Президент Мирзиёев туғилган куни билан табриклаганларга миннатдорлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев туғилган куни муносабати билан ўзларининг самимий қутловлари ва эзгу тилакларини билдирган хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчиларига, таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралар вакилларига, мамлакат ва чет эллардаги барча ватандошларга чуқур миннатдорлик изҳор этди.
«Менинг номимга йўлланган ушбу табрик ва тилакларни, аввало, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ва давлатига юксак ҳурмат ва эҳтиром, дунё ҳамжамияти билан яқин ҳамкорликда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимизга, ёруғ келажагимизга ишонч ва эътибор ифодаси сифатида қабул қиламан.
Барча ташаббус ва дастурларимизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган мард ва олижаноб халқимизга яна бир бор чин дилдан фарзандлик меҳрим ва эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман.
Ишончим комил, эл-юртимизнинг улкан яратувчилик меҳнати, азму шижоати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳондаги тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқиш бўйича ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга албатта етамиз», – деди Президент.
Манба: president.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter