Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Савол борми? Бемалол

Савол борми? Бемалол

Фото: «Pharmedu.ru»

Савол: Навоий шаҳрида яшайман. Россияда таҳсил олганман, маълумотим олий. Дипломимни нострификация қилиш учун давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилиш кераклигини биламан. Аммо, бу хизмат фақат Зарафшон ДХМда амалга оширилар экан. Қандай ҳужжатлар керак. Қанча вақт мобайнида мурожаатимга жавоб оламан?

Элмира Ғаниева

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3662-сонли қарорига асосан 2018 йилнинг 1 июнидан республиканинг 14 та туман (шаҳар)ларида, яъни Навоий вилояти бўйича Зарафшон шаҳрида тажриба тариқасида 70-100 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиши белгиланган. Тажриба тариқасида кўрсатилаётган давлат хизматлари орасида «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)» хизмат тури ҳам мавжуд. Сизга марказ орқали ушбу хизматдан фойдаланиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади. 

  • хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловаси нусхаси ҳамда уларнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган тўлиқ таржимаси.
  • аризани кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш хақининг 2 баробари миқдорида йиғим.

Талабгорнинг анкетаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, 20 дақиқа ичида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юборилади. Давлат инспекцияси анкета тушган кундан бошлаб, 15 кун ичида эксперт хулосасини расмийлаштиради ва юборади.

Алишер Ишанқулов,
Зарафшон шаҳар давлат хизматлари маркази директори

***

Савол: ЯТТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қанча вақт кетади? Дейлик 10-одам бўлиб навбатда турибман. Якка тадбиркорга меҳнат дафтарчаси, жамғарилиб бориладиган пенсия дафтарчаси очиладими?

Абдунаби Раҳимов

Жавоб: ЯТТни Давлат рўйхатидан ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан Давлат рўйхатдан ўтказиш 30 дақиқа, яъни ярим соат қилиб белгилаб қўйилган. Лекин бугунги кундаги имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ЯТТни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини 15-20 дақиқага қолмасдан бажариш имкониятига эгамиз. Энг яхши таклифимиз эса, мабодо, вақтингиз тиғиз бўлса, марказда йўлга қўйилган навбатсиз кўрсатиладиган хизматдан фойдаланишингиз мумкин. Фақат бу хизмат пуллик. Навбатсиз давлат хизматлари кўрсатилиши энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи (60819 сўм) миқдорида белгиланган. Тўловдан сўнг сизга алоҳида ходим навбатсиз хизмат кўрсатади. Агар пуллик хизматдан фойдаланиш имконияти бўлмаса, дейлик, ўнинчи бўлиб навбатда турган бўлсангиз, тахминан 1 соатлардан сал кўпроқ вақтда навбатингиз келади.

Абдухолис Расулов,
Нурота туман давлат хизматлари маркази мутахассиси

***

Савол: Навбаҳор туманида яшайман. Навоий шаҳрида таксичилик қиламан. Фарзандимни Навоий шаҳридаги боғчаларга жойлаштириш учун навбатга қўйдим. Бунга ҳам 9 ой бўлиб қолди. Аммо ҳали бери навбати келмаяпти. Билишимча, рўйхат навбати жуда узун. Туманда-ку боғча кам, тушунса бўлади. Энди шаҳарда ҳам шу аҳвол бўлса, бу муаммога ечим борми?

Қурбонали Наврўзов

Жавоб: Навоий шаҳрида жами 34 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, ҳар бири ўртача 250 ўринга мўлжалланган. Таҳлилларимиз натижасида маълум бўлдики, мазкур мурожаатлар Навоий шаҳар аҳолисидан ташқари 30 фоизи туманлар ва қўшни вилоятларга тўғри келади. Боиси, кўп ота-оналар Навоий шаҳрида ишлайди. Жумладан сиз ҳам. Жорий йилнинг 27 март санаси билан Навоий шаҳар ДХМга 9294 та мурожаат бўлган. Навоий шаҳрида эса МТМларда тахминан 8300 дан ортиқ болаларни боғчага қабул қилиш имконияти бор.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги 244-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентнинг 18-бандига мувофиқ имтиёзга эга бўлган мурожаатчиларнинг фарзандлари биринчи навбатда жойлаштирилади.

Собир Камолов,
Навоий шаҳар давлат хизматлари маркази бош мутахассиси

***

Савол: Навоий шаҳридаги буюм бозорида савдо қиламан. Якка тадбиркор сифатида бундан 7 ой муқаддам рўйхатдан ўтганман. Аммо, ҳужжатимда фаолиятимни ноозиқ-овқат савдо тури билан шуғулланиш учун деб кўрсатилган. Менга ДХМ ходимлари қайтадан рўйхатдан ўтишни маслаҳат беришмоқда. Озиқ ва ноозиқ овқат турлари учун деб олинг дейишаяпти. Нега?

Ғолиб Умрзоқов

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» ги 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарорига киритилган ўзгаришларга кўра, ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш фаолият тури бекор қилинган. Шу боисдан, Сизга ДХМ ходимлари тўғри маслаҳат беришган. Йўқса, фаолиятингиз ноқонуний бўлиб, гувоҳномасиз фаолият юритган ҳисобланасиз.

Анвар Сафаров,
Навоий шаҳар давлат хизматлари маркази директори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг