Қириб ташланаётган йўлбарслар
«Proceedings of the National Academy of Sciences» журналида босилган мақолада қайд этилишича, Ҳимолай тоғларида ҳаёт кечирувчи йўлбарслар тунги ҳайвонларга айланиб бормоқда.
2010 йили бўлиб ўтган Ер юзида йўлбарсларни сақлашга қаратилган халқаро анжуманда 29 июль – Халқаро йўлбарслар (International Tiger Day) куни қабул қилинган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад жамоатчилик эътиборини йўлбарсларнинг йўқолиб кетиши ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларга қаратишдан иборат бўлган. Йўлбарслар халқаро муҳофазага олинган ва «Қизил китоб»га киритилган. 1947 йилдан бери уларни овлаш бутунлай тақиқланган.
Бу бежиз эмас. Бенгал йўлбарслари кундуз кунлари овчи ва маҳаллий аҳоли билан тўқнаш келмаслик учун тунда ҳаракат қилишни афзал кўрар экан. Улар, асосан, ёввойи ҳайвонларни тутади. Гоҳида йўлбарсларнинг одамларга ҳужум қилиши билан боғлиқ ҳодисалар ҳам учраб туради. Таҳлилчилар сўнгги йилларда инсоният томонидан ўрмон ва ерлар ўзлаштирилаётгани боис йўлбарслар истиқомат қиладиган ҳудудлар қисқариб бораётганини таъкидлашмоқда. Уларнинг хулосаларига кўра, яшаб қолиш мақсадида инсонлар ва йўлбарслар учун бир хил шарт-шароит керак. Одамлар ҳам, йўлбарслар ҳам табиий ресурслар учун ўзаро кураш олиб бормоқда.
Мичиган штатидаги Ист-Лансинг университетининг Цзяньго Лю раҳбарлигидаги бир гуруҳ зоологлари Непал ҳудудидаги Читван миллий парки йўлбарсларининг ҳаёт тарзини ўргандилар. Шу мақсадда парк ҳудудида юзлаб видеокамера ўрнатилди. Дастлабки натижага кўра, 120 га яқин йўлбарс борлиги аниқланди. Одамларнинг бармоқ излари бир-бирига ўхшаш бўлмаганидек, йўлбарсларни терисининг бир-бирига ўхшамаган йўлчалари орқали аниқлаш мумкин экан. Олимлар икки йил давомида бу йиртқич ҳайвонлар одамлар йўқ пайтлардагина Читван миллий боғи ҳудудларида пайдо бўлишини аниқладилар. Бу уларнинг тунги ҳайвонларга айланиб бораётганидан далолат беради. Видеокузатувлар йўлбарсларнинг кундузги фаолиятини деярли аниқламади. Олимлар «Ўрмон қироллари» Читван миллий паркида ўзини ноқулай ҳис қилмоқда» деган фикрга келдилар.
Бугунги кунда йўлбарслар Эрон шимоли, Афғонистон шимолий минтақалари ва Ҳиндистон ярим оролининг шимолида, Непал, Бирма, Таиланд, Ява ярим ороли, Бали оролида, шунингдек, шимоли-шарқий ва жанубий Хитой ҳамда Корея ярим оролининг шимолида яшамоқда.
Сўнгги 15 йил мобайнида йўлбарслар сони 40 фоизга қисқариб кетди. Шу сабабли улар халқаро «Қизил китоб»га киритилган. Баъзи манбаларга кўра, ҳозирги кунда ёввойи табиатда йўлбарслар сони 4 мингтага етади. Ҳиндистон ҳукумати маълум қилишича, мамлакат ҳудудларида 3 минг 100 тадан 4 минг 500 тагача йўлбарс бор. Бироқ экспертлар бу маълумотга шубҳа билан қарашади. Уларнинг фикрича, Ҳиндистондаги йўлбарслар сони 3 мингтага ё етади, ё етмайди. Айрим мутахассислар бу рақам 2 мингтани ташкил этишини айтишади. Жаҳон банкининг Глобал Йўлбарс ташаббуслари маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда жаҳонда 3 минг 200 та йўлбарс бўлиб, улардан мингдан ортиғи Ҳиндистонда, 500 таси Малайзияда, 400 таси Бангладеш ҳудудларида истиқомат қилади. Йўлбарсларни асраш дастури ёввойи ҳайвонларни 2022 йилга қадар 7 мингтага етказишни кўзда тутган. 1947 йилдан бошлаб уларни овлаш мутлақо тақиқланган.
Олимларнинг қайд этишига кўра, умуман, мушуксимонлар оиласининг энг йириги деб ҳисобланувчи йўлбарсларнинг 9 та тури мавжуд, улардан 3 та тур, яъни Турон, Бали ва Ява йўлбарслари мутлақо йўқолиб кетган. Айни дамда ёввойи табиатда Амур, Бенгал, Малай, Суматра, Жанубий Хитой ва Ҳиндихитой йўлбарсларини учратиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Бенгал йўлбарслари Ер юзидаги энг йирик ҳайвонлар тоифасига киради. Катталиги жиҳатидан унга тенг кела олмаса-да, бироқ сон бўйича Бенгал йўлбарслари бошқа қондошларига қараганда энг кўпдир. Уларни, асосан, Ҳиндистон ва Непал ҳудудларида учратиш мумкин.
Ҳиндихитой йўлбарси Камбоджа, Жанубий Хитой, Лаос, Мьянма, Таиланд, Малайзия ва Вьетнам ҳудудларида учрайди. Йўлбарснинг бу тури 1 минг 800 та экани айтилади.
Малай йўлбарси Малайзиянинг Малак ярим ороли ҳудудларида учрайди. Олимлар йўлбарснинг бу тури 600 тадан 800 тани ташкил этишини таъкидлашади. Суматра йўлбарси эса 400–500 та бўлиб, асосан, Индонезиянинг Суматра оролида яшайди.
1977 йилда Хитой ҳукумати йўлбарсларни овлашни тақиқловчи қонун қабул қилди. Бироқ бу ҳужжат Жанубий Хитой йўлбарсларини сақлаб қололмади. Кўрилган чора-тадбирларга қарамай, 1994 йилда энг охирги Жанубий Хитой йўлбарси ўлдирилди. Айрим маълумотларга кўра, ҳозирги кунда бу тур йўлбарснинг 59 таси ҳайвонот боғларида сақланаётгани айтилмоқда.
Энг охирги Бали йўлбарси 1937 йилнинг 27 сентябрь куни Сумбаркама оролининг ғарбий қисмида отиб ўлдирилган. Минтақамизда ҳаёт кечирган Турон йўлбарсини ўтган асрнинг 20-йилларида ҳам учратиш мумкин эди. Бу турнинг энг сўнггиси 1970 йили Туркиянинг Хаккариул вилоятида ўлдирилган. Ҳа, йиртқичлардан-да йиртқичлар бор, деганлари бежиз эмас.
Шарофиддин Тўлаганов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter