Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларга эгалик ҳуқуқи берилиши мумкин

Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларга эгалик ҳуқуқи берилиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Фото: Xabar.uz

2024 йил 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2018 йилда Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилиб, уларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган эди. Шунга қарамасдан, бугунги кунга қадар 126 мингдан ортиқ фуқароларнинг рухсатномасиз қурилган уй-жойларга нисбатан эгаликни белгилаш масаласи қонуний ечимни кутмоқда.

Бундан ташқари, кўплаб ҳолатларда фуқароларнинг боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларга ҳамда кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларига нисбатан эгалик ҳуқуқи мавжуд эмас.

Шундан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимяти органларининг қарорисиз ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида қурилган уй-жойлар, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк обектларига нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш асослари ва унинг аниқ тартибини белгилаш зарурати мавжуд.

Қонун лойиҳаси билан ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш асослари назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ижара ҳуқуқи эътироф этилган ер участкасининг ер фонди тоифасини ўзгартириш, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ижара ҳуқуқи эътироф этилган ер участкасини хусусийлаштириш тартиблари ўз аксини топмоқда.

Аҳамиятлиси, лойиҳада ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган тақдирда, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштилиши учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг