Пенсия соҳасида қандай ўзгаришлар бўлди?
Пенсия ҳақида гап кетганда доим бир ҳолат ёдимга тушади. Бундан 4 йил муқаддам вилоятга, туғилиб ўсган маҳалламга борганимда ёши улуғ маҳалладошларим пенсия ва нақд пул масаласида арз қилиб қолишди. Ўша пайтлар пенсиялар юз фоиз пластик карточкага туширилар, дўконларда эса нархлар пластик картадан ёки нақд пул орқали тўланишига кўра сезиларли тафовут қиларди.
Қишлоқ жойларда баъзи нарсаларни, мисол учун гўштни пластик карточкага олишнинг имкони йўқлиги учун айримлар маблағларини нақдлаштириш учун карточкаларини киракашлик қиладиган йигитларга бериб қўяр, улар бензин олишда картадан фойдаланиб, нақд пулни эгаларига бўлиб-бўлиб қайтаришарди.
Аҳолининг пластик карточкадан фойдаланишини кўпайтириш масаласи эса соҳага масъул органлар томонидан асосан маъмурий йўллар билан амалга ошириларди. Оқибатда оддий одамлар, айниқса вилоятлардаги пенсионерларнинг норозилиги бисёр эди.
Ўша паллада кексаларимиз муаммосини ҳал қилиш, уларнинг дуосини олиш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасига мурожаат қилиб, таниш-билишларни ишга солишимга тўғри келганди.
Виртуал қабулхонага ўша пайтда қилинган мурожаатларнинг етти мингтаси айнан шу муаммо гирдобида қолган нуроний отахонлар-у мўътабар оналаримиздан келган. Ушбу рақамларда бу қийналса-да, борига шукр, деб юрганлар акс этмаган.
Кейинги йилларда пенсия соҳасида талай ижобий ишлар қилинди. Хусусан, давлат раҳбарининг 2017 йил 2 февралда «Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз нақд шаклда бериладиган бўлди. Ишонинг, кексаларимиз, айниқса қишлоқлардаги улуғларимиз учун ўшанда ҳақиқий байрам бўлганди, улар давлат раҳбарини ич-ичдан дуо қилишганди. Ахир, пулингиз бўла туриб (майли, картада бўлса ҳам), унга ўзингиз хоҳлаган нарсани ололмасангиз, жуда алам қилади.
Пенсия соҳасида навбатдаги кенг кўламли, тарихий муҳим қадам Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан амалга оширилди. Унда қуйидаги муҳим ўзгаришлар кўзда тутилган:
- 2019 йил 1 январдан бошлаб барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасида 118 мингдан зиёд ишловчи пенсионерлар мавжуд, уларнинг фақат 40 минг нафари (34 фоизи) ўз пенсияларини тўлиқ олиб келган, 78 минг нафардан ортиқ (66 фоиз) ишловчи пенсионерлар бундай имкониятдан маҳрум бўлиб, пенсияларининг 50 фоизини олиб келишган.
- Фуқароларга пенсия миқдорини белгилашда энг юқори чегара энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилди.
Илгари юқори миқдорда ойлик иш ҳақи олувчи фуқароларга пенсияни ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаригача бўлган даромади инобатга олиниб, ундан юқори қисми ҳисобга олинмаган.
Мисол учун, ўртача ойлик иш ҳақи – 2.2 млн сўм ва иш стажи 35 йил бўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда 1621 минг сўм (энг кам иш ҳақининг 8 баравари) инобатга олинган (қолган қисми, яъни 579 минг сўм ҳисобга олинмаган), шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг 55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори (891 550 сўм) белгиланиб, талаб этиладиган (25 йил)дан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланиб, пенсиянинг умумий миқдори 1 054 минг сўмни ташкил этар эди.
Янги тартиб бўйича эса, ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳақи 1 621 минг сўм эмас, 2 027 минг сўм (ЭКИҲнинг 10 баравари) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда пенсиянинг таянч миқдори 1 115 минг сўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда пенсиянинг умумий миқдори 1 317 минг сўмни ташкил этади ёки 263 минг сўмга ошади.
- Юқоридаги ўзгариш нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга нисбатан ҳам татбиқ этилади ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилади.
Ўзбекистон Республикасида жами 3.4 млн пенсионерлар мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, Фармонга асосан жами 533 минг нафардан ортиқроқ пенсионерларнинг пенсия миқдорлари ўртача 65 минг сўмдан 265 минг сўмгача ошган. Шундан 72601 нафари ишловчи пенсионерлар.
Президентимиз Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу соҳада ижобий ўзгаришлар давом этиши, хусусан ислоҳотларнинг кейинги босқичида пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори бўйича чекловлар ҳам бутунлай бекор қилиниши таъкидлади.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган оналар учун ҳам нафақа жорий этилишини алоҳида таъкидлади.
Молиявий жиҳатдан жиддий ислоҳотлар амалга оширилаётган, бюджетга солиқ тушумлари камайиши тахмин қилинаётган ушбу йилда бундай кучли ижтимоий сиёсатни юритиш жуда катта масъулият ва ирода талаб қилиши кундек равшан.
Бундан асосий муддао халқ розилиги, нуронийларимизни янада қадрлаш, аёлларни эъзозлаш эканлигини, афсуски, ҳамма ҳам тушуниб етаётгани йўқ. Ушбу маълумотларни омма эътиборига етказишдан мақсад, баъзан шундай муҳим ислоҳотлар бўйича ҳам ижтимоий тармоқларда айрим номаъқул постларни кўраётганимиздир.
Умуман ислоҳотлар ҳақида ижтимоий тармоқлардаги айрим муҳокамаларни ўқиб икки хулосага келиш мумкин:
- биринчидан, ислоҳотларнинг ҳақиқий мазмун-моҳияти ҳақида тегишли давлат ташкилотлари етарли маълумот бера олмаяпти;
- иккинчидан, айрим ватандошларимизга шукроналик тушунчаси бегона бўлиб бораётгандай.
Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни-моҳиятини аҳолига тўғри ва тезкор етказиш давлат ва халқ ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инсон ўзгаришларни қиёслаганда яхшироқ сезади. Шу сабабли ислоҳотлар шиддати ва самараларини тўғри англаш учун бундан ҳеч бўлмаса уч-тўрт йил аввалги аҳволни эслаб, бугунги ҳолатимизни солиштириб кўриш керак. Балки шунда шукроналик ҳисси хотиржамлик ва ҳаловатга эришишимиз учун ёрдам берар.
Х.Мелиев,
Адлия вазирлиги масъул ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter