Қишлоқда жойлашган университет: бу ерда ҳатто Тошкентдан келиб ўқиётганлар бор (фото)
Ғиждувон туманидаги Соктаре маҳалла фуқаролар йиғинида томонидан Соктари ҳудудидан Соктаре, Чоробод, Тагиқўрғон, Садриддин Айний, Шўробот, Янгиобод қишлоқлари ўрин олган. Мавжуд барча қишлоқлар ички хўжалик автомобил йўллари «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 4876 та овоз йиғиб, 1 млрд 360 млн сўм маблағ эвазига асфальтлаштирилган. Бири-биридан бўй талашган дарахтлару, гул чорбоғлар қишлоқлар кўркига кўрк бағишлаган. Турли цех ва ишлаб чиқариш корхоналари, маиший хизмат шахобчаларию тадбиркорлик субъектлари аҳоли хизматида.
«Бухоро давлат университетида ўқув жараёнлари 8 та бинода олиб борилса-да, йилдан-йилга талабгорлар сафи кенгаяётгани бевосита вилоятнинг турли туманларида жойлашган қулай имконият ва шароитга эга ўқув биноларида олийгоҳ филиалларини ташкил этишга чорлади. Шунда биз ривожланиш ва тараққиётда илдамлашаётган Ғиждувон туманининг Соктаре қишлоғини танладик. Аввалига бу қишлоқ туман марказидан икки-уч километр масофа олисда, деган қарашлар бўлди. Бироқ, бунда талаба-ёшлар учун зарур шарт-шароитларнинг етарлилиги, айниқса, аввалги Ғиждувон Транспорт ва Саноат касб-ҳунар коллежининг ўз даврида мустаҳкам барпо этилгани, айнан шу манзилда олийгоҳ филиалини ташкил этиш мақсади устивор бўлди. Айнан шу бинода 1806 нафар сиртқи таълим битирувчи курс талабаларимиз таҳсил олиб, жамиятимизга салоҳиятли кадрлар бўлиб етишди ва жорий йилда илк битирувчи бакалавр ва магистрларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди»,-деди Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳафизов.
Билдирилишича, Соктаре қишлоғининг қоқ ўртасида манзил топган Олийгоҳнинг мазкур филиалида 2023-2024-ўқув йили давомида сиртқи таълимнинг ўзида 9 та факультетдан 7 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. 233 та гуруҳнинг 4334 нафари қизлар, 2577 нафари эса йигитлардан иборат. Таълим жараёнларига 34 та кафедралардан 276 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар жалб қилинган.
Туманимизда Олийгоҳ филиали фаолиятини ташкил этиш ташаббуси мамлакати президенти томонидан маъқуллангач, талаба-ёшларнинг қатнаб ўқиши учун имтиёзли нархларда «Бухоро-Ғиждувон-Соктаре» йўналишида 2 та автобус хизмати йўлга қўйилган. Бошқа вилоятлардан келиб ўқийдиган талабалар учун 68 та аҳоли хонадонлари ва коттеджлар талабалар хоҳиш-истаклари даражасида тайёрланган. 10 ой давомида 2360 нафардан ортиқ талаба квартира ва меҳмонхоналарга жойлаштирилган. 2024/2025-ўқув йилида талабалар учун Соктаре маҳалласида 200 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилган.
«Айни пайтда Соктаредаги олийгоҳ филиалида 8 минг нафар талаба таҳсил олиб келмоқда. Куни кеча 1806 нафар битирувчи бакалаврига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимда талаба-ёшлар учун нима керак ва уни қандай кўнгилли ўтказиш лозим бўлса, ўзларининг талаб-истакларидан келиб чиқиб, баҳолиқудрат адо этишга ҳаракат қилдик. Биримиз ҳоким, биримиз ректор, яна биримиз ҳу-у, анови, казо-казо эмас, ёшларга ёшлардек қўшилишиб кетдик. Биз эмас, талаба-ёшлар бизга ёшлик завқини улашишди. Нафақат, битирувчи ва таҳсил олаётган талаба-ёшлар, балки қишлоқ ва маҳаллалардаги оддий-оддий одамларимиз ҳам кайфиятига жуда гўзал ижобий таъсир бўлди, деб ўйлайман. Умид қиламанки, ўқишни тамомлаб, қўлига диплом олган 1806 нафар талаба борки, жамиятимизга салоҳиятли кадрлар бўлиб етишади»,-деди Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров.
Мамлакатнинг турли вилоятларидан келиб, Ғиждувоннинг чекка қишлоғида ташкил этилган Олийгоҳида таҳсил олаётган талабалар Соктаренинг сўлим иқлими, яшил табиати ва шаҳар шароитидан қолишмайдиган имкониятлари ҳақида сўзлашди.
«Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида «мен шаҳарлик, сен қишлоқлик» дея бири-бирини камситадиган ёхуд ўрни келса, ҳақоратомуз сўзлайдиган тенгдошларимиз ҳақида хабарлар тарқалаётганига гувоҳмиз. Мен Тошкент шаҳрида туғилганман. Сўлим Соктаре қишлоғида қўним топган Олийгоҳ филиалида таҳсил олганимдан жудаям бахтиёрман. Бир хонадонда ижарада туриб яшадим. 5 йил давомида оиламдек бўлишди. Ҳатто, дарс соатларимда боламга қараб туришди. Самимий, дилкаш қишлоқ одамларидан кўп нарсани, жоиз бўлса, иш ва ҳунарлар ўргандим. Мен энди сигир соға оламан, қўй-қўзиларга ўт-ўлан териб, гул-гулзорларга қарай оламан, тикиш-бичиш кундалик ишимга айланди. Соктаре ва соктареликлардан миннатдорман, мен бунда ҳам илм, ҳам меҳнат, ҳунар топдим. Бир нарсани дадил айтишим мумкинки, шаҳарда Соктаре қишлоғи шароитини тополмайсиз...»,-деди Эъзоза Алихўжаева.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter