Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қишлоқдаман. Қўшниникида йиғин. Уруш муҳокамаси»

«Қишлоқдаман. Қўшниникида йиғин. Уруш муҳокамаси»

«Ҳали кўрасизлар, атом бомбасини учиради! Биттада тинчитади!» дейди ёши катта уста қўшни.

«Америкаям қараб турмаскан, уям атом бомбасини учираркан!» дейди бошқа қўшни.

«Украинани ёнини олма! Нацист улар, одамларга кун бермайди! Гейларни қўллаб-қувватлайди!» — уста бўш келмади. — «Шуларни ёнини оласанми!? Ўшаларданмисан, ё?»

«Оғзингизга қараб гапиринг, ака, фаросатни ўчириб қўйганмисиз, дейман! Нацист дейсиз, кимга нацистлик қипти? Украинага борганингизда «мана, қора чурка келди» дедими?»

«Ҳей, оғзингни шалоғини артиб ол, манга ақл ўргатишдан кўра! Юрардинг кеча мишиғингни оқизиб, одам бўп қолдингми? Ҳе, ўргилдим! Россияни каналларини кўрмайсан! Кўрсанг биласан дунёдаги гапларни! Энди, ука, ҳафа бўлмаю, ўрисни каналларини кўришга каллаям керакда! Сенлар на русчани биласан, на ўқишни қойил қилгансан!  Мана, кўрасан, ҳамма нацистларни «на колени» қўяди!»

«Домла, сиз гапиринг» ёши катта уста билан тортишишни истамаган қўшним мени баҳсга тортди. «Атом бомба учирса ҳаммага зарари бўлади, деб ўзингиз айтдингиз, тўғрими?»

«Ҳа» дедим истар-истамас.

«Қанақасига зарари бўлади?» уста менга юзланди.

«Атом қуроли ишлатилгандан кейинги ҳолатнинг компютер симуляцияси чиқибди, шуни айтувдимда, ака» дедим.

«Компютерда ҳисоблабдими? Нима бўларкан унда?!» уста бирдан ювош тортди, қизиқиш ҳам устун келганди унда.

«Шу... иккала томон ҳам... дунё ҳам...»

«Биз ҳамми?» шошиб сўради уста.

«Ҳа, биз ҳам»

«Қанақасига?!»

«Нурланиш... радиоактив ифлосланиш... ядро қиши...»

«Ядро қиши нимайкан ўзи?»

«Тўғриси, физикмасман, лекин мақолалардан ўқисам, шунақа қиш бўларкан, дунё иқлими 15-50 даражагача совийди... Қаҳратон қиш бўлади...»

«Чатағ эканда, а!..» уста ўзига-ўзига гапиргандек деди. «Унақада, мард бўлиб урушда, тўғрими? Нимага бизни аралаштиради? Ўзимам айтувдим, охири яхшимас буни, деб... Чатағ эканда...»

Баҳс узилди. Ош ҳам кириб қолганди-да. Кейин ҳамма бир бўлиб, гап-сўз талашмай ошни едик.

Уруш ҳақида бошқа гаплашмадик.

Бахтиёр Абдуғафур, ёзувчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг