Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент йиғилишида қўшиб ёзиш авж олган ҳудудлар ошкор этилди

Президент йиғилишида қўшиб ёзиш авж олган ҳудудлар ошкор этилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев раислигида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий дастури ижроси ва кузги мавсумда ишларни жадал ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Бугун Президент Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети билан танишди. Унда экология, барқарор бошқарув, атроф-муҳит иқтисодиёти, экология ҳуқуқи, экологик инновация ва рақамлаштириш йўналишларида 500 нафар бакалавр ва магистр тайёрланади.

Бу билан экология тизимига ҳам замонавий кадрлар тайёрлайдиган мустаҳкам замин яратилди.

Вилоят ҳокимларига ҳар бир вилоятда 1 тадан ушбу университет техникумини ташкил қилиш топширилди. Техникум атрофида илмий-амалий машғулотларни олиб бориш учун дендрология боғи ҳам ташкил қилинади.

Янги ўқув йилидан университетда дуал таълимни йўлга қўйиш, уруғчилик, кўчатчилик, иқлим ўзгариши бўйича қисқа курслар ташкил қилиб, ҳар йили 1 минг нафар ходимнинг малакасини ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга яшиллик даражасини ошириш бўйича ислоҳотларни кўп ҳокимлар тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Баҳор мавсумида 28 та туман дарахт экишда режани бажармагани танқид қилинди. Иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга дарахт экилгани учун минглаб туп дарахт кўкармаган.

Масалан, суғориш тизими йўқ жойга Тошкент шаҳрида 322 минг, Самарқандда 96 минг, Тошкент вилоятида 67 минг, Қорақалпоғистонда 61 минг, Бухорода 24 минг, Навоийда 15 минг кўчат экилган.

Ҳисоботга қўшиб ёзиш энг кўп Бухоро, Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Шу муносабат билан Бош прокуратурага соҳадаги назоратни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳар бир ҳоким, вазир, ташкилотга қаерга, қанча кўчат экиш эгаси, жойи, суви ва маблағи билан аниқ белгилаб бериш топширилди, мутасаддилар бунинг ижроси бўйича қатъий сўров бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг