Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сеҳр-жодунинг яратилишидаги ҳикмат нелигини биласизми?

Сеҳр-жодунинг яратилишидаги ҳикмат нелигини биласизми?

«Устаси фаранглар» фильмидан лавҳа

Фото: «Kinokadr.ru»

— Сеҳр-жоду борлигига, сеҳр қилиш тақиқланганига иқрормиз. Бироқ одамлар орасида бу иш билан шуғулланувчилар учраб туриши ҳам бор гап. Ҳазрат, аввало, бу каби ишлардан Яратганнинг ўзи асрашини сўраймиз. Агар кимгадир сеҳр-жоду туфайли зиён-заҳмат етса, муолажаси қандай бўлади?

– Қуръони каримнинг гувоҳлик беришича, сеҳр-жоду инсониятга Сулаймон алайҳиссалом даврларидан бери маълум. Савол туғилиши мумкин: хўш, сеҳр зарарли нарса экан, у нега одамларга ўргатилди? Биз ишонамизки, Аллоҳнинг ҳеч бир иши ҳикматдан холи эмас. Жумладан, сеҳрнинг яратилиши ва айрим бандаларига ўргатилишидан ҳикмат — синовдир.

Cеҳрни икки фаришта (Ҳорут ва Морут) орқали Сулаймон қавмига таълим берар экан, Аллоҳ бу илмни: «Эр-хотинни ажратишга, қариндош-уруғ, дўст-биродарлар орасига нифоқ солишга, умуман, одамлар орасини бузишга ишлатманглар», дея огоҳлантиради.

Афсуски, одамлар Яратганнинг сўзига парво қилмадилар. Улар сеҳрни ўрганишгач, одамлар орасини бузишга, эр-хотин ўртасига нифоқ солишга ўтдилар ва гуноҳкор бўлдилар.

Сеҳр-жоду қилиш Сулаймон алайҳиссалом даврларидан пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларигача давом этиб келди ва унинг таърифи, сеҳр қилувчиларнинг оқибатда қандай азобга дучор бўлишлари бандаларига Қуръон орқали билдирилди. «Сеҳргар эса, қаерда бўлмасин, зафар топмагай!» (Тоҳо сураси, 69-оят).

Расулуллоҳ алайҳиссалом сеҳр ҳақида қаттиқ гапларни айтганлар. Ҳатто энг оғир, кечирилмайдиган гуноҳ ширк (Аллоҳнинг шериклари бор деб ҳисоблаш) ва куфр (У зотни инкор этиш)дир. Оғирлиги жиҳатидан ундан кейинги ўринда турадиган гуноҳ бу — ота-онага оқ бўлиш.

Учинчи улкан гуноҳ нима? Сеҳр-жоду! У билан шуғулланиш ҳам, ўз манфаати йўлида ундан фойдаланиш ҳам ниҳоятда катта гуноҳ саналади.

Албатта, сеҳр билан ҳамма ҳам шуғулланолмайди. Бинобарин, бугун халқимиз, айниқса, аёлларимиз орасида учраб турадиган: «Фалончига овсини ёки қўшниси жоду қилибди, фалон фолчи ёки ромчига бориб, томоғидан ўша жодуни олдирган эмиш» ёхуд «Писмадончининг иши юришмаётган экан, фолчига борса, унинг йўлини фалончи душмани «боғлаб» турганини айтибди», қабилидаги гапларнинг бари ёлғон.

Ёки минг ачинарли бўлмасин, баъзи юртдошларимиз турмушга чиқолмай турган қизларининг «бахтини кимлардир «боғлаб» – тўсиб тургани»га чиппа-чин ишонишади. Қизларининг бахтини Аллоҳдан сўраш ўрнига, ҳалиги фолчи-ромчиларга, «қайтарма қилиб қўювчи»ларга югуришади. Боя айтганимиздек, сеҳр бор нарса, йўқ эмас, бироқ у билан ҳар ким ҳам шуғулланолмайди. Биринчидан, сеҳр иброний тилда қилинади, бу тилда сўзлашадиган кишилар ҳеч қачон «сизнинг қўшнингизга ёки овсинингизга, борингки, сиз гумон қилаётган «душман»ингизга «сеҳр-жоду илми»ни ўргатмайди.

Шу боис турли шубҳа-гумонларга бормасдан, унинг ўрнига қалбингизни пок тутишга, эзгу, хайрли амаллар қилишга шошилинг. Иш юришмаса, «бахт очилмай турган бўлса», уларга қарши шариатда махсус чора-тадбирлар жуда кўп. Ҳожат раво бўлмай турган бўлса, ҳожат намозини ўқиш, иш юришмайроқ турган бўлса, хайр-эҳсонни кўпайтириш, муҳтожлар кўнглини олиш мумкин. Пулингизни фирибгар фолчи-ромчиларга эмас, эҳтиёжманд инсонларга берсангиз, ҳам савоб оласиз, ҳам ишингизни Аллоҳ ўнглайди. Фақат ҳар бир ишни холис ният билан қилишни унутманг.


Саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур жавоб берди.

«Маънавий ҳаёт» журналидан олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг