Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Расмий сиёсий мухолифат учун Ўзбекистонда барча шарт-шароитлар мавжуд

Расмий сиёсий мухолифат учун Ўзбекистонда барча шарт-шароитлар мавжуд

Айрим ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда сайлов жараёнларида «мухолифат йўқ», деган иддаолар билан жамоатчилик фикрини чалғитишга уринаётганлар ҳам учраб турибди. Бироқ, шуни унутмаслик лозимки, Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора ўтказилишининг ташкилий-ҳуқуқий асослари тўлиқ яратилган.

Расмий мухолифат учун Ўзбекистонда барча ҳуқуқий шарт-шароитлар бор. Сайловдан сўнг янгидан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партияларнинг фракциялари ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Бунда мазкур мухолиф фракция бошқа фракциялар билан тенг ҳуқуқли бўлиши билан бирга қуйидаги қўшимча ҳуқуқларга ҳам эга бўлади:

биринчидан, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг, шунингдек Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

иккинчидан, муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

учинчидан, Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатишга фақат сиёсий партиялар ваколатли ҳисобланади. Сиёсий партияларнинг мазкур ваколатлари эса қонун билан кафолатланган.

Қонунчиликка кўра, сиёсий партия сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Бу йилги президентлик сайловида ҳам рўйхатдан ўтган ва расмий фаолият юритаётган 5 та сиёсий партия (Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон «Aдолат» социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон экологик партияси)ларнинг барчаси иштирок этмоқда.

Давлат сиёсий партиялар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг муҳофаза этилишини кафолатлайди, уставда белгиланган ўз мақсадлари ва вазифаларини бажаришлари учун уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхона ва муассасалар ҳамда мансабдор шахсларининг сиёсий партияларнинг ички ишига аралашишлари ёхуд, агар уларнинг фаолияти қонунга ҳамда ўз уставларига мувофиқ амалга оширилаётган бўлса, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилишлари ман этилади.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда сиёсий партияни тузиш ва рўйхатдан ўтказишга монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд эмас. Фақат ўрнатилган қоидаларга амал қилиш талаб этилади.

Маълумот учун фақат қуйидаги иккита ҳолатда сиёсий партияни рўйхатга олиш рад этилиши мумкин:

биринчиси, сиёсий партиянинг устави, мақсадлари, вазифалари ва фаолият услуби Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунчилик ҳужжатларига зид бўлса;

иккинчиси, худди шундай номдаги сиёсий партия ёки жамоатчилик ҳаракати рўйхатга олинган бўлса.

Шундай қилиб, мамлакатимизда сиёсий партиялар фаолияти учун қонуний кафолатлар яратилган бўлиб, бу эса фуқароларнинг турли қарашлари, манфаатлари ва мақсадлари муштараклигини таъминлаш ҳамда давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Фарҳод Примов,

юридик фанлар бўйича

фалсафа доктори, доцент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг