Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қуёш тиғида сотилаётган салқин ичимликлар саратон келтириб чиқарадими?

Қуёш тиғида сотилаётган салқин ичимликлар саратон келтириб чиқарадими?

Фото: Xabar.uz

Қуёш тиғи остида сотилаётган салқин ичимликлар саратон хасталигини келтириб чиқарадими?Ёзнинг жазирама кунларида салқин ичимликлар — газланган сувлар ва энергетикларга талаб ҳар қачонгидан-да ортади.

Бироқ ушбу чанқовбосди маҳсулотларнинг инсон саломатлигига зарарли эканлигини асло унутмаслик лозим. Айниқса, улар қуёш тиғи остида сақланаётган бўлса.

— Биламиз, бугун кўпгина салқин ичимликлар пластик идишларда қадоқланади ва улар намлик даражаси 75 фоиздан ошмайдиган, 2-18 даража ҳароратда сақланиши зарур, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Олимжон Имомов. — Бироқ эътибор берсак, бугун аксарият озиқ-овқат дўконлари, катта йўл четларидаги улгуржи савдо объектлари олдида бундай маҳсулотлар эрталабдан кечгача қуёш тиғи остида турганини кўрамиз.

Бу эса инсон саломатлигида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, қуёш нурлари таъсирида пластик идишлар ўзидан заҳарли ва организмда тўпланиш хусусиятига эга бўлган хавфли кимёвий органик моддалар — бисфенол А, В, формальдегид, фталат, стирол ва бошқа токсик бирикмаларни ичимлик таркибига чиқаради.

Мазкур моддалар инсон танасига киргач, асаб, овқат ҳазм қилиш, қон айланиши ҳамда эндокрин тизими касалликлари юзага келади. Қолаверса, ушбу бирикмалар мия ва репродуктив тизимда тўпланиб, организм учун муҳим бўлган оқсил ва липидлар алмашинувига салбий таъсир этади. Ҳатто, бу ҳолат саратон хасталиклари ривожланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Биламизки, кўпгина газли ва рангли ичимликлар таркибида сунъий қўшимчалар, консервантлар ва ранг берувчи моддалар мавжуд. Қуёш нури остида сақланганда бу моддалар таркиби ўзгариб, хавфли бирикмалар ҳосил бўлади. Оқибатда организмда аллергик реакциялар, жигар ва буйракка ортиқча юклама, болаларда гиперфаоллик ҳамда диққат етишмовчилигига олиб келади.

Шунингдек, айрим ичимликлар (кофеинли ва энергетик маҳсулотлар) истеъмол қилинганда организм сувсизланади. Улар суюқликни ушлаб туриш ўрнига, аксинча, танадан тезроқ чиқариб юборади. Натижада қон босимининг тушиши, бош оғриғи, ҳолсизлик кузатилиши мумкин.

Бундан ташқари, очиқ ҳавода, санитария қоидаларига риоя этилмаган ҳолда сақланаётган ичимликлар турли бактериялар билан ифлосланган бўлиши эҳтимоли катта. Масалан, дизентерия, сальмонеллёз, ичак таёқчаси каби юқумли хасталиклар айнан шундай ичимликлар орқали юқиш эҳтимоли юқори. Айниқса, қопқоғи очилган ёки идиши нопок ҳолатда сақланган маҳсулотлар жуда хавфли.

Шундай экан қуёш тиғи остида турган ва номаълум санитар ҳолатда сақланаётган салқин ичимликларни истеъмол қилманг. Уларнинг сақлаш шароитига, сотувчи ва савдо нуқтасининг санитар ҳолатига эътибор беринг. Ёз кунларида имкон қадар ўзингиз уйда тайёрлаган табиий ичимликлар – совутилган кўк чой, мевали шарбатлар ёки газланмаган тоза сув ичинг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг