Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қишлоқдаги шаҳарча: кўп қаватли уйлардаги ичимлик ва оқова сувлар қандай йўналтирилади?

Қишлоқдаги шаҳарча: кўп қаватли уйлардаги ичимлик ва оқова сувлар қандай йўналтирилади?

Тошкентдан Самарқандга киравериш жойини «Высшая точка» дейишади. Булунғур тумани ана шу юқори нуқтадан бошланади. Магистрал йўлда машина ҳаракатланиб бораверар экан, 10 километрча ҳам юрмай, йўлнинг чап томонида янгитдан қурилаётган кўп қаватли уйларни кўрасиз. Ўнг томонда эса виқорли Ғўбдин тоғлари  кўзга ташланади. Беш қаватли уйлардан ташкил топган шаҳарча ана шундай манзарада жойлашган. Бошқача айтганда, Ғўбдин қишлоғидаги «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги  «Янги Ўзбекистон» массиви бу.

Маълумот берилишича, Булунғурдаги «Янги Ўзбекистон» массивида 56 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Бу 1120 та хонадон дегани. Массивда 2 та 1680 ўринли мактаб, 3 та болалар боғчаси қурилиши ҳам лойиҳага киритилган. «2023 йилда 14 та  кўп қаватли уй топширилди. Бу йил яна 30 тасини топширамиз. Кейин яна давом эттирилади. 9 та қурилиш пудрат ташкилотлари иш олиб бораяпти. Апрель ойидан бошлаб тайёр уйларни аҳолига топшира бошлаймиз» дейди Булунғур туман ҳокимининг қурилиш  масалалари бўйича ўринбосари Норбўта Санақулов.

Эҳтиёж бор экан, қишлоқ ҳудудларида ҳам шаҳарча барпо қилиш яхшидир. Одамлар ҳамма жойда ҳам қулайликда яшашга ҳақли. Аммо шаҳар бўлсин, қишлоқ бўлсин, Марс бўлсин, кўп қаватли уйда аввало сув бўлмаса... буёғини айтмай қўя қолай. Булунғурда массив учун танланган жойда ичимлик суви манбаси фақат ер ости суви. Лекин, бу ерда қўшни Жомбой туманининг айрим ҳудудларидаги каби 7-8 метрда сув чиқавермайди. Маълум бўлишича, «Янги Ўзбекистон»да хонадонларга узатиладиган сув 180 метр чуқурликдан тортиб олинар экан.

Сув тармоқ қурилиш ишларини «Файз бинокор Олтиариқ» фирмаси тендерда ютиб олган. Прораб Шоди Жумаев ичимлик суви билан боғлиқ иншоот қуриб битказилганини айтади.  

– Иккита «резервуар»имиз бор. Ҳар бир «резервуар»га 500 куб сув кетади. Яъни, жами минг куб сув заҳираси доимо узатишга тайёр туради. Сув камайгани сайин ускуналар автоматик тарзда ишга тушади ва заҳирани тўлдириб боради. Сув «резервуар»га келгунга қадар фильтрланади ва хлорланади. Бу жараёнлар ҳаммаси автоматик тарзда амалга оширилади, – дея тушунтиради прораб.

«Резервуар» дегани содда тилда айтганда, усти кўк, гумбазга ўхшаш қопқоқ остида ғамланган заҳирадаги, истеъмолга яроқли сув сақланадиган ҳандақ экан.

«Резервуар»дан 10-15 қадам масофадаги, унга сувни етказиб берадиган техник ускуналар ўрнатилган бинога ҳам ўтдик. Шоди Жумаев тушунтиришда давом этади.

– Массивнинг турли жойларида 5 та «скважина» ишини мана шу ускуналар кузатиб назорат қилиб туради. Айни вақтда соатига 18 ярим киловаттда ишлайдиган 3 та насос сувни  «резервуар»ларимиз тўлгунча ҳайдаб беради.

Сувни ҳайдаб берадиган насослар  билан ёнма-ён ўрин олган яшил ускуналар кетаётган сувни назорат қиларкан ва жараённи автоматик тарзда бошқараркан. Масалан, трубадаги босим кўтарилаверса, пасайтиради, пасайса кўтаради. «Бунинг натижасида тоза ичимлик суви кечаю кундуз давомида юқори қаватларга ҳам муаммосиз чиқарилиб берилади» дейишди мутахассислар.  

Булунғурдаги «Янги Ўзбекистон» массивида ичимлик сув масаласи шу зайлда ечилган. Хўш, энди оқова сув, яъни канализациядан оқадиган чиқинди сув билан боғлиқ ишлар қандай ҳал қилинаяпти?

Ғўбдиндан 7-8 чақирим қуйироқда Каттақишлоқ жойлашган. Шу жойга ҳам бордик. Уч гектарлик майдонда оқова сувни тозалаш иншооти қурилади. Ҳозирча фақат лойиҳа тасдиқланган ва қурилишнинг илк босқичи бошланган. Бу ерда бир суткада 5 минг куб сув тозалиши кўзда тутилган.

Маълумот беришларича, тозалаш иншоотида «Янги Ўзбекистон» мажмуасининг канализация чиқиндилари тозаланиб, хлорланади, электролизланади. Ажратилган техник сув Булунғур ариғига йўналтирилади. Чиқиндининг ўғит учун ярайдиган қисмига эса биоқўшимчалар қўшилади ва қишлоқ хўжалиги учун фойдаланилади.

Самарқанд сув таъминоти МЧЖ Булунғур филиали бошлиғи Баҳрилло Файзиевнинг маълум қилишича, тозалаш иншоотига Булунғур шаҳридаги канализация тизими ҳам уланади.

– Ҳозирда туман марказида оқова сув билан таъминланиш 9,8 фоизни ташкил қилади.   Булунғур шаҳарачасидан тозалаш иншоотигача бўлган 12 км 800 метрлик тармоқ лойиҳаси тендердан ўтган. Режа амалга ошса «Янги Ўзбекистон» мажмуаси қатори Булунғур шаҳри ҳам тўлиқ канализация тизимига ўтади, туманда оқова сув билан таъминланиш эса 35 фоизга етади, – дейди суҳбатдошимиз.

Бугунда Булунғур шаҳарчасидаги 9 та кўп қаватли уйнинг оқова суви алоҳида-алоҳида чуқурликка тўкилади. Бунда табиийки, тозалаш ишлари ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Демак, лойиҳа қулайлик билан бирга санитария ҳолатини яхшилашга ва тежамкорликни йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади.

Яхшиликлар бўлсин! Яхши гаплар ҳақида ёзганда ҳар қандай инсоннинг ўзининг руҳи ҳам енгил тортади. 

Фақат яхшиликлар бутун бўлсин. Фалон жойдан фалон қоп хлор ўғирланибди, фалон нуқта назоратсиз қолгани туфайли писматон ҳолат юзага келибди деган хабарлар чиқишига ўрин бермайдиган яхши бошқарув, рисоладагидек назорат бўлсин!

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг