Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокурор Сардоба фалокати, Президент қатъияти, аҳоли бирдамлиги ва янги ташкил этилган штаб ҳақида гапирди

Бош прокурор Сардоба фалокати, Президент қатъияти, аҳоли бирдамлиги ва янги ташкил этилган штаб ҳақида гапирди

Тарих гувоҳки, инсоният ҳаёти фақат яхши кунлардангина иборат эмас.

Бинобарин, мамлакатимиз ва халқимиз ҳам ўз бошидан суронли ва таҳликали кунларни кўп ўтказган. Миллатимизнинг буюклиги ҳам шундаки, у доимо синовли кунлардан ёруғ юз билан ўтган. Ана шундай дамлардаги тобланиш халқимизга енгилмас матонат, сабр ва мислсиз куч-қудрат ато этган.

Ҳеч шубҳасиз, шу кунларда элимиз бошига тушган синовли кунлар, хусусан турли офатлар асоратларини ҳам давлат ва халқ ҳамжиҳатликда шараф билан енгиб ўтади.

Нафақат ўзбекистонликлар, балки дунё аҳли ҳам самимий эътироф этаётганидек, Сардобадаги фавқулодда ҳодиса жараёнида муҳтарам Президентимиз томонидан давлатнинг ўз халқига ғамхўрлигининг тарихда камдан-кам учрайдиган ёрқин намунаси кўрсатилди.

Дарҳақиқат, давлат раҳбарининг ўзи ҳодиса рўй берган соатлардаёқ бевосита жойига чиқиб, аввало, одамларнинг соғлиғи, ҳаёти ва тақдири ҳақида қайғуриши, бу борада кечиктириб бўлмас қарорлар қабул қилиши ноёб воқеликдир.

Президентимизнинг 2020 йил 1 май, яъни, Сардобадаги сув омборидан сув тошган пайтлардаёқ ушбу ҳудудга етиб бориб, шу куннинг ўзида фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни белгилаб беришдан ташқари то вазият назоратга тўлиқ олингунга қадар ҳудудни тарк этгани йўқ. Бу жараёнда жабрланганлар ҳолидан (улар жойлашган манзилларга бориб) хабар олишга вақт ва имкон топгани кимни тўлқинлантирмади, дейсиз?!

Бу нафақат давлат раҳбарига хос бетакрор ҳислат, балки инсонийликнинг олий намунасини ҳам эмасми?!

Ўз раҳнамосининг фидокорлиги, ғамхўрлиги ва саховатидан руҳланган ватандошларимиз офат олдида Сирдарё аҳли билан бирдамлигини намоён этмоқда.

Деярли ҳар соатда мамлакатимизнинг у ёки бу ҳудудидан беғараз ёрдам юклари Сирдарё сари йўл олмоқда.

Ҳатто айрим ҳудудларда тўпланган саховат юклари олдиндан тайёрлаб қўйилган автомобилларга сиғмаяпти ва қўшимча автокарвонлар жалб этилмоқда.

Биз бевосита гувоҳи бўлган бу жараёнлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаҳам кўплаб маълумотлар тарқатилмоқда.

Дарҳақиқат, биз Сардобада юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси аъзоси сифатида халқимизга хос бўлган бундай ҳамжиҳатлик, ўзгалар ҳақида қайғуриш, бировнинг мусибатини ўзиники каби қабул қилиш ва борини баҳам кўриш каби эзгу ҳислатлар намойишининг бевосита гувоҳи бўлмоқдамиз.

Сирдарёликларнинг дардига малҳам бўлаётган барча саховатпеша юртдошларимизга самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Бундай хайрли ишларга фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, барча давлат тузилмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар бирдек бел боғлаб, ҳисса қўшаётгани эса, жамиятдаги мустаҳкам бирдамликнинг амалий ифодасидир.

Шуни маълум қиламизки, улар жўнатаётган озиқ-овқат ва бошқа зарурий маҳсулотлар ўз вақтида, қатъий назорат остида эҳтиёжмандларга етказиб берилмоқда.

Хусусан, 4 май ҳолатига келиб тушган 162 тонна ун, 63 минг литр ўсимлик ёғи, 108 минг дона тухум, 58 тонна шакар, 212 тонна гуруч,43 тоннадан зиёд гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 40 бош қорамол ва 100 бош қўй, қарийб 330 тонна сабзавот, шунингдек 32,5 тоннадан зиёд бошқа маҳсулотлар, кийим-бош, кўрпа-тўшак, гигиена воситалари ва ҳар хил уй-рўзғор буюмлари манзилли тарзда аҳолига тарқатилмоқда.

Инсонпарварлик ёрдами доирасида зарур озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар келиши давом этмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, офатдан жабр кўрганлар қаерда вақтинчалик жойлашганидан қатъи назар – хонадонлар бўладими, мактаб ва коллежлар бинолари каби ижтимоий объектлар бўладими, уларнинг бирон-бир нарсага муҳтожлик сезишига йўл қўйилмайди. Ҳар бир инсоннинг давлат ва жамият кўрсатаётган эътибордан мутлақо четда қолмаслигини таъминлаш чоралари кўрилади.

Айни пайтда Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижросини сўзсиз ва самарали таъминлаш мақсадида Бош прокуратурада махсус штаб, фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳлар иш бошлади.

Штабнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда  кўмаклашиш;
  • эвакуация қилинган аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, ётоқ анжомлари, шунингдек, кунига уч маҳал иссиқ овқат билан узлуксиз   таъминлашни ташкил этиш;
  • фавқулодда ҳодиса рўй берган ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда тегишли мол-мулклар муҳофаза қилинишини назоратга олиш;
  • жабрланган фуқароларнинг мурожаатлари тезкорлик билан кўриб чиқилиши ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг ҳал этилишини таъминлаш;
  • аҳоли орасида ёлғон, нотўғри маълумот ва хабарлар ҳамда саросима тарқалишининг олдини олиш.

Ишчи гуруҳлар эса тегишинча ижтимоий-иқтисодий ҳамда қишлоқ хўжалигида вужудга келган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашади.

Бир сўз билан айтганда, прокуратура органлари офатдан зарар кўрганларнинг ҳар қандай муаммосини тезкорлик билан ҳал этиш, уларга зарур озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларнинг ўз вақтида, тўлиқ етказилишини қатъий назоратга олган.

Ниғматилла Йўлдошев, 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори,
Ҳукумат комиссияси аъзоси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг