Президент газ етказиб бериш лойиҳаси билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 10 январ куни қурилиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва табиий газ таъминотига оид лойиҳалар билан танишди.
Тақдимотда табиий газ етказиб бериш тизимида хусусий шерикликни жорий этишга доир таклифлар кўриб чиқилди.
Хабарга кўра, бу тизимни модернизация қилиш жуда долзарб, чунки Ўзбекистондаги газ қувурларининг ярмидан кўпи – 45 минг километри ўттиз йилдан ортиқ ишлатилмоқда. Оқибатда йўқотишлар миқдори 20 фоиздан ошиб кетяпти.
Хусусан, бугунги кунда Жиззах шаҳар газ таъминоти тизимида 767 километр қувур, 6 та газ тақсимлаш станцияси, 1 минг 600 дан зиёд газ тақсимлаш пункти бор. Ушбу тизимни халқаро стандартлар асосида ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш орқали модернизация қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.
«Техник устувор ечимлардан фойдаланиб амалга ошириладиган лойиҳа доирасида эски газ қувурлари олиб ташланиб, 1 минг 500 километрдан зиёд янги қувурлар тортилиши режалаштирилган. Шунингдек, газ тақсимлаш станциялари сони 6 тадан 2 тагача қисқартирилиб, 3 босқичли тизимдан 2 босқичли тизимга ўтилади. Натижада ҳозирги ҳолатдаги 115 миллион куб метр йўқотишлар бартараф этилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Президент бу лойиҳанинг самарадорлигига алоҳида аҳамият қаратиб, уни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, бундай тизимни бир пайтнинг ўзида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида, кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу ишлар газ тақсимлаш ва ҳисоб-китобни тартибга солиб, унинг халқимизга барқарор ва тўла етиб боришига хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter