Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саида Мирзиёева: «Раҳбарлар ушбу муҳим масалага жиддий эътибор қаратмаяпти»

Саида Мирзиёева: «Раҳбарлар ушбу муҳим масалага жиддий эътибор қаратмаяпти»

Фото: «ЎзА»

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева матбуот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганини билдирган эди.  

Ушбу хабардан сўнг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тубдан такомиллаштириш ҳамда матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик, айниқса, журналистлар ўртасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир энди журналистлар учун, ниҳоят, давлат органларидан маълумотлар олиш осонлашиши мумкинлигини таъкидлаган бўлса, яна кимдир жиддий ўзгаришлар бўлишига ишончсизроқ қарашини билдирди.

Йиллар давомида ташкилотдаги мавқеи ҳаминқадар бўлиб келган ва эътиборсиз муносабатда бўлган матбуот хизматлари эса бу лойиҳани илиқ кутиб олгани аниқ. Чунки ушбу ҳужжат уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиши мумкин. Яъни унда матбуот хизматларини давлат органлари ва жамият ўртасидаги ҳақиқий ишончли кўприкка айлантириш, матбуот котиби мавқеини ошириш, хизматларнинг кадрлар салоҳияти ва моддий-техника таъминотини кучайтириш ва бошқа масалалар қамраб олинган.

Хўш, вазият ўзгарадими? Муаммолар чуқур ўрганилиб, ечимлар аниқ белгиланмоқдами? Соҳа вакилларининг шу каби саволларига муфассал жавоб талаб қилинаётганди.

Бугун, 28 май куни Тошкентдаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида бўлиб ўтаётган «ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида республика конференциясида Саида Мирзиёева юқорида тилга олинган мавзуни давом эттириб, жиддий ва салмоқли чиқиш қилди. Унинг маърузаси кўпгина саволларга ойдинлик киритди.

«Ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳада энг асосий муаммо — бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги концептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслигидир, — деди Саида Мирзиёева. — Ҳозирда ушбу ҳужжат тайёрланмоқда. Аммо уни амалга оширувчи ахборот хизматларининг фаолияти бугунги ислоҳотлар талабига жавоб берадими? Улар ишини янада фаоллаштириш ва такомиллаштириш учун нималар тўсиқ бўлмоқда? Бу саволлар долзарб бўлиб қолмоқда. Афсуски, уларнинг иш юритиш тартиби, ахборот тарқатиш усул ва механизмлари замон талабларига мутлақо мос эмас».

АОКА директори ўринбосари яна бир муҳим масалага эътиборни қаратди.

«Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларида ахборот хизматлари деярли фаолият олиб бормаяпти. Иш ҳажмларининг кўплиги ва қўшимча топшириқлар билан бандлиги сабабли ахборот хизматлари фаолияти қониқарсиз аҳволда қолиб кетмоқда. Бундан ташқари, ўндан ортиқ республика даражасидаги давлат ташкилотларида ҳамда 200 га яқин туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳалигача ахборот хизматлари фаолияти ташкил этилмаган. Умуман олганда, давлат ташкилотларида ахборот хизматларига етарлича штат бирликлари ажратилмагани сабабли ишлар ниҳоятда суст олиб борилмоқда, уларнинг мавқеи ҳануз пастлигича қолмоқда. Кўпгина давлат органларининг раҳбарлари ушбу муҳим масалага жиддий эътибор қаратмаяпти, ахборот хизматларининг моддий-техник базаси яратилмаган, штатлар малакали мутахассислар билан тўлдирилмаган», — деди Саида Мирзиёева.

Қайд этилишича, кўплаб давлат органларининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаалари, мессенжерлар орқали тезкор ахборот тарқатиш ишлари оқсамокда. Оқибатда давлат органларининг интернет тармоғидаги расмий манбаларидан фойдаланувчилар сони ниҳоятда камлигича қолмоқда.

Уларнинг веб-сайтларига кирувчиларнинг умумий сони 400 минг, «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги саҳифалари аъзолари 150 минг, «Телеграм»даги аъзолари 300 минг нафардан ошмайди. Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллиондан ортиқ эканини ҳисобга олинса, юқоридаги кўрсаткичлардан хулоса чиқариб олиш мумкин бўлади.

«Бу эса ўз навбатида, юртдошларимизнинг ўзини қизиқтирган ахборотларни хорижий манбалардан излашга ёки муаммоли мурожаатларини чет эл оммавий ахборот воситалари орқали чоп эттириб, давлат идоралари эътиборини жалб қилишига олиб келмоқда.

Қолаверса, Президент ёки Ҳукумат томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, долзарб ташаббуслар ва дастурларнинг асосий моҳияти ва тафсилотлари аҳолига тўлақонли етказиб берилмаяпти, хорижда ҳам таҳлилий жиҳатдан ёритилмаяпти.

Агар ҳар қайси давлат органлари раҳбарлари ўз иши самарадорлигини таъминламоқчи бўлса, албатта, биринчи навбатда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан фаол мулоқот қилиши талаб этилади. Бунинг учун ахборот хизматлари ишини тубдан такомиллаштириш лозим», — деди маърузачи ва бу борада амалга оширишили лозим бўлган кечиктириб бўлмас вазифаларни санади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг