Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенат томонидан турли йўналишларда 50 дан ортиқ сенатор сўровлари юборилган

Сенат томонидан турли йўналишларда 50 дан ортиқ сенатор сўровлари юборилган

Фото: Олий Мажлис Сенати

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунларига ва келгусидаги устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, биринчи ярим йилликда Қўмита томонидан «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги ва «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунлар Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрланди. Мазкур қонунлар Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг экстремизмдан хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар тинчлигини, миллатлар ва динлараро тотувликни сақлашга қаратилган.

Қўмитанинг иш режасига мувофиқ «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга оид қисми ижроси ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати ўрганиб чиқилди. Ўрганиш якунлари бўйича сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юборилди.

Қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига кенг тушунтириш, фуқароларни давлат дастурларини ижро этиш доирасида олиб борилаётган тадбирлардан телевидение, радио ва даврий матбуот оқрали хабардор қилиш мақсадида сенаторларнинг 860 дан ортиқ чиқиши уюштирилди, Сенатда ва жойларда 7224 нафар фуқаро қабул қилинди.

Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида Қўмита аъзолари сайловчилар билан 238 та учрашув ўтказдилар.

Қўмитага юридик ва жисмоний шахслардан 4030 та мурожаат келиб тушди ҳамда аниқланган масалаларни ҳал этиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 50 дан ортиқ сенатор сўрови юборилди. Масалан, Тошкент метрополитенида фото- ва видеотасвирга тушириш масаласига аниқлик киритилмаган эди. «Ўзбектуризм» вакиллари оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида метрода фото- ва видеотасвирга олиш мумкинлигини билдирган бўлсалар, фуқаролар ва журналистлар бунга эътироз билдириб, ўз норозилиги ва танқидини яширмадилар. Шу муносабат билан Қўмита томонидан жорий йилнинг 28 май куни «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонасига бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида сенатор сўрови юборилди. Натижада Тошкент метрополитени раҳбарияти Метрополитендан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш киритилиши ва метрода фото- ва видеотасвирга олишга расман рухсат берилиши ҳақида буйруқ чиқарди.

Ёки бошқа мисол. Ишга жойлашишда ёки ўқув юртига киришда, пенсия тайинлашда, паспорт беришда ва бошқа вазиятларда давлат органлари фуқаролардан ҳарбий гувоҳнома ёки чақирув участкасида қайд этилганлик тўғрисидаги гувоҳномадан ташқари ҳарбий мажбуриятга тааллуқли бошқа ҳужжатларни талаб қилиши билан боғлиқ ҳуқуқни қўллаш амалиёти Қўмита томонидан ўрганилди.

Қўмита томонидан ушбу масалани ўрганиш натижасида бу борада бир қатор муаммолар борлиги, жумладан қонун ҳужжатларида тафовутлар мавжудлиги ва меъёрий ҳужжат нормалари турлича талқин қилиниши, фуқаролардан қонунчиликда назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотномалар талаб қилиниши аниқланди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда, кўп сонли сансаларлик тўсиқлар пайдо бўлишига, беҳуда вақт сарфланишига, щз мансаьини суиистеъмол қилишга ва турли йўллар билан қонун бузилишига шароит яратмоқда.

Шу туфайли Қўмита ҳарбий гувоҳнома ёки чақирув гувоҳномаси мавжуд бўлса, фуқаролардан ҳарбий хизматга тааллуқли бошқа ҳужжат ва маълумотларни тақдим этиш талабини бекор қилиш ҳамда бундай хизматни Давлат хизматлари агентлиги томонидан кўрсатиш масаласи юзасидан Вазирлар Маҳкамасига сенатор сўрови юборди. Вазирлар Маҳкамаси Қўмитанинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлади ва 2019 йил 1 январдан эътиборан бу маълумотлар Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдим этилишини режалаштирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг