Президент Тошкентнинг тарихий қисмидаги туризм маҳалласида бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Гулбозор маҳалласида бўлди.
Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос анъаналари ва имкониятлари бор. Улар «ўсиш нуқтаси»га айлантирилиб, иш ўринлари очиш ва аҳоли даромадларини ошириш манбаи сифатида ривожлантирилмоқда.
Гулбозор Тошкентнинг тарихий қисмида, Чорсу бозори ёнида жойлашган. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий туристлар кўп келади. Шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилди. Кўча ва уйларда пойтахтнинг қадимги кўринишини сақлаб қолган ҳолда қўшимча шароитлар яратилди.
Хусусан, барча коммуникация тармоқлари ер остидан ўтказилди. Кўча бошида тарихий дарвоза қайта тикланди. Ўймакор устунли катта айвон, унга яқин жойда ҳовуз барпо этилди. Миллий каштачилик ва ҳунармандчилик устахоналари, новвойхона, миллий ошхоналар, заргарлик дўконлари ташкил қилинди. «Нон тарихи» ва «Қадимги Тошкентга саёҳат» номли кўргазмалар очилди. Уч юлдузли меҳмонхона ҳам бунёд этилмоқда.
Бу кўча Шайхонтоҳур туманида ташкил этилаётган «туризм ҳалқаси»нинг бир қисми бўлади. Бир сўз билан айтганда, бу ерда сайёҳлар қадимийлик ва миллийлик муҳитини ҳис этади.
Маҳалла аҳли давлатимиз раҳбарига ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Бу ерда 2 минг 670 нафар аҳоли яшайди. Савдо, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш ривожлангани натижасида маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланган. «Хавфсиз ҳудуд» тизими жорий этилган. Бу лойиҳа амалга оширилганидан сўнг барча хонадоннинг даромад топиш имконияти анча ошгани қайд этилди.
Президентимиз миллий кийимлар ва амалий санъат маҳсулотларини кўздан кечирди, уларни тайёрлаётган ҳунарманд хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
Давлатимиз раҳбари маҳалладаги сумалак сайлида иштирок этди. Онахонлар тинч-осойишта юртга байрамлар ярашишини, бунинг учун Яратганга беҳисоб шукур қилишларини айтишди. Шавкат Мирзиёев уларни муборак Рамазон кунлари билан табриклаб, эзгу тилаклар изҳор этди. Халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуолар қилинди.
Мутасаддиларга «туризм ҳалқаси»ни давом эттириб, соҳада бандликни ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
– Замонавий мажмуалар ҳамма жойда бор. Биз хорижий сайёҳларни буюк тарихимиз билан кўпроқ жалб этишимиз мумкин. Шунинг учун бу ер кечаю кундуз фаолият юритадиган туристик марказга айланиши керак. Бундай этнографик масканларни кўпайтириш, миллий қадриятларимизни намойиш этиш, турли фестиваллар ўтказиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, туризм масканларини кўпайтириш, ҳудудларни ўзаро боғловчи туризм хизматларини янада кенгайтириш бўйича иш олиб борилмоқда. Бунинг ижросини Гулбозор мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шунингдек, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахтлар, гул-чечаклар экилиб, маҳаллага файз қўшилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter