Самарқандда UNWTO тематик офиси очилди
Жорий йилнинг 20 октябр куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасида UNWTO ҳамкорлигидаги Тематик офиснинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош котиби Зураб Пололикашвили, UNWTOга аъзо давлатлар вазирлари ва делегациялари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар иштирок этди.
«Ипак йўли марказида – Самарқандда UNWTO тематик офисининг очилиши Ўзбекистоннинг ташкилот мамлакатлари ўртасида меҳмондўстлик ва туризм индустриясини ривожлантириш анъаналарига содиқлигини таъкидлайди. Бу давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси очилишида эълон қилган бренд тарғиботига қўшган ҳиссаси учун «Ипак йўлидаги туризм» махсус халқаро мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусида алоҳида таъкидланган. Брендни тарғиб қилиш Тематик идора томонидан амалга оширилади», – деди А. Абдуҳакимов очилишда.
Тематик офис UNWTO ҳамкорлигида «Ипак йўли» халқаро бренди лойиҳалари, ташаббуслари ва тадқиқотларини бирлаштириш мақсадида ташкил этилган. У Ипак йўлида туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган туризм соҳасидаги ташкилотлар ва экспертлар фаолиятини келгусида баҳолаш ва тавсиялар бериш учун мувофиқлаштиришга мўлжалланган. Офис UNWTOнинг 1-тоифали Ташкилоти ҳисобланади, унинг бошқарув сиёсатига мос келади ва Ташкилотнинг иш ва бюджет дастурининг ажралмас қисми ҳисобланади. Офис биноси тарихий Самарқанд шаҳридаги «Бобур Мирзо» кўчасида жойлашган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда UNWTO ваколатхонаси очилиши мамлакатнинг Ипак йўли мамлакатлари орасида сайёҳлик бозорида етакчи ўринни эгаллаши ва соҳани инновацион ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни жалб этиши учун замин яратади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter