Саид Абдулазиз Юсупов: «Европага борсангиз, у ерда ҳам муаммолар бор. Аммо...»
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ОАВ орқали жамоатчиликка самарали етказиш масалалари» мавзусида республика анжумани ва ҳудудий семинар ўз ишини бошлади.
Бугун, анжуманнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда «Туркистон» меҳмонхонаси анжуманлар залида «Давлат дастурларини амалга оширилишида жамоатчилик назоратини ўрнатиш: журналист масъулияти ва ҳуқуқлари» мавзусидаги семинар ташкил этилди.
«Дунё сиёсий харитаси ўзгармоқда. Биз бугун жаҳонга юзланмоқдамиз. Европага борсангиз у ерда ҳам муаммолар бор. Улар ҳам бир-бирини еб ташлашга тайёр. Аммо улар манфаатлар тўқнашганда бир-бирини қўллаб-қувватлашади, бир-бирини эшитади. Улар бир ёқадан бош чиқариб, ҳаёт фаровонлиги учун курашишади. Ана шундай бизнинг журналистлар ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаши, эшита олиши керак. Бугун журналист мушоҳада қилиши, таҳлил қилиши, ўқиб-ўрганиши лозим. Журналист муаммони ўрганиши, таҳлил қилиши керак, кейин халққа чиқиб гапирсин. Ҳеч бўлмаганда, фарзандларига холис, ҳаққоний фикрни етказа олсин», — деди фонд раҳбари Саид Абдулазиз Юсупов.
Жамоатчилик назорати, журналист текшируви, касб одоби ва инсон шаъни, қадр-қиммати ҳақида юридик фанлари доктори Бобоқул Тошев маърузасида шундай деди: «Юртимизда интернетдан фойдаланувчилар сони кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар жамият ҳаётида нафақат ижтимоий-маиший, балки сиёсий-иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки йилда 90 та қонун қабул қилинди. Энди жамиятни янги билим билан тўйинтиришда журналист ва блогерларнинг ҳиссаси катта. Ана шунда интернат орқали сохта ғоялар ва мафкураларга эргаштириш, тажовузкорлик, суиқасд, қотиллик ва бошқа жиноятларга ундаш, раҳбарлар обрўсини қасддан тушириш, инсон шаънини ерга уриш каби ҳолатларга чек қўйилади.
Журналист бўладими, блогерми ҳар қандай мавзуни ёритаётганда инсон шаъни ва унинг қадр-қиммати ҳақида ўйлаши лозим. Мақсад бирор бир воқеани тезликда ёритиб «очко» йиғиш бўлмаслиги керак. Каттақўрғондаги ўғирлик қилган аёл билан бўлган воқеа нега шов-шув бўлди. Чунки аёлнинг шаъни, қадр-қиммати топталди, мана шу ҳолат жамоатчиликда ИИБ ходимига нисбатан норозиликни келтириб чиқарди».
«Шахсан ўзим ҳам босма нашрда, ҳам ижтимоий тармоқларда фаолият кўрсатганим учун муаммони ечиш ва бартараф этишда интернетнинг кучи кўпроқлиги гувоҳи бўламан. Бу бевосита мутасадди раҳбарларнинг газета ўқимаслигини ҳам кўрсатади. Ваҳоланки, босма нашрда чоп этилган танқидий мақола юзасидан ўша идора ёки ташкилотга хат жўнатилса-да, ойлаб жавоб бўлмайди ёки мутлақо эътибордан қолиб кетади. Интернетда эса кичик бир хабар ҳам мутасадди раҳбарларни бефарқ қолдирмайди», — деди «Бухоро ёшлари» газетаси бош муҳаррири Лайло Ҳайитова.
Семинар-тренинг баҳс-мунозараларга бой бўлди. Мажбурий обуна, туман газеталари, сериаллар борасидаги мушоҳадали фикрлар ўртага ташланди. Ушбу беш кунлик анжуман доирасида «Давлат дастурларининг амалга оширилишида жамоатчилик назоратини ўрнатиш: журналистлар ҳамда давлат ҳокимияти органларининг манфаатли ҳамкорлиги», «Босма нашрларнинг ижтимоий фаолллигини ошириш», «Ҳуқуқий мавзуларни ёритишда журналистларнинг билим ва кўникмаларини ошириш» каби мавзуларда семинар-тренинглар, божхона ва солиқ қўмиталари билан ҳамкорликда медиа-тур, таниқли журналистлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирга иштирок этиш учун вилоят ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда ҳудудий босма ОАВ таҳририятлари бош муҳаррирлари билан биргаликда блогерлар — жами 60 нафар иштирокчи йиғилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter