. Аммо буни янлиш тушунмаслик керак. Гап шундаки, мамлакатимизда жигар циррози билан касалланган юртдошларимизни ордер тизими асосида даволаш йўлга қўйилган. Бу ҳолатда фақат донор операцияси, яъни жигарнинг бир бўлагини олиш учун беморнинг оиласи томонидан маълум миқдорда маблағ тўланади, холос.
С. Исмаиловнинг маълум қилишича, юрак ва ўпка етишмовчилиги терминал босқичидаги беморлар орасида ҳам трансплантация амалиётига муҳтожлар кўп. Бироқ бундай операциялар баҳоси Россияда 100 минг, Беларусда 200 минг, АҚШда 250 минг доллар атрофида. Ўзбекистонда эса нарх кўрсаткичлари Океанорти мамлакатига нисбатан қарийб 10 баробар арзон.
Умуман, бугунга келиб, юртимизда йилига ўртача 750 мингта жарроҳлик амалиёти бажариляпти. Уларнинг 24 мингтаси республика тасарруфидаги клиникаларда, 550 мингтаси вилоят марказларида, 170 мингтаси эса туман миқёсида ўтказилмоқда.
— Соҳадаги ислоҳотлар натижасида имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам ошиб бормоқда, — дейди Саидмурод ИСМАИЛОВ. — Биргина марказимизнинг ўзида йилига қилинаётган жарроҳлик амалиётлари сони ўртача 6,5 мингта, операциялар тури 350 та, шунингдек, вилоят марказларида 130 та, туман шифохоналарида эса 60 тага етди. Келгусида туманлараро марказларда қилинадиган жарроҳлик амалиётлари турини 79 тага, вилоят даражасида эса 168 тагача етказиш режалаштирилмоқда.
Яна бир муҳим факт: аорта-коронар шунтлаш операцияси ҳам мураккаб кардиохирургик амалиёт ҳисобланади. Бундай операция учун Россия ва Ҳиндистонда 8 мингдан 18 минг долларгача тўлов қилиш зарур. Европа давлатларида эса 20-30 минг доллар талаб қилинади. АҚШда 40-50 минг доллардан арзонга тушмайди. Мамлакатимизда тиббиёт ривожига кенг йўл очилиши билан юрак соҳасидаги мураккаб операциялар учун кўпи билан 3-4 минг доллар тўлов қилинмоқда.
Албатта, чет элда даволанишнинг ўзи бўлмайди. Операция ва муолажа харажатларидан ташқари, самолётга чипта, тураржой, овқатланиш сарфини қўшсангиз, тўловлар миқдори кескин ошиб кетиши турган гап. Шу маънода, беморларга дармон улашиб, уларни ҳаётга қайтараётган моҳир ва жасур шифокорларимиз меҳнатига ҳар қанча тасанно айтсак арзийди, – дейилади вазирлик матбуот хизмати мақоласида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter