Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент ташаббуси самараси. «Самарқанд катта меҳмонхонага айланди»

Президент ташаббуси самараси. «Самарқанд катта меҳмонхонага айланди»

Фото: «Gosamarkand.uz»

Наврўз байрами арафасида Самарқанд шаҳрига сафар уюштирган «Xabar.uz» сайти ижодий гуруҳи Президент ташаббусининг яққол самарасига гувоҳ бўлди.

Бу йилги байрам аввалгиларидан жуда фарқ қилади: унинг шукуҳи ўзгача, олдингиларидан улканроқ тантана қилинмоқда, ҳар бир инсон бу ўзгаришларни чин дилдан ҳис этмоқда. Аммо биз эътиборингизни бутунлай бошқа жиҳатга қаратмоқчимиз — бу йилги Наврўз байрами арафасида Президентимиз ташаббуси билан беш кунлик таътил кунлари белгиланди, йўлкираларга, меҳмонхоналарга чегирмалар жорий қилинди. Хўш, натижа қандай бўлди?

Ишонч билан айтиш мумкинки, натижа кутилганидан-да аъло! Тошкентдан Самарқандга етиб боргунимизга қадар сайёҳларни олиб кетаётган ҳашамдор автобусларнинг ўттиздан ортиғини санадик. Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси атрофлари халқ сайлини эслатади. Европа, АҚШ, Малайзия, Индонезия каби давлатлар қаторида қардош давлатлардан келган меҳмонлар ҳам очиқ осмон остидаги музейни кўзлари ёниб кезиб юрибдилар. Айниқса, тожикистонлик меҳмонларнинг кўплиги қувонарли.

— Биз иккинчи юртимизни кашф қилгандай бўлдик, — дейди хўжандлик Раҳимберди исмли меҳмон. — Шаҳар ўзига мафтун этади, тарихий обидалар сеҳрли эртак гўё, энг муҳими, самимий муносабатлардан кўнглингиз тоғдай кўтарилади. 

— Шаҳримиз гўё улкан меҳмонхонани эслатмоқда, — деб жилмаяди самарқандлик Фарҳоджон Баҳриев. — Сайёҳлар кўплигидан барча масканлар бир неча ойлик буюртма олиб қўйишган. Бу гапим муболаға туюлар, шаҳар аҳли ташриф буюрган ва меҳмонхоналардан жой топишга қийналаётган сайёҳларни ўз уйларига ҳеч қандай тўловларсиз, шунчаки меҳмондорчиликка ва тунашга таклиф этаётганига бир неча марта гувоҳ бўлдим. Тарихий обидалар ва бозорлардан ташқари музейлар, миллий тамаддихоналар ниҳоятда гавжум. Биз шунча имкониятларимиздан йиллар давомида нега фойдаланмай келганмиз, ҳайронман? Президентимиз бежизга жон куйдириб, туризмга алоҳида эътибор қаратмаган эканлар.

Наврўз байрамида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев сингари ҳурматли меҳмоннинг ҳам Самарқандга ташриф буюриши юксак меҳмон ва халқаро байрамни кутаётган шаҳарнинг кўркига янада кўрк қўшмоқда.

Регистонни кечаси томоша қилинг экан! Минг хил чироқлар оғушидаги тунги Регистонни сайр қилиш ҳамда қадимий майдонда намойиш этилаётган 3D ўлчамдаги замонавий томошаларни кўриш учун юзлаб самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари, шунингдек, кўплаб чет эллик сайёҳлар шу ерда жам бўлишган. Турли тилларда сўзлашаётган инсонлар хоҳ меҳмон бўлсин, хоҳ мезбон, бир-бирларига кулиб қараб, лутфу эҳсон кўрсатаётганларни, ҳамманинг юзида хурсандчилик, шукрона, дўстона самимийлик акс этиб турганини кўриб, беихтиёр Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз, хусусан, Самарқандда туризмни ривожлантиришда ҳали имкониятларимиз жуда катта ва беқиёслиги ҳақида сўзлаганларида қанчалар ҳақ эканликларига гувоҳ бўлдик.

— Samarkand is beautiful! — деди бир япон хотин Тиллакори мадрасасини имлаб кўрсатиб. – У жуда чиройли!

Самарқандга, албатта, келинг! Бағрига барчани сиғдира оладиган бу муаззам шаҳар ҳар бир сайёҳнинг қалбида унутилмас таассуротлар қолдира олади.

Аброр Зоҳидов

Самарқанддан «Xabar.uz» учун махсус.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг