Қарздор отадан беш йиллик тўлов ундириб олинди

Бухорода қарздор отадан бир нафар фарзанди учун 143.486.840 сўм миқдоридаги 5 йиллик алимент тўлови олдиндан ундириб олинди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га МИБнинг Бухоро вилояти бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимов маълум қилди.
Таъкидланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 01.02.2024 йилдаги суд ҳужжатига асосан, қарздор Ш.Б.дан ундирувчи фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида ҳосил бўлган алимент қарздорлик сабабли қарздор отанинг четга чиқишига вақтинча чеклов қўйилган бўлган. Шунда фуқаро Ш.Б фарзанди моддий таъминоти учун 5 йиллик алимент тўловини олдиндан тўлашини билдирган. Ва қарздордан ундирувчи Р.Х. фойдасига амалдаги ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобидан 143.486.840 сўм миқдоридаги 5 йиллик алимент тўлови олдиндан ундириб берилган.
«Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, оилавий ажримлар сони ортмоқда. Оилалар бузилишидан ҳаммадан кўра, кўп жабр кўрувчи вояга етмаганларнинг манфаатлари қонун билан ҳимояланган. Ҳозирда бошқарма иш юритувида Бухоро вилояти бўйича 16 мингдан ортиқ алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд. Бу 16 мингдан ортиқ вояга етмаган болаларнинг отасиз ўсаётгани, дегани. Бу жудаям оғриқли»,-дейди Ихтиёр Олимов.
Бундан илгари қарздор отанинг алимент ўрнида фарзандларига икки хонали уй бергани, «Ночор» ота «Chery»сини фарзандидан устун қўйгани хусусида хабарлар берилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter